Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 13:57 Чоп этиш версияси

Барча тармоқлар ҳолати депутатлар эътиборида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Тошкент вилояти Тошкент туманида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини яхшилаш юзасидан амалга оширилган ишлар ўрганилди.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ишчи гуруҳ 10 кун давомида 1 минг 154 хонадонда яшовчи 3 минг 378 фуқаро билан мулоқот ўтказди. Мутахассислар томонидан 53 та ижтимоий соҳа объекти, 35 та маҳалла фуқаролар йиғинининг фаолияти ўрганилди.

Мулоқотларда фуқаролар 418 муаммо, талаб ва таклиф билан мурожаат қилди. Уларда кўтарилган уй-жой ва коммунал соҳа, бандликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик, транспорт ва йўл қурилиши, экология ва атроф муҳитга доир 84 масала жойида ҳал этилди. Бироқ кўтарилган масалаларнинг айримлари секторлар “Йўл харитаси”га киритилган бўлишига қарамай, бажарилмаган. Маҳалла фуқаролар йиғинлари билан узвий алоқа ўрнатилмаган.

Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда мавжуд муаммоларни бартараф этишга амалий кўмак бериш мақсадида ўтказилган ўрганиш якунлари халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди.

Туман мева-сабзавотчилик йўналишига ихтисослашган бўлса-да, ҳали-ҳамон бу йўналишда саноат зоналари ташкил этилмаган. Аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликка кенг йўл очиш, туман иқтисодиётини, айниқса, саноат тармоғини юксалтириш мақсадида “саноат масканлари” ташкил этиш йўл харитасига киритилди. Саноат масканларига “Ғишткўприк агро” ва “Тоштўлабий” агрофирмалари ҳудудидан 73,12 гектар ер майдони ажратиш бўйича таклиф тайёрланди.

Ҳудуддаги тижорат банклари томнидан 2017 йил ва жорий йилнинг январь-март ойларида аҳолига 22,6 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган, бунинг натижасида 398 иш ўрни яратилган. Кредитлар аёллар тадбиркорлиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, озиқ-овқат истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ва шу каби йўналишларга берилган.

Туманда фаолият юритаётган 1 минг 183 фермер хўжалиги 2 минг 839 гектар ерда ғаллачилик, сабзавотчилик, 1 минг 327 гектар майдонда боғдорчилик, 720 гектар ерда узумчилик билан шуғулланади. Жорий йил туманда такрорий экин сифатида 506 гектар майдонга картошка экиш режалаштирилган.

Сессияда мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил этилиб, уларни келтириб чиқарган сабаблар ва бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда депутатлар назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев иштирок этди.

Абдулазиз Мусаев,ЎзА
6 764