ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Бағрикенглик, биродарлик ва раҳм-шафқат айёми муборак!

Бағрикенглик, биродарлик ва раҳм-шафқат айёми муборак!

Рамазон ҳайити исломдаги энг муқаддас байрамлардан бири бўлиб, бағрикенглик, биродарлик ва раҳм-шафқат рамзи ҳисобланади. Шу боисдан, ҳар бир мусулмон олами бу муборак кунни интиқлик билан кутади.

Президентимиз томонидан қабул қилинган “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ҳам бу йилги Рамазон ойи коронавирус пандемияси туфайли оила даврасида, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликда ўтгани ҳолда, Рамазон ҳайити байрами ҳам карантин талабларига мувофиқ ўтказилиши айтиб ўтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Баёнотида ҳам бу ҳақида сўз юритилиб, ҳайит кунлари ёши улуғ кексалар ва беморларни телефон орқали табриклаш тавсия этилган.

Шунингдек, Президентимизнинг Рамазон байрами арафасида жазо ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 258 нафар фуқарони афв этиш тўғрисидаги фармони эълон қилинди.

Мазкур инсонпарварлик акти – давлатимизнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаролар учун ғамхўрлигининг ёрқин мисолидир. Зеро, жиноятга қўл урган, боши деворга теккандан сўнг адашганлигини тушуниб етган одамларни афв этиш – муқаддас динимизнинг ҳам асосий арконларидан бири саналади.

Дарҳақиқат, муҳтожларга меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш халқимизга хос эзгу тушунчалар. Айниқса, бу савобли амаллар муборак моҳи Рамазонда янада кенг қулоч ёймоқда. Саховатли юртдошларимиз бир-бирлари ҳолидан хабар олишмоқда, кам таъминланган, ўзгалар ёрдамига муҳтожларга ҳар томонлама кўмак кўрсатишмоқда. Бу каби хайрли ишларимиз бардавом бўлсин.

Барчангизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин.

Илҳом РАЖАБОВ, 
ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши раиси.

3 762
ЎзА