ЎзА Ўзбек

12.07.2019 Чоп этиш версияси

Баҳодиржон Сидиқов: Табиий газ нархи ўзгаради, лекин...

Баҳодиржон Сидиқов: Табиий газ нархи ўзгаради, лекин...

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбар ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда мутахассислар Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори моҳияти ва ижроси юзасидан маълумот берди.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, 2018 йил 13 миллиард куб метр газ экспорт қилинган. Бугунги кунда Ўзбекистонда йилига 61 миллиард куб метр газ қазиб олинади. Шундан 35-40 миллиард куб метрини “Ўзбекнефтгаз” АЖ қазиб олади. Истеъмолчиларга 35 миллиард куб метр газ етказиб берилмоқда. Республиканинг ички истеъмоли эса 39-40 миллиард куб метрни ташкил этади. Қарорга кўра, табиий газни қазиб олиш ҳажмини кейинги йил 41 миллиард куб метрга, 2024 йилда эса 42,3 миллиард куб метрга олиб чиқиш режалаштирилган.

– Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2 миллиард доллар атрофида қарзимиз бор, – деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов. – Ушбу кредитни ўз вақтида тўлаб боряпмиз. “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2017-2018 йиллар зарар билан чиқди. Агарда бу йил соҳада катта ислоҳотлар бўлмаганида акциядорлик жамияти яна молиявий зарар кўрарди. Бугунги кундаги “Ўзбекнефтгаз” АЖ муаммоларини ҳал қилишимиз учун газ нархини икки баравар оширишимиз керак. Шундагина муаммолар ижобий ҳал этилади. Бу таклифни муҳтарам Президентимизга олиб кирдик. Қаттиқ танбеҳ эшитдик. Эндиликда ўз имкониятимиздан келиб чиқиб, юқоридаги муаммолардан қутилиш йўлини излаяпмиз. Бунинг учун давлат томонидан бизга катта ёрдам берилмоқда. Мавжуд муаммонинг 20 фоизини тарифлар оширилиши орқали, қолган 80 фоизини давлатнинг молиявий ёрдами орқали ҳал қиладиган бўлдик. Ишлаб чиқилаётган тарифларда катта ўзгаришлар бўлмайди. Бу инфляция даражасида бўлади.

21 519
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА