ЎзА Ўзбек

31.08.2018 18:07 Чоп этиш версияси

Барчамиз учун виждон иши

Барчамиз учун виждон иши Юнусҳожи Мақсудийнинг “Фан” нашриётида чоп этилган “Улуғлар даврасида” номли китобида Абдулла Алавий, Элбек, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Усмон Носир, Ғози Юнус каби беназир ижодкор, олим-уламолар ҳақидаги хотираларни ўқиганда дилдан кечган туйғуларнинг нурли титроғи қалбдан кетмайди.

“1929 йил баҳор кунларининг бирида одатдагидай дўконларига тушсам, бошида Олимхон аканинг қўлидан чиққан кўк духоба дўппи, эгнида қора беқасамдан тикилган реза чопонли бир киши бор экан. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин Олимхон ака менга: “Бу акангни танийсанми?” деди. Мен: “Ўзларини биринчи кўришим, аммо асарлари, суратлари орқали яхши танийман”, дедим. Шунда Олимхон ака Қодирийга қарата: “Бу йигит адабиётга муккасидан кетган, сенинг ёзганларингга жуда ихлосманд”, деб қўшиб қўйдилар” – бу воқеа ёш Юнусни улуғлар даврасига олиб кирган бахтли тасодиф эди".

Шоир Чўлпон, уламо Нодирхон махсум, Олимхон ака даврасидаги яна бир суҳбат баёнида шундай сатрлар бор: “Олим ака: “Жулқун шеъриятга қаттиқ берилган-у, лекин шоир бўлолмай қолган”, деган эди, Чўлпон: “Яхшиям шоир бўлмаган, шоир бўлганда, бизга нон йўқ эди”, деб ҳазиллашди ва Қодирийнинг улуғ санъаткор эканини таърифлаб, шоир-адибларнинг ижоди асосан 40-60 ёшларида камолга етади, бас, шундай экан, яқин йилларда Қодирий тенги йўқ адиб сифатида шуҳрат қозонишига, номи жаҳонга ёйилишига имоним комил, деб илова қилди”.

“...Чўлпон 1934 йили “Ҳамлет”нинг таржимасини ва “Кеча ва кундуз” романининг биринчи қисмини тугатган эди. Бир куни у роман муқаддимасини ўқиб берди. Мен завқланиб "Қодирийча тасвир бўлибди-ку", деган эдим, "Менимча, иккинчи марта Қодирийдақаси дунёга келиши қийин", деди.

“...Мен учиб бордим. Чўлпон қучоқлашиб кўришди ва қўлимни қўйиб юбормай, бир шеър ўқиди-да: “Қалай, ёқдими?” – деб сўради. “Жуда яхши ёзилган. Бироқ услубингизни ўзгартирибсизми?” – дедим. “Дидингга қойилман. Топдинг. Ўтир, деб мени тўрга ўтқазди-да, гап бошлади. – Театр биносида Усмон Носир деган ёш шоир билан кўришдим, унинг тўпламидаги шеърларини ўқиб, ҳангу манг бўлиб қолдим. Мана, ҳақиқий шоир дунёга келибди, деб уни олқишладим, табрикладим. Сенга ўқиб берган шеър ўшаники эди...”

Улар ҳар бир сўзи, амали ҳамиша ибратга лойиқ бўлган, қалбан озод, фикрлари ҳур, ватанни ва халқни севгувчи шахслар эди. Адолатсизлик уларнинг тақдирига, шу орқали миллат маънавияти, маданияти, адабиёти, илму маърифати тараққиётига болта урди.

Истиқлол бизга иқтидоримиз, куч-қувватимизни жонажон Ўзбекистонимиз ва азиз халқимиз манфаати йўлида сарф этиб, бахтиёр яшамоқ йўлларини кенг очди.

Тўқсонни қоралаётган тошкентлик Анвар ака Алоуддинов юртимизда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани, шу ишлар баробарида аждодларимиздан қолган ноёб китобларни жамлаш, уларни чуқур ўрганиб ҳаётга татбиқ этиш, авлодларга энг бебаҳо мерос сифатида қолдириш мақсадида амалга оширилаётган тадбирлардан қувониб, тўлқинланиб ёшлик йилларини эслади.

– 1944 йил, ўсмир эдим. Отамнинг акаси Нодирхон амаким чақириб: “Ҳозир бир жойга бориб келамиз”, деди. Жуда шошаётгани кўриниб турарди. Иккаламиз Эшон бувахон акамнинг (ўша пайтда Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати бошқармасининг биринчи раиси, муфтийси) уйига бордик. Эшон бувахон акам: “Мен Москвага бордим, Сталиннинг олдига кириб, Ўрта Осиёда диний назоратни ташкил этишга рухсат олдим”, деди. Жуда хурсанд бўлишди, узоқ дуолар қилинди. Кейин мезбон: “Энди одамлар беркитиб қўйган, ҳар қаерларда сочилиб ётган китобларни йиғсак бўлади. Бу ишга бошчилик қилишга сиздан бошқа одамни муносиб кўрмадим”, деди. Рўпарадаги оппоқ деворни кўрсатиб, мендан уни бузишни сўради. Ҳайрон бўлганча деворни бузиш ҳаракатига тушдим. Сал ўтмай маълум бўлдики, илгари ошхонанинг бир томони бўлган бу девор токчаларига китоблар тахланиб, суваб ташланган экан. Араб ёзувидаги катта-катта китоблар чиқди. Амаким билан Эшон бувам бу китобларни авайлаб олиб, артиб-тозалаб, кўзларидан ёш билан узоқ варақлашгани, ўқишгани ҳали кўз олдимдан кетмайди. Амаким Нодирхон кутубхонани ташкил этишга бош бўлди.

Яна бир воқеа ёдимдан чиқмайди. Республика темир йўллар бошқармасининг конструкторлик бўлимида ишлардим. Собиқ иттифоқдош республикаларнинг Темир йўллар вазирликлари ходимлари иштирокида конференция ўтказилди. Меҳмонлар Самарқанд, Бухорога борадиган бўлди. Москва компрессор заводининг директори “Мен Тошкентни томоша қиламан”, деб пойтахтда қолди. Унга ҳамроҳ бўлдим ва илтимосига кўра Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати кутубхонасига кирдик. Меҳмон тарихий нодир китобларни шошилмай кўрди, катта қўлёзма Қуръон китоби олдида айниқса узоқ туриб қолди. Кейин мени чеккароққа олиб бориб: “Сўраб кўргин-чи, шу китобни оғирлиги миқдоридаги олтинга алмаштиришармикин?” деб сўради. Тўғриси, ёшлигимданми ёки илмий салоҳиятим етишмаганиданми, менинг назаримда, меҳмон китоб учун жуда кўп, арзийдиган бойлик таклиф қилаётгандай эди. Аммо амаким бу гапга хотиржам, жиддий туриб шундай рад жавобини бердиларки, москвалик меҳмон ўша заҳоти узр сўраб кутубхонадан чиқиб кетди.

Истиқлол бизга минг йиллар силсиласида сайқалланиб башарият қалб гавҳарига айланган маънавий меросимизни асл ҳолича тиклаш, унинг дунё бўйлаб сочилиб ётган дурдоналарини яна ўзимизга қайтариш ва улар авлодлар қалбида юксак имон-эътиқод тоғларини тиклаши учун, гўзал ва инжа ҳунармандлигимизга янги ҳаёт бахш этиб, ҳаётимизни янада мазмунли, фаровон этиши учун имконияту шароитларни кафолатлади.

...Фарғонанинг Ёзёвонидан Иккинчи жаҳон урушига кетган Абдасхон Алигавҳаровнинг ҳалок бўлгани ҳақида учинчи марта “қора хат” келганда ҳам аза очмаган хотини остонада шарпадек бўлиб турган эрини кўрганда арвоҳми, деб ўйлаб “дод” демоқчи бўлди-ю, ташқаридагиларнинг “Абдасхон келди, Абдасхон!” деган овозларидан ўзига келди... Уч кун ўтиб Абдасхон урушга кетишдан олдин уй бурчагига қўйиб кетган уч халта қовун уруғини олиб: “Менинг ҳамма дардимга меҳнат даво бўлади”, деб чўлга чиқиб кетди. Чунки “Бу ерларга фақат пахта экилади”, деб раҳбарлар унга суғориладиган майдонлардан бир қарич ҳам берилмаслигини айтганди. Абдасхон хотини билан қумлоққа қовун уруғларини қадаб, челаклаб сув ташиб суғорди. Аллоҳ меҳнатини сийлади – қовунлари асал бўлиб пишди. Йилдан йилга чўл бағридаги меҳнату машаққат, халқига муҳаббат эвазига қовунполизлар кенгайиб борди. Абдасхон Алигавҳаров навларини тиклаган, етиштирган қовунлар машҳур бўлиб кетди. 1981 йили “Союз-7” космик кемасида фазода парвоз қилаётган космонавтлар: “Космосга олиб чиққан озиқ-овқатларимиз орасида ўзбекистонлик Алигавҳаровнинг қовунлари ҳам бор эди. Шифокорлар бизга жуда кам ейишни тайинлаган бўлса ҳам, биз бу асалдек қовунларни кўп еб қўйдик”, – деган эди Ердагилар билан мулоқот пайтида.

Ҳиммати, ҳамияти, ғайрат-шижоати юксак бундай инсонлар ватанимизнинг барча ҳудудларида, барча соҳада, барча замонларда камтарлик, камсуқумлик, фидойилик билан меҳнат қилиб келаяпти. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз катта қурилиш майдонига айланди. Одамлар ер эгаси бўлиб, орзусидаги уй-жойларни қуриб чарчамайди, шаҳару қишлоқлар қиёфаси гўзаллашмоқда. Ҳаётимизнинг ҳамма соҳасини ривожлантириш, дастурхонимиз тўкин, эл турмуши тўкин, фаровон, қулай бўлишига ҳисса қўшишга бел боғлаган илмли, иқтидорли тадбиркорлар меҳнатисиз тараққиётни тасаввур этолмаймиз.

...Онам умрининг сўнгги кунларида бобом Қозоқвойҳожининг Ғарибий тахаллуси билан битган ғазалларидан тузилган девонни кўп эслади. Мен бу мўъжаз китобчани онамга олиб келдим-да:

– Она, бобомнинг китоби ёнингизда турсин, – деб ёстиғининг остига қўймоқчи бўлдим.

Шунда беҳол ётган онам:

– Йў-ўқ, – дея жонсарак қўзғалди. – Дадамнинг китобини менинг бошимдан пастга қўйма, – деди.

Ҳа, қалбан бой, саховатли, мурувватли, оқибатли, аждодларнинг инсонпарвар анъаналарига садоқатли, Ўзбек, деган номга муносиб инсонлар ёнимизда, тақдирларимиз туташ. Бунинг учун Аллоҳга шукрона айтамиз.

Шу кунларда қалбимиздан ажиб ҳислар кечади – улуғ аждодларимиз ҳаёти давомида қалби ўртаниб орзу қилган, умрини тиккан озод Ватанда яшамоқ бизга насиб этган экан, бу улуғ неъматни авайлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз ривожи, тараққиётимиз барқарорлиги учун ҳисса қўшиш бизнинг виждон ишимиз.

Муҳтарама Улуғова,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими.

ЎзА
3 216