Бўзатовда наслли моллар сони ортмоқда
Ўтган йили Қорақалпоғистонда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган Бўзатов туманига олиб келинган симментал ва голштейн наслли моллари сони кўпая бошлади.
Ўтган йили Қорақалпоғистонда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган Бўзатов туманига олиб келинган симментал ва голштейн наслли моллари сони кўпая бошлади. «Еркиндаря шаруа» фермер хўжалигидаги наслли иккита сигир болалади.
– Фермер хўжалигимизга 25 та голштейн, 25 та симментал наслли молларини олиб келганмиз. Хўжалигимизда ҳозирда 10 дан ортиқ киши иш билан банд. Молларни иқлимимизга мослаштириш мақсадида очиқ ва ёпиқ қўра қурдик. Ёз иссиқ бўлишини ҳисобга олиб, ёзги қўрада тепадан сув пуркагич қурдик. Қишда ёпиқ қўрага ўтказилади. Янги туғилган иккита бузоқнинг ҳолати яхши. Энди бу ёғига бошқалари ҳам болалай бошлайди, – дейди хўжалик раҳбари Абатбай Данжанов. – Молларнинг энг хавфли душмани кана ҳисобланади. Кана босмаслиги учун қўра тез-тез дезинфекция қилинмоқда.
Молларнинг озуқаси учун фермер хўжалиги тасарруфидаги ер майдонида беда ўсимлиги етиштирилади. Бедани бир йилда 3-4 марта ўриб олиш мумкин. Ем учун асосан буғдой кепаги берилади. Битта наслли мол 3 та маҳаллий сигирнинг маҳсулотини бериши мумкин. Голштейн сигирлари сут, симментал сигирлари эса гўшт маҳсулотларини етиштириш мақсадида боқилмоқда. Масалан, маҳаллий сигирлар кунига 10 литр сут берса, наслли мол 30-35 литргача сут беради, маҳаллий буқалар нари борса 300-350 кило гўшт берса, симментал сигирлари 1 тоннагача салмоқ босади ва кам ёғли бўлади.
Симментал молларининг янги туғилган бузоқлари 35-45 кило, 6 ойлигида 190-200 кило вазнга эга бўлади. Ёш молларни парваришлашда ва бўрдоқилашда кунига ўртача 800-1100 граммдан семиради. Новвосларнинг сўйим чиқими 56-58 фоизга, бўрдоқиланган катта ёшдаги молларники эса 64 фоизгача боради.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Бўзатов тумани қайта ташкил қилиниб, унга Кегейли туманининг «Қусқанатов», «Еркиндаря», «Аспантай» овуллари, «Бўзатов» шаҳарчасининг ҳамда Чимбой тумани «Кўк-сув» овулининг ҳудудлари бирлаштирилган эди.