ЎзА Ўзбек

15.02.2020 Чоп этиш версияси

Барча ислоҳотлар ёшлар ва уларнинг келажаги учун.....

Барча ислоҳотлар ёшлар ва уларнинг келажаги учун.....

Бухоро вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “Кексалари – эъзозда, фидойилари – иззатда, ёшлари эътиборда бўлган юрт!” шиори остида акция ташкил қилди.

Ушбу лойиҳа доирасида вилоятнинг иқтидорли, ташаббускор ёшлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари вакилларидан иборат гуруҳ икки кун давомида воҳанинг туман ва шаҳарлари бўйлаб сафар қилди.

Президентимиз Фармони асосида 2017 йил январь ойида ташкил этилган “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасида салоҳиятли инвесторлар томонидан кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

3.JPG

Улар орасида “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” МЧЖнинг ип йигирув корхонаси алоҳида ўрин эгаллайди. Вилоят ёшлари вакиллари мазкур тадбиркорлик субъекти фаолияти билан танишди.

– Бизда қайта ишлаш учун зарур бўлган пахта толасини харид қилишга эҳтиёж йўқ. Чунки, “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” МЧЖга қарашли Олот туманидаги агрокластер билан ҳамкорлик қилаётган фермер хўжаликларида етиштирилаётган пахта ўз заводимизда толага айлантирилиб, корхонамизга етказиб берилмоқда. Ҳозирда йигирув, ип-калава, бўз тайёрлаш, матога гул босиш ва бўяш цехларимизда 350 дан ортиқ ишчи меҳнат қиляпти, – дейди корхона раҳбари Нодир Умаров .

Шунингдек, Шофиркон туманида бўлган акция қатнашчилари эътиборини муҳим бир лойиҳа тортди.

8.JPG

Гап туман марказидаги “Зиё” ёшлар маркази ҳақида. У узоқ даврдан буён қаровсизликдан таъмирталаб ҳолга келиб қолган икки қаватли кинотеатр биносини мукаммал таъмирлаш ҳисобига ташкил этилди. Бунда ёш тадбиркор Камолиддин Қаюмовнинг хизмати катта.

– Лойиҳани амалга оширишимда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси мени қўллаб-қувватлади, – дейди тадбиркор. – Қурилиш-монтаж ишларини бажаришда зарур бўлган 3 миллиард сўм маблағнинг эллик фоизи жамғарма томонидан ажратилди. Ҳозир бу ерда 20 нафар ёш иш билан банд.

Дарвоқе, “Зиё” мажмуасида компьютер саводхонлиги, ёш актёрлар тўгараги, интернет-кафе, китоб дўкони, шунингдек, турли йўналишдаги ўқув курслари, адвокатура, стоматология ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатаётир. Шунингдек, бу ердаги 400 ўринли замонавий кинотеатр “3 G” кўринишли монитор ва проектор билан жиҳозланган.

12.JPG

Акция қатнашчилари Вобкент туманига ташриф чоғида ҳудудда ташкил этилган “Экваториал Чодак” МЧЖ корхонаси билан ҳам танишди. Унинг жинси жим, махсус коржомалар тикиладиган ва пойбзал-красовкалар ишлаб чиқарилаётган цехларида 280 нафар хотин -қиз меҳнат қилаётир.

– Мен касб-ҳунар коллежини тамомлагач, замонавий тикув машиналари ва дастгоҳлар билан жиҳозланган корхонада ишга кирдим, – дейди ёш ишчилардан бири Наргиза Ёдгорова. – Қизиқишим, тиришқоқлигим туфайли жамоада ўз ўрнимни топдим. Бу ерда унумли меҳнат қилишимиз учун барча шароит яратилган. Меҳнатимга яраша яхшигина иш ҳақи оляпман.

Вилоят ёшлари вакиллари Пешку туманидаги аҳолини, хусусан хотин-қизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар билан ҳам танишди.

Воҳанинг “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонаси тасарруфидаги ҳудудларида замонавий иссиқхона хўжаликлари ташкил этилмоқда. Улар орасида Бухоро туманидаги “Bukhara Varnet” хусусий корхонаси ўзига хос. Уч гектардан ошиқроқ майдонда гидропоника усулида ишлайдиган иссиқхона қуриш мақсадида туркиялик инвестор томонидан 2,1 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган. Ҳозирда умумий конструкция тикланиб, тўла автоматлаштирилган режимда ишлайдиган иссиқхона томи ойнаванд ашё билан қопланди.

13.JPG

Эгатларга тортилган махсус “кокос тупроқ”да етиштириладиган помидор, бодринг ва бошқа сабзавот экинлари турли дармондорилар билан бойитилган томчилатиб суғориш орқали парваришланади. Корхона менеджери Носир Шукуровнинг билдиришича, бу ерда анъанавий усулда етиштириладиган ҳосилга нисбатан уч баробар кўп маҳсулот олиш мумкин. Шунинг учун ҳам иссиқхона майдонлари яқин йилларда 30 гектарга етказилади.

Олот тумани ёшлари ҳам кундалик ҳаётларида ҳис қилмоқда. Бу ерда йигит-қизлар учун яратилган қулайликларга акция қатнашчилари ҳам ҳавас билан қарашди. Айниқса, улар эътиборини “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” МЧЖнинг 2, 2 миллиард сўмлик ҳомийлик маблағи ҳисобига барпо этилган “Ёшлар маркази” биноси ўзига жалб этди.

Бу ерда рус ва инглиз тиллари, компьютер саводхонлиги, шахмат-шашка, пазандачилик, тикувчилик тўгараклари, компьютер зали ва кутубхона фаолият кўрсатаётир. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими томонидан никоҳ ва оила муносабатларига оид ўқув курси ҳам ташкил этилган.

14.JPG

Меҳмонлар Қоракўл туманида бўлганида бу ерда кейинги бир йилда амалга оширилган бунёдкорлик ишларидан ҳайратга тушди. Хусусан, Қоракўл шаҳри Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани маркази тажрибаси асосида ободонлаштирилди. Аксарияти янги қурилган Маданият маркази, маъмурий идоралар, “Халқ банки” ва “Агробанк” АТИБ, Ер ресурслари ва давлат кадастри, давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бўлимлари, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, “Маҳалла” маркази, бошқа қатор ташкилотлар тузилмалари жойлашган иншоотлар шаҳар меъморий қиёфасини ўзгартириб юборди.

Акция қатнашчилари сафари вилоят маркази яқинидаги “Зарманоқ” аҳоли пункти яқинида жойлашган ҳарбий қисмда якунланди. Бу ерда уларнинг вилоят ҳокими, ҳарбий-маъъмурий сектор раҳбари Ў.Барноев билан учрашуви бўлиб ўтди. Шундан сўнг вилоят раҳбари ва ёшлар вакиллари ҳарбий қисмда аскарлар, сержантлар ва зобитлар учун яратилган шароитлар билан танишишди.

3 060
Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА