Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.03.2017 12:47 Чоп этиш версияси

Бахшилар мадҳида истиқлол

14 март – “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони таъсис этилган кун

Эрта кўкламда бахшининг илҳоми жўш уради. Чарақлаган офтоб, новдада кўз очган куртак, илиқ шабада, сабза майсалар завқи ила ижодга киришиб, янги қўшиқлар, матал ва эртаклар тўқийди. Шу кезларда биз ҳам дўмбиранинг шўх оҳанги, бахшининг жўшқин хонишини қўмсаб қоламиз. Унинг хумори шунчаки хумор эмас, балки қон-қонимизга сингиб кетган маънавий-руҳий эҳтиёждандир. Бу эҳтиёж ота-боболаримиз минглаб йиллар давомида шу санъатдан баҳраманд бўлиб келгани боисдир балки.

Халқ оғзаки ижоди доимо халқнинг бадиий тарихи, миллий ва маънавий қадриятларининг сарчашмаси бўлиб келган. Ана шу бебаҳо ижодни асрлар оша сайқаллаб, кўз қорачиғидек асраб келган бахшиларга истиқлол йилларида юксак эҳтиром ва эъзоз кўрсатилмоқда.

1999 йилда мамлакатимизда «Алпомиш» достонининг минг йиллиги кенг нишонланди. 2000 йил 14 мартда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармонига мувофиқ "Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси" фахрий унвони таъсис этилди. Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги “2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда бахшичилик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, достончилик мактабларини ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мамлакатимизнинг Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида бахшичилик санъати анъаналари ривожланмоқда. Ҳозирги кунда бу ҳудудларда бир неча достончилик мактаблари мавжуд. Уларда "устоз-шогирд" йўли билан бахшичилик анъаналари давом эттирилаётир.

Анъанавий ўтказилаётган фестиваллар, кўрик-танловлар, айтишувларда бахшилар маҳорати чархланмоқда. Йиғинлар, тўй-ҳашамлар, давраларда халқимизнинг ватанпарварлик, баҳодирлик, жасурлик, меҳр-садоқат ҳақидаги азалий ҳикматлари жамланган достонлар жарангламоқда. Юртимизда байрамлар, шодиёналар, Наврўз сайли бахшилар иштирокисиз ўтмайди.

Истиқлол йилларида бахшичилик санъатига эътибор ошиши билан бирга халқ оғзаки ижоди намуналарини илмий ўрганиш ишлари ҳам изчил олиб борилаётир. Бу жараёнда халқ ижоди маҳсули бўлган достонлар ёшлар маънавиятини юксалтиришда тарбия омили эканлиги қайта-қайта эътироф этилмоқда.

– Фольклоршунос олимларимиз таъкидлаганидек, халқимиз оғзаки ижоди маҳсули бўлган «Алпомиш», «Гўрўғли», «Рустам», «Равшан» каби достонларимиз, эртаклар, қўшиқлар, матал ва мақоллар ёш авлоднинг маънавиятини бойитиш, уларда гўзал инсоний фазилатларни шакллантиришда муҳим манбадир, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фольклоршунослик ва диалектология кафедраси доценти Абдумурод Тиловов. – Ўзбек халқ достонларида маънавий-ахлоқий қадриятлар, инсон камолотига тўсқинлик қилувчи иллатлар шунчаки панд-насиҳат тарзида эмас, балки жонли, таъсирли воқеа-ҳодисалар, нозик деталлар орқали етказилишига гувоҳ бўламиз.

Бир мисол. «Алпомиш» достонида устоз ҳузурига таълим олиш учун йўлда кетаётган ёш Алпомиш бир қушни қувади. Қуш бир девор ковагига кириб кетади. Қушни тутолмаган Алпомиш ўша ковакни лой билан суваб ташлайди. Маълумки, орадан бир неча муддат ўтгач, Алпомиш ўзи зиндонга тушади ва у ерда етти йил ётади. Зукко ўқувчи бундан «Ҳатто бир қушга етказилган озор, албатта, жазосиз қолмас экан», деган хулоса чиқариб олиши табиий.

Бахшичиликнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, бу санъатни сохталаштириб бўлмайди. Унинг жозибаси жонли ижрода. Соз, бадиий-ғоявий жиҳатдан юксак асар уйғунлигида Ватан мадҳи, баҳодир алплар жасорати, ёр васли куйланади. Уларни тинглай туриб, яхшиликни кўнгилга жойлаб, ёмонликдан юз ўгирамиз. Ҳатто Бойчибору Ғиркўкларнинг ерга ураётган туёқлари зарбини ҳис қиламиз, Алпомишга елка тутиб, Ойбарчинга қулоқ тутамиз... Бунинг сири эса ҳар бир сўз, ҳар бир оҳангнинг ўзига хос фазилатини англаган бахшининг ижро маҳоратида.

Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси Шодмон Хўжамбердиевнинг ижро маҳорати ҳам ана шундай қийматга эга. У Шеробод достончилик мактабининг уста бахшиларидан бўлган Шотўра бахшининг набираси, сулоланинг учинчи авлоди. Уч-тўрт ёшиданоқ «Алпомиш» достонидан парчалар ёдлаган, тўққиз ёшида даврада достон куйлаган. Қодир бахши Раҳимов, Чори бахши Умиров, Қўшбоқ бахши Мардонақулов каби ўткирнафас устозлардан сабоқ олган.

Ш.Хўжамбердиев Термизда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган “Бахши-шоир, оқин ва жировлар” кўрик-танловида бахшичилик маҳоратини юксак даражада намоён қилиб биринчи ўринни қўлга киритди. Айни вақтда Сурхондарё вилояти Шеробод тумани маданият ва аҳоли дам олиш марказида ташкил этилган бахшичилик тўгарагида ёшларга сабоқ бермоқда.

– Юртимизда бахшиларга кўрсатилаётган эътибор ва рағбатдан дилим тошган вақтларда бобом Шотўра бахшининг «Эркли элдагина бахшилар булбул бўлади» деган сўзларини эслайман, – дейди Шодмон бахши. – Бобом бахшиларни ўтмишнинг акс-садоси дер эди. Улар бугуннинг янгроқ овози ҳамдир. Ахир, осудаликда ўтаётган ҳар бир кунимиз, фаровон ва бахтли ҳаётимиз, ҳар соҳада қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг ҳар бири достон-ку?! Уларни биз куйламай, ким куйласин?!

Мустақиллик муродларга етказди,

Ғам-аламни қалбимиздан кетказди,

Бойсунтовдан поезд йўлни ўтказди,

Буюк ишлар мустақиллик туфайли...


Бу сўзларнинг бари самимий, дилдан тўкилиб тушаётгани аён. Йўқса бахшининг мижжасида шукроналик ёши, мухлислар хитобида олқиш бўлармиди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 154






Все о погоде - Pogoda.uz