ЎзА Ўзбек

07.07.2018 18:00 Чоп этиш версияси

Балх давлат универститетига ўзбек тили ва адабиёти дарсликлари топширилди

Балх давлат универститетига ўзбек тили ва адабиёти дарсликлари топширилди
“Ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналишига оид 20 номдаги дарслик ва ўқув қўлланмалари тўплами Балх давлат университети маъмуриятига топширилди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда университети ўқитувчилари, талаба ёшлар ва Афғонистон оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган.

Ўзбекистоннинг Мозори-Шарифдаги бош консули М.Абдураззоқов мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Жорий йилнинг 26-27 март кунлари ўтказилган Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент конференцияси Афғонистонда барқарорлик ва тинчлик ўрнатиш, музокаралар орқали умуммиллий ярашувга эришиш, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг амалий натижаси эканини ҳақида сўзлаб берди, дейилади хабарда.

Балх давлат университети ректори А.Ҳақиқ мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар очиқлик, ўзаро ҳамфикрлик, дўстлик тамойиллари асосланишини қайд этди ва Ўзбекистон томонидан Афғонистонга кўрсатилаётган беғараз ёрдам учун миннатдорлик билдирди. “Ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналишига оид китобларнинг тақдим этилиши ўзбек ва афғон халқи ўртасидаги асрий ва азалий бўлган – адабий яқинликнинг яна бир ифодаси эканини қайд этди.

Бугун Термизда фаолият юритаётган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида 100 га яқин афғонистонлик ёшлар таълим олмоқда. Таълим даргоҳи ахборот-ресурс маркази сиёсий, ижтимоий-гуманитар, техника йўналишидаги фанлар бўйича дарслик ва қўлланмалар, бадиий адабиётлар, Ўзбекистонда ишланган 50дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильм, аудиотўпламлар билан таъминланган. Бир сўз билан айтганда, қўшни давлат ёшларининг таълим олиши ва ҳунар ўрганишлари, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча зарур шароит яратилган.

Мулоқот чоғида афғон ёшлари бугун Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олиш, касбий маҳоратини ошириш истагида эканини маълум қилишди. Хусусан, Балх давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчилари Ўзбекистонда магистратура курсларида ўқиш, Балх давлат университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Тадбирда доирасида ўзбек тили ва адабиёти ўқув дарсликлари ва қўлланмалари, қўшимча адабиётлар, электрон китоблар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича юқори даражали Тошкент конференцияси чоғидаги нутқининг инглиз ва форс тилларида чоп этилган брошюралари, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари бибилиографияси ва бошқа кўплаб илмий-оммабоп адабиётлар топширилди.

ЎзА
6 934