ЎзА Ўзбек

30.08.2018 18:28 Чоп этиш версияси

Бағдодда халқ сайли

Бағдодда халқ сайли
Фарғона вилоятининг Бағдод тумани истироҳат боғида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган халқ сайли бўлиб ўтди. 

Тадбир доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 200 дан ортиқ корхона ва ташкилот 867 бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмаркада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бағдод туман кенгаши томонидан карвинг санъати бўйича машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, кредит олиш тартиби, Иттифоқнинг эртамиз эгаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалари билан танишди. 

Туман бандлик ва меҳнат муносабатлари бўлимининг жамоат ишларини ташкил этиш пункти томонидан 70 дан зиёд хотин-қизга ишга йўлланма берилди. Уларнинг 35 нафари таълим масканларига ишга жойлашди. 

Шу куни туман марказий стадионида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий хизматга қизиқиши ва интилишини кучайтириш, Қуролли Кучларимиз қудратини намоён этишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди. Иқтидорли ёш спортчилар ўз маҳоратини намойиш этди. Ватан, тинчлик ва ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. 

10.JPG

11.JPG


Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
2 934