ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Бўз-сув каналига чиқинди ташлаган шахслар жавобгарликка тортилди

Бўз-сув каналига чиқинди ташлаган шахслар жавобгарликка тортилди
Бош прокуратура атроф-муҳит муҳофазаси, айниқса, оби-ҳаёт — сувни ифлослантиришга қаратилган ҳаракатларнинг олдини олишда барча юртдошларимиз масъул эканини эслатиб, бу борадаги барчани огоҳликка чиқаради. Акс ҳолда, бундай хатти-ҳаракатлар жиноий жавобгарликкача бўлган ҳуқуқий чоралар қўллашга сабаб бўлиши мумкин.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов эслатма қилиш билан бирга Бўз-сув каналига чиқинди ташлаган шахслар жавобгарликка тортилгани ҳақида маълум қилди.

2020 йил 23 мартда фуқаро У.А. ўзи истиқомат қиладиган Юнусобод тумани Оқтепа маҳалласи Бўз-сув кўчасидаги уйнинг “Бўз-сув” канали қирғоғига туташган орқа томонини кенгайтириш ва боғ ташкил қилиш мақсадида, ҳайдовчи Ф.М.дан канал қирғоқларини тўлдириб беришни сўраган.

Ўз навбатида, Ф.М. ўзининг ҳамда шериги М.Х.нинг юк машиналарида қурилиш чиқиндиларини олиб келиниб, “Бўз-сув” канали қирғоқларига тўккан. Бу эса сувнинг ифлосланишига сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.А., Ф.М. ва М.Х.ларга нисбатан МЖтКнинг 72-моддаси (Сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 91-моддаси (Саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш) билан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш қўзғатилиб, ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, яъни 1 миллион 115 минг сўмдан жарима жазоси тайинланди.

Шу билан бирга, “Бўз-сув” канали қирғоғи ҳуқуқбузарлар томонидан ташланган чиқиндилардан тозаланди.

550
ЎзА