ЎзА Ўзбек

01.03.2020 Чоп этиш версияси

​Бўстонлиқ туманидаги айрим хизмат кўрсатувчиларга супа ва қайиқ солиғи жорий этилади. Нега? + видео

​Бўстонлиқ туманидаги айрим хизмат кўрсатувчиларга супа ва қайиқ солиғи жорий этилади. Нега? + видео

Бўстонлиқ тумани юртимизнинг энг сўлим гўшаларидан бири бўлгани сабабли маҳаллий ва хорижий дам олувчилар оқими тўхтамайди.

Ёзнинг жазирама ва қишнинг оппоқ қорли кунларида бу ердаги Сижжак, Товоқсой ва бошқа табиати гўзал қишлоқларида дам олишни ҳамма бирдек хоҳлайди.

Албатта, сайёҳлар оқимининг кўплиги бу туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятига ва аҳолининг турмуш фаровонлигига ижобий таъсирини кўрсатиб келмоқда.

Бироқ, тумандаги аксарият фуқаролар «дача»ларни ва бошқа аҳолига хизмат кўрсатиш воситаларини ижарага беришдан катта миқдорда даромад олса-да солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтмасдан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳоллари учраётган экан.

Хусусан, ишчи гуруҳнинг ўтган йили мазкур туманда ўтказган ўрганишларида дала ҳовли ва уй-жойларни ижарага бериб даромад олаётган фуқаролар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтганларга нисбатан 6 олти баробар кўплиги маълум бўлди.

Ана шундай салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги қарорига кўра, Бўстонлиқ туманида 2020 йил 1 майдан 2021 йил 1 майгача алоҳида тартиб синовдан ўтказилади.

Бунда сув транспорти, сув мотоцикллари, қорда юрадиган техника воситалари, квадрацикллар, параплан ва дельтапланлар, шунингдек, супа, сўри ва шунга ўхшаш дам олиш жойлари жисмоний шахсларнинг даромад манбаи ҳисобланади ва солиққа тортилади.

Бундай тажрибадан мақсад нима?

Солиқ миқдорининг ошиши, дам олишга борувчилар чўнтагига зарар келтирмайдими? Бу ва яна бир қатор саволларга Давлат солиқ қўмитасининг бош инспектори Наврўз Ғаниев жавоб берди.



– Ушбу янгиликлар давр талаби, – дейди Н.Ғаниев. – Тажрибадан мақсад солиқ тўловчиларни ўз мажбуриятларини вақтида, тўлиқ ва тўғри бажарилишини таъминлашдир. Яқин кунларда Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ таянч пункти ташкил этилади. Уларда фаолият юритадиган ходимлар ушбу қарорда кўрсатилган ва солиққа тортиладиган кўчар ва кўчмас мулк объектларини ҳисобга олади.

Мисол учун, сув транспортини ижарага бериш хизматларини кўрсатиш учун 50 минг қатъий белгиланган солиқ тўланади. Бу мавсумда 150 минг сўм дегани. Ўрганиш натижаларида битта скутернинг ўртача кунлик тушуми 800 минг сўм, бир ойлик солиқдан 16 баробар кўп, ўз навбатида бир ойда 24 миллион сўм ва мавсумда 72 миллион сўм бўлиши аниқланди. 

Тажриба даврида жисмоний шахслар дам олиш уйлари, яшаш учун мўлжалланган турар жойлар ва бошқа айрим мол-мулкларни махсус гувоҳнома асосида ижарага беради.

Мазкур гувоҳнома солиқ органларининг таянч пунктлари мулк эгасига бепул тақдим этади. Ижарага бериш махсус чеклар тақдим этиш орқали амалга оширилади. Нақд пулни банк кассасига топшириш ихтиёрий ҳисобланади.

Гувоҳномасиз ижарага бериш ва маълумотларни ДСҚнинг электрон платформасига муддатида киритмаслик – солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, деб ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, айни вақтда сайёҳларни қизиқтириш мақсадида ҳудудда жойлашган дам олиш масканлари ва техникалар ҳақидаги аниқ маълумотлар акс эттирилган фотоиллюстрациялар тайёрланмоқда. Улар Бўстонлиқ туманининг «ташриф қоғози» бўлади.

Айни вақтда бу янгилик ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

9 037
Сайёра ШОЕВА, Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА