ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида амалиётда учраётган муаммолар

Бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида амалиётда учраётган муаммолар

Давлат хизматлари агентлиги ўзига юклатилган вазифани бажарар экан, республикамизда давлат органлари томонидан кўрсатилаётган барча давлат хизматларини кўрсатиш муносабатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқилишида, энг аввало, мазкур давлат хизматини кўрсатиш муддатини қисқартириш, ҳужжатларни кескин камайтириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва коррупция ҳолатларига чек қўйишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Хусусан, бугунги кунга қадар Вазирлар Маҳкамасининг 24 та қарори билан жами 40дан ортиқ давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилашга доир низом ҳамда маъмурий регламентлар ишлаб чиқилди, шунингдек жами 31 та давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгиловчи 24 та вақтинчалик маъмурий регламентлар ишлаб чиқилди, ушбу вақтинчалик маъмурий регламентлардан 12 таси асосида доимий маъмурий регламентлар ишлаб чиқилди. Маъмурий регламентларни ишлаб чиқишда асосий эътибор қуйидагиларга қаратилди:

- давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини янада оптималлаштиришга;

- тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини камайтиришга;

- мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришга;

- давлат хизматини кўрсатувчи манфаатдор органларнинг ваколатларини децентрализация (номарказлаштириш) орқали хизмат кўрсатишнинг тезкорлигини оширишга;

- давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мутасаддиларининг масъулиятини янада оширишга қаратилди.

Жумладан, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматларнинг маъмурий регламентларини ишлаб чиқиш якуни бўйича давлат хизматлари кўрсатилишида сансалорликларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида талаб этиладиган ҳужжатлар 127 тадан 78 тага камайтирилди, хизмат кўрсатиш муддати ҳам 415 кундан 194 кунгача қисқартирилди.

Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги ПҚ–3662-сонли қарорига мувофиқ жойларда йўлга қўйилган экспериментал давлат хизматларининг вақтинчалик маъмурий регламентлари ишлаб чиқилиши ва амалиётга татбиқ этилиши натижасида, ушбу хизматларни кўрсатиш учун талаб этилган жами 328 кунлик муддат 147 кунга қисқартирилди.

Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юридик ва жисмоний шахсларга 130дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Ушбу хизматлар орасида таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, архитектура ва қурилиш, уй-жой коммунал хизматлари, турли хил рухсатнома ва лицензиялар бериш билан боғлиқ хизматлар мавжуд.

Жумладан бандлик соҳасида икки турдаги хизматлар кўрсатилиб келинади:

- Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар бериш (узайтириш);

- Чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берадиган тасдиқномаларни бериш (узайтириш).

Мазкур хизматларни Марказлар орқали кўрсатилишини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори қабул қилинди.

Қарор билан давлат хизматлари кўрсатиш тартиби енгиллаштирилди.

Биргина мисол, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 19 октябрдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 9-бандига асосан рухсатнома бериш тўғрисидаги қарор иш берувчи керакли ҳужжатларни берган кундан бошлаб 30 кун мобайнида қабул қилинар эди. Эндиликда, Ҳукуматнинг 2019 йил 25 мартдаги 244-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланиб, ушбу муддат 15 кун қилиб белгиланди.

Рухсатнома олиш учун иш берувчилар Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади ёки Давлат хизматлари марказларидан бирига мурожаат қилади. Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари маркази ходими иш берувчи номидан, ЯИДХП ёки онлайн мурожаат этилганда эса, иш берувчининг ўзи аризани белгиланган шакл бўйича электрон шаклда мустақил тўлдиради.

!Аризага фақатгина иш берувчи — жисмоний шахс ёки юридик шахс раҳбари паспортининг нусхаси илова қилинади. Иш берувчидан бошқа ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

Бундан ташқари, эндиликда ариза берувчи жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматлари марказларида фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар, давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олишлари мумкин.

Бироқ, яратилган енгилликлар билан бир қаторда, мазкур хизматларни кўрсатишда амалиётда айрим муаммолар ҳам йўқ эмас.

Хусусан, рухсатнома ва тасдиқнома берувчи ваколатли орган ҳисобланган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг юқорида кўрсатилган давлат хизматларини кўрсатиш учун ахборот тизими тўлиқ ишлаб чиқилмаган ҳамда керакли маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилмаган. Табиийки, ушбу ҳолатлар давлат хизматини ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши учун тўсқинлик қилади.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилгани ҳам замонавий ахборот технолигиялари орқали аҳолига давлат хизматларини кўрсатилиши бугунги куннинг айни долзарб масаласи эканлигини белгиламоқда.

Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, бу соҳани такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 31 январдаги ПФ–5930-сонли Фармони билан Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ушбу “Йўл харитаси”га мувофиқ, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш юзасидан қатор вазирлик ва идораларга вазифалар юклатилди.

Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига юқорида қайд этилган 2 турдаги давлат хизматлари бўйича 2020 йил 1 сентябрга қадар ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва давлат хизматлари кўрсатиш тизими билан интеграция қилиш ҳамда 2021 йил 1 апрелга қадар барча маълумотларни босқичма-босқич рақамлаштириш вазифаси юклатилди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ўз навбатида, соҳадаги муаммоларни бартараф қилиш орқали халқимизга сифатли ва тезкор давлат хизматларини кўрсатишга кўмаклашади.

Азизбек РАҲМАТОВ,
Давлат хизматлари агентлиги масъул ходими​

2 022
ЎзА