Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 18-моддасидан)
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Бағрикенглик ҳафталигига старт берилди.
16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган мазкур тадбирда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган кўплаб миллий маданий марказлар вакиллари, олимлар, экспертлар, педагоглар, талаба-ёшлар, маънавият тарғиботчилари иштирок этмоқда.
Тадбир иштирокчилари Тошкент шаҳрининг Халқлар дўстлиги майдонидаги миллатимизнинг саховати, матонати, меҳр-муруввати, жасоратининг ўзига хос рамзига айланган Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ёдгорлигига гулчамбар қўйдилар.
Ҳафталик муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев мамлакатимизда миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида тотувлик, аҳилликни таъминлаш масаласи давлат сиёсатида устувор ўрин эгаллашини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан инсон манфаатларини таъминлаш, юртимизни янада равнақ топтириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида барча миллатлар учун тенг шароит ва имкониятларни яратиш, миллатлараро муносабатни таъминлашда ҳамжиҳатлик, бағрикенглик каби тамойилларга таянишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бу борадаги муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси 11-16 ноябрь кунлари Бағрикенглик ҳафталигини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Ушбу ҳафталикнинг янада кўтаринки руҳда ўтишида Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар, Адлия, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ёзувчилар уюшмаси каби ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларининг аҳил оила фарзандларидек яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиши, ижодий салоҳиятини юзага чиқариши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддаси билан мустаҳкамланган.
– Марказимизнинг бўлинмалари мамлакатимизнинг барча вилоятларида самарали фаолият кўрсатмоқда, – деди Республика Озарбайжон миллий маданий маркази раиси Фирдуси Гусейнов. –Уларнинг кўнгилдагидек ишлаши, миллий анъана ва қадриятларимизни янада ривожлантириш, асраб-авайлаш учун юртимизда барча шароит яратилган. Марказимиз жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва осойишталикни, ижтимоий барқарорлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳурмат, аҳиллик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга турли маданий-маърифий тадбирлар, ижодий танловлар ўтказиш орқали ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Кейинги йилларда озарбайжон миллатига мансуб кўплаб фуқаролар ҳам Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланмоқда. Буларнинг барчаси миллатидан қатъи назар, ҳалол ва фидокорона, сидқидилдан бажарилган меҳнат давлатимизнинг доимий эътиборида эканининг амалий ифодасидир.
– Иккинчи жаҳон уруши йилларида Шоаҳмад ота Шомаҳмудовнинг оиласи каби кўплаб ўзбек оилалари собиқ иттифоқнинг уруш олови авж олган ҳудудларидан қанчадан-қанча болаларни, етимларни ўз бағрига олди, – деди Ўзбекистон Рус миллий маданий маркази раиси Сергей Миронов. – Қанча одамлар бу азиз диёрдан бошпана, меҳр ва эътибор, бахт, хотиржамлик, руҳий осойишталик топдилар. Буларнинг бари ўзбек халқининг нечоғли меҳридарё, саховатли, бағрикенг эканининг яққол тасдиғидир. Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларининг аҳилликда истиқомат этиши, миллий маданий марказларнинг эмин-эркин фаолият кўрсатиши учун зарур барча шароит ва имконият яратилган.
Бағрикенглик ҳафталиги давомида қизиқарли кўргазмалар, мулоқотлар, ижодий фестиваллар, концертлар, форумлар, анжуманлар бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Бу каби ижодий ҳафталиклар мамлакатимиздаги дўстлик, ўзаро ҳурмат, ишонч, меҳр ва саховатнинг амалдаги яна бир ёрқин намунасидир.