ЎзА Ўзбек

25.04.2018 18:10 Чоп этиш версияси

Баҳорнинг она заминга тўлаган солиғи...

Баҳорнинг она заминга тўлаган солиғи... “... Ажабо, тунда ёққан ёмғир баҳорнинг Она заминга тўлаган солиғи бўлса-я! Рустам шуларни ўйлаб, ҳайратдан қотиб турарди...”

Умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Солиқ билимлари – болаларга!” республика кўрик-танлови Наманган вилояти босқичида “Солиқ мавзусининг ҳикояларда акс эттирилиши” номинацияси бўйича ғолиб деб топилган Хуршида Маҳмуджонова ўз ҳикоясига шундай ташбеҳли якун ясагани солиқ ва табиат гўзаллигини ўзаро боғлай олиш маҳорати билан ҳакамлар ҳайъатини лол қолдирди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган кўрик-танловнинг вилоят босқичида умумтаълим мактабларининг 1-4 синфлари ўқувчилари “Солиқ мавзусининг суратлардаги тасвири”, 5-9 синф ўқувчилари “Солиқ мавзусининг ҳикояларда акс эттирилиши”, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари “Ўзбекистон Республикасида солиқ сиёсати” бўйича иншо ёзиш ҳамда “Солиқлар нима учун тўланади ва нималарга сарфланади?” мавзуида компьютер ишланмалари тақдимоти номинацияларида ўзаро баҳслашди.

13.jpg

Чортоқ туманидаги 11-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Исломбек Абдунабиев, Уйчи туманидаги 26-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Хуршида Маҳмуджонова, Наманган хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Азиза Одилжонова, Норин туманидаги Норинкапа иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Шаҳло Раҳмонова ғолиб деб топилди.

Ғолиб ва фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
8 746