Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.09.2018 17:49 Чоп этиш версияси

“Baby Plaza” – хусусий мактаб

“Baby Plaza” – хусусий мактаб Наманган шаҳрида “Baby Plaza” хусусий умумий ўрта таълим мактаби иш бошлади.

Таълим муассасасининг очилишига бағишланган тадбирда шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, халқ таълими муассасалари масъул ходимлари, ота-оналар, фахрийлар ва ўқувчилар иштирок этди.

Мамлакатимиз тараққиёти, келажагини белгиловчи омиллардан бири сифатида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, таълим тизимини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

1.jpg

– Ҳар қандай давлат ва жамият равнақи халқнинг интеллектуал салоҳияти билан боғлиқ эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда, – дейди Наманган шаҳар ҳокими Ш.Абдураззоқов. – Биз буюк аждодларимиздан мерос интеллектуал салоҳиятга эга авлодлармиз. Фарзандларимизда ана шу истеъдодни тўғри тарбиялаб, рўёбга чиқаришда халқ таълими тизими ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу нуқтаи назардан, бугун Президентимиз томонидан соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ижтимоий мавқеини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таълим сифати ва самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, соҳада хусусий секторга кенг ўрин берилаётгани ҳам таълим тизимини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш йўлидаги истиқболли ислоҳотлар самарасидир.

Бу борада яратилган кенг имкониятлар “Жавоҳир Мадинабону Дилшодбек” МЧЖ таъсисчилигида ташкил этилган “Baby Plaza” хусусий умумий ўрта таълим мактабида ҳам ўз ифодасини топди.

Шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири – Бобур шоҳкўчасида қад ростлаган уч қаватли кўркам мактаб биносини қуриш ва жиҳозлаш учун муассис томонидан 200 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя йўналтирилди. 100 нафар ўқувчига мўлжалланган мактабда 1, 2 ва 3-синф ўқувчиларига давлат таълим стандартлари ҳамда энг замонавий инновацион педагогик технологиялар асосида билим бериш учун барча шароит яратилди. Ҳар бир синф хонаси 14 ўқувчига мўлжалланган якка тартибдаги стол-стуллар, электрон доска ва бошқа ўқув-кўргазмали воситалар билан таъминланган. Кутубхона ўқитувчи ва ўқувчилар билимини янада бойитишга хизмат қиладиган китоблар, мўъжаз ўқув залига эга. Ўқувчиларнинг саломатлиги шифокорлар назоратида. Бу ерда ташкил этилган тиббиёт хонаси биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур воситалар билан жиҳозланган. Санитария-гигиена хоналарига ҳам кичкинтойларга мос замонавий сантехника тизими ўрнатилиб, совуқ ва иссиқ сувнинг узлуксизлиги таъминланган. Ўқувчиларга икки маҳал дармондориларга бой маҳсулотлардан тайёрланган иссиқ овқат берилади.

6.jpg

Бундан ташқари, мактаб ҳовлисидаги мўъжаз спорт майдони, бино ичидаги спорт залида ўғил-қизлар бадиий гимнастика, эркин кураш, шахмат-шашка, волейбол, баскетбол билан шуғулланиши, рақс, рассомчилик санъати бўйича қобилиятини ўстириши мумкин. Ҳовлида ташкил қилинган йўл ҳаракати хавфсизлиги майдончасида светофор, йўл белгилари макетлари ёрдамида кичкинтойлар йўл қоидаларини амалий равишда ўрганади.

– Таълим рус тилида олиб борилади, – дейди мактаб директори М.Хўжаева. – Биринчи ўқув йилида мактабга 75 нафар ўқувчи қабул қилинди, уларга қатъий танлов асосида ишга қабул қилинган 7 нафар олий тоифали педагог машғулот ўтади.

Тадбир меҳмонларини жажжи болажонлар ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги шеър ва қўшиқлар, қувноқ рақслардан тузилган концерт дастури билан хушнуд этди.

– Ушбу мактаб вилоятдаги хусусий умумий ўрта таълим муассасаларининг олтинчиси, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари М.Эсонбоев. – Мавжуд хусусий мактабларда айни кунда 1100 нафардан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Янги ўқув йилидан улар сафига яна 490 нафар 1-синф ўқувчиси қўшилади. Шунингдек, жорий йилнинг ўзида ҳар бир туманда биттадан хусусий мактаб ташкил қилиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
5 359