ЎзА Ўзбек

10.08.2018 18:59 Чоп этиш версияси

Барчаси ўқувчилар учун

Барчаси ўқувчилар учун Наманган вилоятида мактаб ярмаркалари иш бошлади.

Жорий ўқув йилида вилоят бўйича 682 умумтаълим мактабида 426 мингдан зиёд ўқувчи таълим олади. Уларнинг 50 минг 200 нафарга яқини биринчи марта мактаб остонасига қадам қўяди. Уларни ўқув қуроллари билан тўлиқ таъминлаш мақсадида вилоятда 80 га яқин мактаб ярмаркаси ташкил қилинди.

Маъмурий марказлар, аҳоли гавжум ҳудудлар, йирик савдо мажмуалари ва дўконлардан ташқари бевосита мактабларнинг ўзида ҳам ярмаркалар фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, шаҳар ва туманлардаги 47 умумтаълим мактабида иш бошлаган мактаб ярмаркалари масофа ва қулайлиги билан ота-оналарга манзур бўлмоқда. Таълим муассасалари қошида ташкил этилган ярмаркалардан 206 мингдан зиёд ўқувчи фойдаланиши кўзда тутилган бўлиб, 26 турдаги зарур ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотилмоқда.

7 (2).jpg

Маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан тузилган ишчи гуруҳлар мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмалари, “Ўздавкитобсавдотаъминоти” сингари корхона- ташкилотлар орқали етказиб берилишини таъминлаш, уларни ёнғиндан сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда бошқа зарурий хавфсизлик чоралари бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Мактаб ярмаркаларида сотиладиган маҳсулотлар нархининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларда тўлов терминаллари узлуксиз ишлашини таъминлаш маҳаллий ҳокимликлар ва солиқ идоралари томонидан назоратга олинди.

8 (2).jpg

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
7 028