ЎзА Ўзбек

31.07.2018 19:11 Чоп этиш версияси

Барча имкониятлар ўз қўлимизда

Самарқандлик Суҳроб Шодиев 2011 йилда океан ортига ишлаш, яна ҳам аниқроғи мўмай даромад орттириш учун кетган эди. Ўзга юртларда саргардон кезган Суҳроб чўнтагида ҳемирисиз, боз устига, таниш-билишларидан анчагина қарздор бўлиб юртига қайтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари бу йигит билан суҳбатлашиб, унинг интилишлари, мақсад-муддаоларига қулоқ тутди. Суҳроб иш бошлаши учун ажратилган имтиёзли кредитдан фойдаланиб, маҳалла ҳудудидаги ташландиқ ерда тенгқурлари билан экин-тикин ишларини бошлаб юборди. Четга чиқмай туриб ҳам ўз юртида ҳалол даромад топиши мумкинлигини англаб етди.

Ҳаётга изчил жорий этилаёган “Yoshlar – kеlajagimiz” Давлат дастури ёшлар бандлиги масаласига ижобий ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Дастурнинг қабул қилиниши ёшларнинг бўш вақтини оқилона ва самарали ташкил этиш, улардаги ҳалоллик, меҳнатсеварлик, юртнинг эртанги куни учун дахлдорлик туйғуларини янада мустаҳкамлашда, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунгача Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси бўйича қандай ишлар амалга оширилди?

“Yoshlar – kеlajagimiz” Давлат дастури Суҳроб сингари ёшларнинг бошини қовуштириш, уларни иш билан таъминлаш, яхшигина даромад манбаига эга бўлишида янги истиқболларни очмоқда.

Бугунги кунда мазкур дастур доирасида жойларда беш мингдан ортиқ ишчи гуруҳи ташкил этилди. Гуруҳ аъзолари жойлардаги маҳаллаларда бўлиб, хонадонларда ёшлар билан мунтазам мулоқотлар ўтказмоқда. Кўрсатилган амалий ёрдам натижасида кўплаб йигит-қизлар иш билан таъминланмоқда. Шунингдек, уй шароитида меҳнат қилишни истаган ёшларга тикув машиналари етказиб берилаётир.

Дастур доирасида маҳаллалар ҳам обод бўлмоқда. Ишчи гуруҳлар томонидан чиқинди тўпланиб қолган ҳудудлар аниқланиб, тозаланмоқда. Шунингдек, ташландиқ ҳолатдаги кўплаб уй ва бинолар таъмирланди. Эҳтиёжи бўлган ёшларга биометрик паспортлар олиб берилди, 2 минг 800 дан ортиғига турар жойда доимий рўйхатдан ўтишига ёрдам кўрсатилди.

Саховатли заминимиз битмас-туганмас хазина. Ердан унумли фойдаланаётган миришкор ҳамюртларимиз бир йилда бир неча баробар мўл ҳосил, демакки, баракали даромад олиш имконига эга бўлмоқда. Таассуфки, ишчи гуруҳ вакиллари жойларда томорқадан фойдаланилмаётган хонадонларни ҳам аниқлади. Уларнинг эгаларига ердан самарали фойда олиш бўйича амалий кўмак берилмоқда. Сув таъминоти муаммо бўлган хонадонларга ҳам амалий ёрдам кўрсатилаётир.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бўйича ёрдам сўраган кўплаб ёшлар аниқланиб, уларнинг мурожаатига кўра бўш бинолар, тегишли тарзда ер майдонлари ажратилди. Икки ярим мингга яқин ёшлар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди.

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманининг Заркент қишлоғи вилоят марказидан 50 километр узоқда жойлашган бўлиб, аҳоли асосан боғдорчилик билан шуғулланади. Ишлаб чиқариш корхоналари йўқлиги боис кўпчилик ёшлар бошқа давлатларга ишлашга боради. Отабек Рустамов ҳам ана шудай ёшлардан бири. Лекин энди унинг хорижга чиқишига ҳожат қолмади. “Yoshlar – kеlajagimiz” Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этиш ва ижросини таъминлаш борасида Янгиқўрғон туманида олиб борилаётган ишлар натижасида қишлоқ марказида жойлашган бинода “Yoshlar mehnat guzari” ташкил этиладиган бўлди. Ҳозирда фаолият олиб бораётган тикув цехига қўшимча маиший хизмат шохобчалари, соғломлаштириш маркази барпо этилади. Бунинг учун беш юз миллион сўм имтиёзли кредит олиш кўзда тутилган.

Дастур доирасида туманда учта “Yoshlar mehnat guzari” ташкил этилаётган бўлса, ҳокимият балансида бўлган, бўш ётган бинода ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бизнес режалар ишлаб чиқиш, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, маҳорат дарслари, семинарлар ташкил этиш учун “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-маркази ташкил этилмоқда.

– Инсоннинг бахти ҳам, фаровон ҳаёти ҳам фақатгина ўзи туғилиб ўсган юрт билан узвий боғлиқ экан, – дейди Отабек. – Баъзан мен каби тенгдошларим омад ва бахт қушини ўзга юртлардан ахтариб, бегона жойларда овораю сарсон бўлиб юради. Жиддийроқ ўйлаб қарасам, барча имкониятлар ўз қўлимизда экан. Астойидил меҳнат қиламан, деган одамга шу ернинг ўзида ҳам иш қалашиб ётганини, олдимиздан оққан сувнинг қадрини кўп ҳам англаб етавермаймиз.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойларда ташкил этилаётган ўқув семинарларида бизнес асослари, уни муваффақиятли йўлга қўйиш, юртимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган ҳуқуқий ва иқтисодий имкониятлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилмоқда.

“Yoshlar – kеlajagimiz” Давлат дастури кучли ижтимоий йўналтирилгани, манзиллилиги, ёшларнинг турли тоифаларига амалий кўмак кўрсатишни кўзлаши билан йигит-қизлар, уларнинг ота-оналарига манзур бўлмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 608