ЎзА Ўзбек

16.08.2018 16:29 Чоп этиш версияси

Бахт инсонни излайдиган юрт

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасини аграр соҳа, юксак сайёҳлик салоҳияти ва табиий имкониятлари билан мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган Навбаҳор тумани мисолида ҳам кўриш мумкин.

1980 йилда ташкил этилган, катта қисми чўл ва даштликлардан иборат туманда бугунги кунда қарийб 109 минг аҳоли истиқомат қилади. Туманни ҳар томонлама ривожлантиришда барча бир ёқадан бош чиқариб иш олиб бормоқда.

“Навоий вилоятини 2018-2019 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури”га мувофиқ туманда умумий қиймати 340 миллиард 238 миллион сўмлик 53 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Уларнинг амалга оширилиши 410 га яқин янги иш ўрни яратиш имконини беради. Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 2 март куни вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ички имкониятларни қайта ҳисоблаб чиқиб, қиймати 35 миллиард 352 миллион сўмлик қўшимча 29 лойиҳа ишлаб чиқилди. Бу яна қарийб 100 та янги иш ўрни, демакдир. Уларнинг асосий қисми саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган.

Бугунги кунгача умумий қиймати 28 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа амалга оширилди ва 127 янги иш ўрни яратилди. “Paradise garden” масъулияти чекланган жамияти томонидан 40 гектар майдонда умумий қиймати 2 миллиард сўм бўлган томчилатиб суғориш технологияси асосида узумчилик ташкил этиш ҳамда 15 янги иш ўрни яратиш белгиланган эди. Бугунги кунда 16 гектарга ток қаламчалари ўтқазилиб, қолган ер экишга тайёрланди. Мазкур жамият томонидан Жанубий Кореянинг “Ms Holdings” корхонаси билан ҳамкорликда вино заводи қуриш мўлжалланган. Италиянинг “Della Toffala Spa” корхонасидан қиймати 448 минг евро бўлган технологиялар сотиб олиш бўйича шартнома имзоланди. Лойиҳанинг амалга ошиши 25 кишининг доимий бандлигини таъминлайди.

Туманда хорижий ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб этиш, туризм соҳасини янада ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, янги туризм хизмати билан шуғулланувчи “Сармишсой-Навоий”, “Муҳаббат боғи”, “Олмосбек тинчлиги”, “Учтут жавоҳир тошлари” каби кўптармоқли фермер хўжаликлари ва корхоналари ташкил этилиб, меҳмонларга замонавий хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Улар амалга оширилса, бир вақтнинг ўзида 500 дан ортиқ сайёҳга хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Ҳақиқий мўъжиза – дастлабки тамаддун ўчоқларидан бири бўлган ва 7 мингдан ортиқ қадимий қоятош суратлари акс этган “Сармишсой” табиий-тарихий ёдгорлиги туман аҳолисининг фахридир. Илк цивилизациянинг бошланғич нуқтаси акс этган ушбу тасвирларни ўрганиш асосида ўлкамиз тарихини қайта жонлантириш ёш авлодни миллий ўзликни англаш руҳида тарбиялаш омили бўлиб хизмат қилади. Яқин келажакда қадимий дарага келувчилар учун замонавий шароитларни янада яхшилаш режалаштирилган.

Ҳудуд қадимий тарихий обидаларга бой, шу боис бу ер йил давомида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар билан гавжум. Сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида жорий йилда умумий қиймати 2,4 миллиард сўмлик ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда. “Сармишсой – Навоий“ масъулияти чекланган жамияти томонидан 200 ўринли 45 та замонавий коттеж барпо этилиб, намунали хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Туманда асосий эътибор етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва унинг экспортини кенгайтиришга қаратилмоқда. Яқинда ташкил этилган “Бобур бунёдкор” МЧЖ, “Навбаҳор агро омад” фермер хўжалиги ҳамда “Навоий био плюс” хусусий корхоналари фаолияти шу мақсадни рўёбга чиқаришга йўналтирилган. Айни пайтда улар томонидан Россия, Қозоғистон каби давлатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Экспорт ҳажмини ошириш мақсадида “Сilk Road construction and texnologies” ва “Имкон премиум авто оил” масъулияти чекланган жамиятларининг ҳар бирига томчилатиб суғориш технологиялари асосида ёнғоқ, бодом ва писта экиш учун 100 гектардан ер ажратилди.

Етиштирилган маҳсулотни сифатли сақлаш учун сиғими 1 минг 625 тонна бўлган тўртта музлатгич мавжуд эди, яна лойиҳа қиймати 2 миллиард сўмга тенг бўлган 1000 тонналик музлатгичли омборхона қуриш ишлари якунига етказилмоқда.

Саноат корхоналари ташкил этиш ва маҳаллий хом ашёдан самарали фойдаланишга оид тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда. Бунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишни янада рағбатлантириш борасидаги қатор фармон ва қарорлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, туман автомобиль йўллари корхонасининг 5 миллиард 200 миллион сўмлик инвестицияси ҳисобига асфальт заводи қурилиши жадал олиб борилмоқда.

2018-2019 йилларда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган ва шакллантирилган истиқболли лойиҳалар ҳам одамларда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Уларнинг 71 миллиард сўм қийматидаги 45 таси жорий йилда фаолият бошлайди ва 354 янги иш ўрни яратилади.

Амалга оширилаётган бундай изчил ислоҳотларда Навбаҳор тумани аҳлининг орзу-умиди, озод ва обод Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси мужассам. Янги давр, замон бизга ҳар бир жабҳада ана шундай мисли кўрилмаган имкониятлар берди. Бажаришимиз лозим бўлган ишлар эса ҳали жуда кўп. Туман марказида замонавий шаҳарча, кўркам истироҳат боғи барпо этиш, ички йўлларни таъмирлаш, китоб дўконларини кўпайтириш, айниқса, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш шулар жумласидандир.

Халқимизнинг қадимги ҳикматларида “Инсон бахт изламайди, бахт инсонни излайди”, деган ибора бор. Бугун мамлакатимизда рўй бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар ана шу қадим ҳикматнинг ҳаётимизда ўз ифодасини топишига замин яратмоқда. Зеро, қалби пок, юзи ёруғ элнинг эртаси ҳам албатта, нурафшон бўлади.

Лочин Облақулов,
Навбаҳор тумани ҳокими
вазифасини бажарувчи.

ЎзА
7 234