ЎзА Ўзбек

06.07.2018 17:27 Чоп этиш версияси

Бахтли ва муносиб яшаш тавсиялари

Бахтли ва муносиб яшаш тавсиялари
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида психолог Зебинисо Аҳмедованинг “Психолог маслаҳатлари” туркумидан жой олган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда руҳшунослар, психология соҳасининг етакчи мутахассислари, ўқитувчилар, тарбиячилар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этди.

Тақдимотдан З.Аҳмедованинг “Эртак – терапия”, “Кичик болалардаги катта қўрқувлар”, “Имтиҳондан, албатта, ўтасиз, агар...”, “Мақсад қўйиш психотехнологияси”, “Насияга олинган бахт ёхуд тушкунликдан чиқиш сирлари”, “Келин ва куёв танлаш санъати”, “Оила бренди”, “Оила дипломатияси” деб номланган янги нашр этилган китоблари ўрин олди.

"Эртак – терапия” китобида муаллиф 3 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларнинг психологик муаммоларини эртаклар ёрдамида бартараф этиш йўлларини тавсия этса, “Кичик болалардаги катта қўрқувлар” китобида болалардаги қўрқувларнинг сабабини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда ҳар томонлама соғлом этиб тарбиялаш масалаларига эътибор қаратган.

“Имтиҳондан, албатта, ўтасиз, агар...” китоби абитуриентларни ҳамда уларнинг ота-оналарини имтиҳон топширишдек жиддий ва масъул жараёнга руҳан ва маънан тайёрласа, “Мақсад қўйиш психотехнологияси” китобида орзу ва мақсад орасидаги фарқ, мақсад ва мақсадсизлик тушунчалари таҳлил этилади. Оқилона ва тўғри мақсад қўйишнинг эътиборли жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилади.

“Насияга олинган бахт ёхуд тушкунликдан чиқиш сирлари” китоби “Тушкунликка тушмаслик учун нима талаб қилинади?”, “Тушкунликдан халос бўлишнинг қандай йўллари бор?” каби саволларга атрофлича жавоб бериб, китобхонни тушкунликдан чиқишнинг ўзига хос усуллари ва йўл-йўриқлари билан таништиради. “Келин ва куёв танлаш санъати” бўлажак келин-куёв, қайнота ва қайноналарга мўлжалланган бўлиб, унда муаллиф ўзининг ҳаёти давомида кўрган-билганлари, ўқиганлари ва эшитганларини таҳлил этиш баробарида маслаҳатлар беради.

“Оила бренди” китобида бренд тушунчаси, унинг оилага нисбатан қўлланилиши талқин қилинган. Китобда инсоннинг оила ва жамият ҳаётида тутган ўрни, бахтли бўлиш сирлари ва мавқега эга бўлиш омиллари ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. “Оила дипломатияси” китобида оиланинг муқаддаслиги, оилавий муносабатларда дипломатиянинг ўрни ҳақида сўз боради. 

Н.Усмонова, ЎзА
11 041