Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 18:07 Чоп этиш версияси

Бағрикенглик – аҳиллигимиз асоси

Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Бошқа тадбирлардан фарқли равишда мазкур маданий-маърифий учрашувлар махсус ҳисобга олинган фуқароларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, оила аъзолари ва яқинларини ижтимоий ҳимоялашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Тайлоқ ёшлар истироҳат боғида ташкил этилган шундай тадбирда туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар мустақилликнинг мазмун-моҳияти, юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Айрим сабабларга кўра, тўғри йўлдан адашган, турли оқимларга қўшилиб қолган юртдошларимиз Президентимизнинг бағрикенглиги, давлатимиз ва халқимизнинг кечиримлилиги туфайли ҳаётда ўз ўрнини топишига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши таъкидланди.

Тадбир доирасида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, 30 дан ортиқ фуқарога тумандаги корхона ва ташкилотларга ишга йўлланма берилди. Тижорат банклари мутахассислари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ажратиладиган имтиёзли микрокредитлар олиш тартиби ҳақида маълумот ва зарур тавсиялар берди.

“Соғлом танда – соғлом ақл” шиори остида бир неча спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда ёшлар фаол иштирок этди. Мусобақа ғолиблари ва фаол иштирокчилар “Энг яхши спортчи”, “Энг фаол йигит”, “Энг фаол қиз”, “Энг яхши тарғиботчи” каби йўналишлар бўйича рағбатлантирилди. Истеъдодли ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

– Бундай тадбирлар ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, уларни турли ёт ғоя ва иллатлар таъсиридан асраш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тайлоқ туман кенгаши раиси М.Ашуров. – Бугунги мусобақаларда ҳам йигит-қизлар фаол иштирок этиб, нималарга қодир эканликларини кўрсатди. Энг муҳими, 30 дан ортиқ ёшлар шу ернинг ўзида спорт тўгаракларига аъзо бўлди.

Маданий-маърифий тадбир якунида самарқандлик санъаткорлар ва ҳаваскор ёшлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 878






Все о погоде - Pogoda.uz