ЎзА Ўзбек

21.07.2018 15:37 Чоп этиш версияси

Банк ходимлари чемпионликни қўлга киритди

Банк ходимлари чемпионликни қўлга киритди
Аввал хабар қилганимиздек, Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси кубоги учун спортнинг мини футбол, волейбол ва стол тенниси турлари бўйича барча вазирлик, идора, ташкилот ва корхоналар ўртасида мусобақалар ташкил қилинган эди. 

Дастурий турда ўтказилиши белгиланган мазкур мусобақаларнинг ғолиблари аниқланди. 

Унга кўра, волейбол бўйича жами 8 жамоа беллашиб, финал якунига кўра Нукус давлат педагогика институти биринчи ўринни қўлга киритди. Тошкент педиатрия медицина институти Нукус филиали жамоаси иккичи ўринга муносиб топилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги жамоасига учинчи ўрин насиб этди. 

Стол тенниси бўйича мусобақалар ҳам қизғин тус олди. 16 жамоа қатнашган ушбу ўйин якунига кўра Хўжайли туманидаги 1- Меҳрибонлик уйи ходими Фарух Жуманиязов биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси Ғазначилик бошқармаси ходими Ҳамза Адамбаевга, учинчи ўрин Нукус давлат педагогика институти вакили Бахт Тлеуовга насиб этди.

photo5373208287677360492.jpg

Стол тенниси бўйича хотин-қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада Гузел Оразмухаммедова (Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги) биринчи, Ақимбетова Гулнара (Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги) иккинчи, Дилбар Қабулова (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳудудий бошқармаси) учинчи ўринни эгаллади.

Кубок учун энг қизғин беллашув мини-футбол мусобақасида кечди. 33 жамоа қатнашган мусобақада Маркзий Банкнинг Қорақалпоғистон Бош бошқармаси жамоаси биринчиликни эгаллади. Иккинчи ўрин Ички ишлар вазирлиги, учинчи ўринни эса Нукус давлат педагогика институти жамоаларига насиб этди.

Жўқорғи Кенгес Кубоги учун ўтказилган ушбу мусобақаларда Нукус давлат педагогика институти фаол иштирок этди, яъни спортнинг учта тури бўйича ҳам ушбу муассаса жамоаси асосий ғолибликни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси кубоги учун ташкил қилинган мазкур мусобақалар Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия қўмитаси ташаббуси билан илк бор ўтказилмоқда.

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
4 268