ЎзА Ўзбек

12.07.2019 12:38 Чоп этиш версияси

Баҳодиржон Сидиқов: “Ўзбекнефтгаз” АЖ еврооблигациялар чиқаради

Баҳодиржон Сидиқов: “Ўзбекнефтгаз” АЖ еврооблигациялар чиқаради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбар ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори моҳияти ва ижроси юзасидан маълумот берилди.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясида белгиланган вазифалар ва келажакда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинади.

– Мазкур қарорнинг энг асосий йўналиши Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган табиий газ ва углеводородлар билан ички бозорни тўлиқ таъминлашга қаратилган, – деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов. – Шу ўринда савол туғилади. Нега “Ўзбекнефтгаз” АЖ шу кунгача бу ишларни амалга оширмаган? Негаки ушбу акциядорлик жамияти ўз фаолияти давомида хўжалик юритувчи субъектлардан ташқари давлат функцияларини ҳам амалга оширган. Геологик қидирув, нефть ва газ конлари ишларини олиб бориш, газ тақсимотида давлат органи ролини бажарган. Яъни ўзининг зарарига бўлса ҳам баъзи бир самарасиз лойиҳаларни амалга оширишига тўғри келган. Мазкур қарорнинг энг муҳим жиҳати шундаки, давлат органи роли билан хўжалик юритувчи субъект тўлиқ ажратилди. Эндиликда “Ўзбекнефтгаз” АЖ фақат ўз вазифасини бажаради.

Таъкидланишича, бугунги кунда табиий газ ва углеводородларнинг ҳисоб тизими йўқ деса ҳам бўлади. Кейинги йилнинг охиригача республикада табиий газнинг аниқ ҳисоби тўлиқ жорий этилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ жаҳон бозорига чиқади. Ҳозирда халқаро рейтингга эга бўлиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, кейинги йил “Ўзбекнефтгаз” АЖ еврооблигациялар чиқаришни режалаштиряпти.

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА
2 178