Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 14:29 Чоп этиш версияси

Бағрикенглик – тинчликнинг муҳим омили

Бухорода "Бағрикенг Ўзбекистон” шиори остида ўтказилаётган ёшлар фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ёшлар ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувликни кенг тарғиб қилишга қаратилган фестивалда юртимизда турли миллат вакиллари аҳил-иноқ ва ҳамжиҳатликда яшаб, барчамиз учун ягона бўлган Ватанимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилаётгани таъкидланди.

Фестивалнинг қуйи босқичларида турли ёшдаги йигит-қизлар ўртасида иншо, шеърият, рассомлик ҳамда турли миллат ва элат вакилларининг миллий рақс санъати бўйича танловлар ўтказилди. Унда 2 мингдан зиёд иштирокчилар орасидан сараланган 169 нафар истеъдод соҳиби вилоят босқичида ўз маҳоратини намойиш этди.

– Қоровулбозор туманида ташкил этилган “Дамино” рақс дастаси аъзосиман, – дейди жамоавий рақслар йўналишида биринчи ўринни эгаллаган Улмекен Шманова. – Рақс жамоамиз қозоқ тили ўқитиладиган 2-умумтаълим мактаби қошида 2015 йилда ташкил этилган. Қозоқ миллатига мансуб ўқитувчилардан иборат жамоамиз вилоят ва республика миқёсида ўтказиладиган турли маданий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб келаётир. Бугунги фестивалда ҳам муваффақиятли қатнашганимиздан мамнунмиз.

Фестиваль якунида ғолиб ҳамда фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ғолиблар фестивалнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА