ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Балиқ овламоқчи бўлган броконьерлар қўлга тушди

Балиқ овламоқчи бўлган броконьерлар қўлга тушди

Мамлакатимизда 16 апрелдан 31 майга қадар сув ҳавзаларидан балиқ овлаш таъқиқланган. Бу тартиб мавсумда балиқлар ўз наслини кўпайтириши учун қулай муҳит яратиш ва аҳолининг балиқ маҳсулотларига эҳтиёжини тўлароқ қондириш мақсадида жорий этилган. Шунга мувофиқ, жойларда кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилаётган бўлса-да, луқмаи ҳалолнинг уруғ қўйиш мавсумида уларга озор етказиб, балиқ овлашга иштиёқманд бўлаётганларга ҳам дуч келинмоқда. 

2.jpg

Айни кунларда Сурхондарё вилоятидаги сув ҳавзаларида ҳам назорат кучайтирилиб, ғайриқонуний балиқ овлашнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, экология назоратчилари Жарқўрғон туманидаги “Оқтепа” сув омбори ҳудудини кўздан кечираётганида икки броконьернинг битта қайиқда балиқ овлаш учун сувга тушганини кўриб, уларнинг қонунга зид бу ҳаракатига зудлик билан чек қўйди. 

Суриштирув чоғида мазкур қайиқ балиқ овлаш тўхтатилган давр учун тегишли тартибда муҳрланган бўлиб, унинг шу муддатда сувга туширилиши ман этилгани аниқланди. Шунингдек, назоратчилар қайиқ ичидан 1 минг 800 метр ҳажмдаги тўрни ҳам топиб олди. 

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қайиқ билан тўр вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига олиб келинди. Ашёвий далиллар масала қонуний ечим топгунча шу ерда сақланади.


1 610
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА