ЎзА Ўзбек

06.02.2018 16:31 Чоп этиш версияси

Банкоматга турнақатор навбат ёхуд навбатга ёзилинг

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар қатори банк-молия тизимида ҳам қатор янгиликлар жорий қилинмоқда. Улардан бири пластик картадаги пулни нақдга айлантириш мақсадида пойтахтимиздаги бир нечта бозорга банкоматларнинг ўрнатилгани бўлди. 

Пойтахтимиздаги "Қўйлиқ деҳқон бозори"да ҳам ана шундай банкоматлар ўрнатилганини эшитиб, у ерга йўл олдим. Тушга яқин бозорга етиб бордим. Одам кўплигидан банкоматга етиш тугул уни кўриш имкони ҳам йўқ эди. Одамлар қоғозга исмларини ёзиб, рўйхат қилишмоқда. 383-бўлиб ёзилдим. Ҳар замонда бозор айланиб келаман, одамларнинг суҳбатига қулоқ соламан. Бири «Бу ерда 200 минг сўмгача ечишяпти, наригисида 300 минггача. Шунинг учун иккаласига ҳам навбатга ёзилдим, қайси бирида навбатим тезроқ келса шундан ечаман», деса, бошқаси «Шу банкомат қурғурдан кўпроқ ўрнатса нима қиларкин, шунча оворагарчилик бўлмасди», дея норози оҳангда ғудурланади. 

Шу пайт бир аёл жаҳл билан гап қотди: «Кечагина ҳаммамиз пластик картадаги пулларни 15-20 фоиз эвазига бўлса ҳам нақд қилиб олишга рози эдик-ку. Ёки тадбиркорлардан илтимос қилиб нақд қилмасмидик? Энди ҳам норозимизми? Тўғри, тизимда ҳали баъзи камчиликлар йўқ эмас. Бироқ, улар кўз ўнгингизда бартараф этиб борилмоқда-ку».

Ҳамма жим қолди. 

Кун кечга яқинлашганда навбатга турганларнинг исми ёзилган қоғозда ҳам жой қолмади, сафимиз ҳам 600 га яқинлашиб қолди. Одамларнинг қўлларига қарасангиз деярли ҳаммасида 2-3, ҳатто 4-5 тагача пластик карта. Ҳеч бири 300 минг сўмгача ечиш мумкин деганидан 300 минг, 200 минггача дейилганидан 200 минг сўмдан кам ечай демайди. Орада масъул ходимлар банкоматга пул солиб ҳам кетишди.

Қараб туриб ўйга толасан киши. Одамлар (айниқса, аёллар) уруш даври киноларида нонга навбат талашгандек ўзини уради. Навбат талашиб бўлган жанжалларнинг-ку охири йўқ. 

Шу ўринда бир савол: бу каби тартибсиз ҳолатлар бизга ярашадими, одамлар 200-300 минг сўм пулни тезроқ нақд қилиш учун бир-бирининг ёқасини йиртса? Биздаги маданият, тартиб-интизом қаерга кетди? Пул ҳаммага етади-ку, бунинг устига пул бир кун тарқатилмаяпти. 

Вазиятни узоқ вақт кузатиб шунга амин бўлдимки, ҳар ким кунлик эҳтиёжи даражасида пул ечса, фақат ўзининг пластик картасини пул қилса (ўғил-қиз, келинларнинг пластигини ҳам йиғиб келмасдан) шу каби халқимиз маънавиятига ярашмайдиган тартибсиз ҳолатлар юз бермасди назаримда.

Биламизки, ривожланган давлатлар аҳолиси пулларини нақд кўринишда эмас, карталарда сақлашни афзал билишади. Бу йўлни улар ортиқча муаммо ва хавфлардан ҳоли деб билишади. Юртимизда нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизими жорий қилинган. Ҳозир исталган савдо, хизмат кўрсатиш нуқталарида терминаллар ишлаб турибди.

Мазкур мақолани тугатишдан аввал "Қўйлиқ деҳқон бозори"га яна йўлим тушди. Банкомат ёнидаги ҳолат ҳамон ўша-ўша. Одамлар қўлларига 2-3 тадан пластик тутганча бир-бирига ёвқараш қилишмоқда...

Инобат Аҳатова, ЎзА
14 227