ЎзА Ўзбек

18.07.2018 16:28 Чоп этиш версияси

“Бўстон” қачон номига муносиб бўлади?

“Бўстон” қачон номига муносиб бўлади?
Фарғона-Қўқон автомобил йўлида жойлашган “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод қишлоқ” дастури асосидаги ишлар суст бажарилмоқда.

Фарғона вилояти Риштон туманида “Обод қишлоқ” дастури асосида “Хуррамобод” ва “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилиши белгиланган. Ҳозирга қадар манзилли чора-тадбирларга мувофиқ, мазкур ҳудудларда бир қатор ишлар бажарилди.

Хусусан, “Хуррамобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ички йўллар таъмирдан чиқарилди, кўчалар ободонлаштирилиб, тобора чирой очмоқда, турли маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростламоқда. Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилиб, тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Албатта, бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар қишлоқ одамлари ҳаётини янада фаровон этиш, турмуш даражасини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Афсуски, Фарғона-Қўқон автомобил йўлида жойлашган “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида мазкур йўналишдаги ишлар суст бажарилмоқда. 

a2a12792-51b3-44ec-ad07-7e8e47e1491d.jpg

Сабаби, дастур ижросига мутасадди бўлган раҳбарлар бунга бефарқ муносабатда бўлаётир. Ҳудуддаги катта йўл бўйида жойлашган, талабга жавоб бермайдиган уй-жойлар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бузилиб, замонавий меъморчилик асосида қайта қурилиши белгиланган. Аммо масъул тижорат банклари томонидан бу ердаги тадбиркорлар ва аҳолига кредит ажратишда масъулиятсизликка йўл қўйилмоқда. “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Ипотека банк” Фарғона филиаллари ходимлари фаолиятига аҳолида ҳақли эътирозлар бўлмоқда. Чунки, тижорат банклари вакиллари “қуруқ ваъдалар” билан юрибди. 

– Маҳалламиз обод бўлса, шароитлар яхшиланса, бизга ҳам яхши-ку, – дейди шу ерда яшовчи Каримжон Омонов. – Биз асосан тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланамиз. Мен фаолиятимни янада ривожлантириш учун банклардан 200 миллион сўм кредит сўраб, сарсон бўляпман. Улар томонидан билдирилаётган турли баҳона-ю важлар ҳамманинг ҳафсаласини пир қилмоқда.

d4739bd5-2c7a-42c1-93d0-f3281f45298a.jpg

Намунавий лойиҳа асосида уй-жойлар қуриш ва таъмирлаш, лойиҳа-сметаларини ишлаб чиқиш борасида ҳам мутасадди ташкилотлар қўл қовуштириб турганини қандай изоҳлаш мумкин? Аксарият хонадонларнинг кадастр ҳужжати йўқ. Эҳтимол, мана шулар ҳам банкларнинг кредит ажратишида тўсиқ бўлаётгандир...

Уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли асосан ҳунармандчилик ва тадбиркорлик билан шуғулланади. Эътиборли жиҳати, Риштон азалдан ҳунармандчилиги билан ҳам машҳур. Шунинг учун туманга кўплаб хорижлик сайёҳлар ташриф буюради. Албатта, бу ҳудуд янада обод бўлиб, инфратузилмаси яхшиланса, аҳолининг ҳам фаровонлиги ошади. Вақт ўтиб бормоқда, амалий ишдан эса дарак йўқ.

12f7674e-e4eb-4ad4-b5be-c658602f873c.jpg

“Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Ҳазрати Хизр” зиёратгоҳи жойлашган бўлиб, бу ер доимо зиёратчилар билан гавжум. Лекин зиёратчилар учун ҳеч қандай шароит йўқ, санитария талабларига жавоб бермайди. Бу ердаги савдо-сотиқ билан шуғулланаётганларни кўриб, таажжубга тушишингиз аниқ, “қўлбола” савдо расталари, ариққа ташланган ахлат уюмлари ҳеч бир мутасаддини қизиқтирмайди. 

dbe35a29-9122-40f9-9dee-025126764fe2.jpg

– Дастур ижросини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги ҳар бир хонадонга кириб, тушунтириш ишлари олиб бордик, – дейди туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, сектор раҳбари Лазизжон Холиқбердиев. – Ҳақиқатан ҳам “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида бир қатор муаммолар йиғилиб қолган эди. Бу муаммоларни амалий ҳал этиш учун аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. 28 тадбиркорлик субъекти томонидан савдо мажмуалари ташкил этилмоқда, ичимлик суви муаммоси ҳам ўз ечимини топмоқда.

Бугун бу ердаги аҳоли “Обод қишлоқ” дастуридан кўп нарсаларни кутмоқда. Фақат уларга зарур кўмак кўрсатиш, оғирини енгил қилиш керак, холос. Бўстон ўз номи билан боғ-у бўстонга, обод масканга айланиши керак.

М. Сулаймонов, ЎзА
5 525