ЎзА Ўзбек

29.08.2018 15:50 Чоп этиш версияси

Бардавом ислоҳотлар маданият ва санъат ривожини янги босқичга кўтаради

Бардавом ислоҳотлар маданият ва санъат ривожини янги босқичга кўтаради
Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш, миллий маданий ва маънавий меросни сақлаш ҳамда кўпайтириш, халқимизни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналари билан таништириш, халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Аммо соҳадаги камчиликлар янада чуқур ислоҳотларни талаб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришни таъминлаш, муассасаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, аҳолининг уларга бўлган қизиқишини рағбатлантириш, мамлакатимизнинг жаҳон маданий маконига интеграциялашувини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қарорда белгиланишича эндиликда синов тариқасида музейлар бюджетининг камида 30 фоизини тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштириш тизими амалга оширилади. Бунда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали, шунингдек, музейлар бюджетининг камида 15 фоизини хайрия маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи ўзини ўзи таъминлаш принципига асосланган музейларни молиялаштириш модели ҳаётга татбиқ этилади.

Музейлар инфратузилмасини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш орқали кўрсатиладиган хизматларнинг интерактивлигини ошириш, шу жумладан, “smart” технологияларни, яъни ахборот дўкончалари, 3-D визуализация ва голограмма, QR-кодлар, чет тилларидаги электрон гидлар каби янгиликлар соҳа фаолияти жонланишига хизмат қилади.

Музей экспонатларининг рақамли шаклларини яратиш орқали музей экспонатларини кўриш имконини берадиган инфратузилмани яратиш борасида қилинадиган ишлар, аҳоли, энг аввало, ёш авлод учун мўлжалланган бўлади.

2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш мақсадида “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бунда маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш, ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, кўрсатиладиган хизматларнинг сифат даражасини ошириш, ходимлар малакасини ошириш каби вазифалар белгиланган.

Қарордаги маданият ва санъат муассасаларида блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда Чипта операцияларининг ягона электрон тизимини (ЧОЯЭТ) жорий этиш ва унинг ишлаш тартибини белгилаш борасидаги таклиф кўпчилик эътиборини тортди. ЧОЯЭТга уланган республика маданият ва санъат муассасалари томонидан чипталарни сотиш, ҳисобга олиш ва тасдиқлаш автоматик тизимларидан мажбурий фойдаланиш тизими йўлга қўйилади. Бу чиптадан тушган маблағларни мақсадли йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, электрон чипталарни чипта аппаратлари ва автоном босма ускуналардан фойдаланиб, электрон чипталарни, шу жумладан, чипта тарқатувчи юридик шахслар томонидан воситачилик шартномалари асосида эркин муомалага чиқариш ва реализация қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланади.

Аслида истиқлол йилларида маданият ва санъат ривожи учун амалий саъй-ҳаракатлар бўлган. Аммо мазкур қарор бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаради.

Нодир Ниёзов,
Навоий вилояти
Маданият бошқармаси бошлиғи

ЎзА
2 791