ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида муҳим ташаббус

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида муҳим ташаббус

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг жорий йилги сессияси муҳим тарихий воқеа бўлиб, ташкилотнинг 75 йиллик юбилей санасига тўғри келди. Гарчи ўтган давр мобайнида БМТ фаолияти айрим танқидларга учраган бўлса-да, ташкилот глобал тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга жаҳоннинг нуфузли кўп томонлама ҳамкорлик тузилмаси ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ташкилот билан ҳамкорликни ўз ташқи сиёсий стратегиясида миллий манфаатларни илгари суришнинг муҳим платформаси, деб қарайди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти халқаро аҳамиятга эга ташаббуслари билан БМТ доирасидаги ҳамкорликка янгича мазмун-моҳият бағишлаб, икки томонлама алоқаларни жадал мустаҳкамлаб бормоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг жорий 75-сессиясидаги нутқида минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларига риоя этишни қўллаб-қувватлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш каби долзарб масалалар юзасидан бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Президент ташаббусларидан бири глобал миқёсдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжатга оид бўлиб, “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси”ни қабул қилишни назарда тутади.

Эътиборлиси, бу ва бошқа ташаббуслар Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлари ва изчил амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим йўналишлари ифодаси бўлиб, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.

Маълумки, 2015 йилда БМТга аъзо давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш дастурини қабул қилган. Ўзбекистонда ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Миллий мақсад ва вазифалар муваффақият билан амалда татбиқ этилмоқда.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзернинг эътирофича, “Ўзбекистоннинг жорий йил июлида БМТнинг олий мақом сиёсий форумига тақдим этган Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича илк Ихтиёрий миллий ҳисоботи шу пайтгача эришилган олға силжишнинг, шунингдек, мамлакатнинг “Кун тартиби – 2030”ни амалга оширишда қатнашишини тавсифловчи иштирок ва маслаҳатлашувга асосланган ёндашувининг чин маънодаги исботи бўлди”. Шунингдек, Фрейзер хоним БМТ Бош Ассамблеясининг жорий сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар БМТ мақсадлари билан ҳамоҳанглигини таъкидлади.

Нуфузли халқато ташкилот – Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг ҳам Ўзбекистон Президентининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. У ушбу ташаббус асосида БМТ махсус резолюциясининг қабул қилиниши Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳаракатлар учун салмоқли қадам эканини баён этди.

Таъкидлаш жоизки, айниқса, глобал пандемия туфайли дунё мамлакатларида нафақат соғлиқни сақлаш тизимлари, балки иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда инқирозли вазият юзага келиб, пандемиядан кейинги тикланиш ва барқарор ривожланишда БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари билан фаол халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу йўналишда Ўзбекистон Президенти таклиф этган БМТ шафелигида “Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш глобал пандемияга қарши курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтишда барча давлатларнинг биргаликда ҳаракат қилишига замин яратади. БМТнинг халқаро хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги фаолиятини ҳамда таклиф этилаётган ташаббусларни халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб қувватланиши бутун инсоният манфаатларига жавоб беради.

Фарруҳ ҲАКИМОВ

“Тараққиёт стратегияси” маркази

лойиҳа координатори


2 330
ЎзА