ЎзА Ўзбек

13.09.2018 10:23 Чоп этиш версияси

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Кореяда

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Кореяда

Президентимизнинг жорий йилдаги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хорижий ваколатхоналарини очиш тўғрисидаги қарорида Корея Республикасининг Кванджу шаҳрида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди.

Шунга мувофиқ, 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Корея Республикасига етиб борди. Дастлабки музокаралар Сеул шаҳрида Корея Республикаси Кадрлар бошқаруви вазири Ким Пан Сок билан бўлиб ўтди.

96645b8a-34da-484f-8896-b1e715929434.jpg

Учрашув давомида томонлар давлат хизматларини янада такомиллаштириш, давлат хизмати ходимлари малакасини ошириш ва бу борада ўзаро тажриба алмашиш каби долзарб масалаларни муҳокама қилди. Хусусан, вазир Ким Пан Сок Ўзбекистонда кадрлар бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва “Давлат хизматлари тўғрисида”ги қарорни ишлаб чиқишда ҳар томонлама ёрдам беришга, шунингдек, Корея Республикасида давлат хизматчиларини ўқитиш масалаларини кўриб чиқишга тайёрлигини алоҳида таъкидлади.

f942178b-adbd-42fc-a182-aeec10d2e805.jpg

Шерзод Кудбиев ҳам кўрсатилган илиқ муносабат учун миннатдорлик билдириб, келгусида кадрлар малакасини ошириш тизими ва давлат хизматлари соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб боришига умид боғлаётганини билдирди.

Учрашув якунида томонлар давлат хизмати соҳасида ўзаро тажриба ва маълумот алмашиш, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил Корея Республикасига ташрифи якунида имзолаган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни амалга оширувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олди.

ЎзА
3 865