ЎзА Ўзбек

15.02.2020 Чоп этиш версияси

Банкирлар китобхонликда беллашди

Банкирлар китобхонликда беллашди

Ҳа, банк ходимлари дейилганда иқтисодчилар, доим ҳисоб-китоб билан машғул инсонлар кўз олдимизга келади.

Аслида ҳам банкирларнинг касбий фаолиятининг асоси шу – ҳисоб китоб, математик рақамлар. Лекин улар-да инсон. Фақат компьютерда ишлагани билан банк ходимларида ҳам юрак бор, ҳар бирининг ўзига хос қизиқиши, хоббиси бор. Бўш вақтида спорт билан шуғулланади, ижод қилади, санъатга иштиёқи баландлари ҳам кам эмас.

Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси ана шундай ходимларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириб бориш учун ўзига хос йўл тутмоқда.

photo_2020-02-15_21-26-00 (2).jpg

Кейинги пайтда бошқарма “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” деган ғоя билан вилоятдаги банклар ходимлари ўртасида спорт мусобақалари, турли кўрик-танловлар ўтказиб келмоқда.

Уларнинг бу галги ташаббуси “Энг китобcевар ходим” танлови бўлди.

– Ёш китобхон телевизион танловини кузатиб, қолаверса, кейинги йилларда ёшлар ўртасида китобга меҳрнинг ошиб бораётганини кўриб, банк ходимлари ўртасида ҳам шундай танлов ўтказиш ғояси туғилди, – дейди Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи Қ.Собиров. – Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусдан бири ҳам аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш билан боғлиқ эканлиги биз учун айни муддао бўлди. Гап бу ерда танловда эмас, асосий мақсад ходимларни китоб ўқишга даъват этиш, китобнинг маънавий эҳтиёж эканлигини англатишда эди.

Дастлаб ҳар бир банкда энг китобхон ходим аниқланди. Сараланган 87 нафар китобсеварлар иккинчи босқичда яна бир бор синовдан ўтди. Уларнинг китоб ҳақидаги билим ва тушунчалари онлайн тест синови шаклида баҳоланди. Бу жараёнда энг юқори натижага эришгани 17 нафар иштирокчи аниқланиб, уларга танловнинг финал босқичида беллашиш имконияти берилди.

photo_2020-02-15_21-26-00.jpg

Финалда банкирларнинг нечоғлик китобхон эканликлари турли ҳикоялардан келтирилган қисқа намуналар орқали асар муаллифи ва ғояси ҳақидаги билимлари, буюк мутафаккир ва адиблар тўғрисидаги саволларга тезкор жавоблари, энг кўп шеърни ёд олганликлари орқали аниқланди. Якуний натижалар эълон қилинганда “Асака” банк Самарқанд филиали ходими Шоҳиста Тамиқаева энг кўп балл йиққани маълум бўлди. Халқ банки вилоят филиали ходими Элёр Рўзиев иккинчи, “Ориент финанс банк” вилоят филиали ходими Машҳура Усмонова эса учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар ва иштирокчиларнинг барчасига энг қимматли совға – китоблар туҳфа қилинди. Бу китобсевар ходим танлови яна давом этишидан далолатдир.

1 843
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА