ЎзА Ўзбек

17.08.2018 18:11 Чоп этиш версияси

Бандликни таъминлашнинг муҳим омили

Хўжаобод туманида “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, устоз-шогирд анъанаси асосида ҳунармандчиликни ривожлантириш” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ва Хўжаобод тумани хотин-қизлар қўмиталари, “Ҳунарманд”, “Тадбиркор аёл” уюшмалари вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳунарманд ва тадбиркор хотин-қизлар, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Кўргазмали семинарда “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёшларни ҳунарга ўргатиш, бу борадаги ютуқ ва муаммолар таҳлил қилинди.

– Айни пайтда уюшма таркибида 2 минг 471 нафар ҳунарманд фаолият юритмоқда, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Шаҳло Солиева. – Уларнинг 680 нафари хотин-қизлар бўлса, 492 нафари ёшлардир.

Жорий йилнинг ўтган етти ойида 756 нафар ҳунармандга фаолиятини кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш учун банклар томонидан 20 миллиард 751 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Бугунги кунда “Устоз-шогирд” мактабини яратиш борасида Андижон шаҳри, Шаҳрихон, Асака, Андижон, Хўжаобод, Марҳамат туманларида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда “Устоз-шогирд” мактабини яратиш борасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ва самарадорлигини янада ошириш, шу орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, бозорларни сифатли ва ранг-баранг ҳунармандчилик маҳсулотлари билан тўлдириш хусусида фикр алмашилди.

Шунингдек, тадбир доирасида турли йўналишларда ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланаётган хотин-қизлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Айниқса, ёш дизайнер ва модельерлар томонидан яратилган янги либослар тақдимоти барчада катта қизиқиш уйғотди.

– Хонадонимда ташкил этилган тикув цехида асосан болалар ва аёллар либоси тайёрланади, – дейди Хўжаобод туманидаги Саноатчилар маҳалласидан ёш ҳунарманд Муқаддас Абдунабиева. – Соҳа ривожига қаратилаётган эътибор, берилаётган имкониятлар фаолиятимизни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Яқинда “Қишлоққурилишбанк”нинг туман бўлимидан 50 миллион сўм кредит олиб, хорижда ишлаб чиқарилган замонавий тикув машиналари харид қилдим. Натижада 5 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Бундан ташқари, ҳунар ўрганиш истагини билдирган 7 нафар қизга “устоз-шогирд” анъанаси асосида чеварлик сирларини ўргатяпман.

Тадбирда ҳунармандларга тақдим этилган преференциялар, солиқ имтиёзлари, ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида тадбиркорликни йўлга қўйиш, имтиёзли кредит олиш хусусида атрофлича маълумот берилди, шунингдек, мазкур йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Мустақил иш бошлаётган 43 нафар ёш ҳунармандга меҳнат дафтарчаси топширилди. Ҳунармандчиликни ривожлантириш, “Устоз-шогирд” мактабини яратиш борасида ибратли фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ уста ҳунармандлар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Тадбир якунида санъаткорлар ва ёш ижрочилар томонидан тақдим этилган бадиий дастур барчага хуш кайфият улашди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
3 628