ЎзА Ўзбек

23.07.2018 19:09 Чоп этиш версияси

Бўш вақт мароқли ўтмоқда

"Ёз – 2018"

Сирдарё вилоятида ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига жалб этилмаган ўқувчилар ўртасида турли маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Вилоят халқ таълими бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари, танлов, викторина ва спорт беллашувлари барча умумтаълим мактаблари, Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий номли Билимдонлар маскани ҳамда ҳудудий “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказларида бўлиб ўтмоқда.

– Соғломлаштириш оромгоҳларига жалб этилмаган ўқувчилар ўртасида “Ёз – 2018” концепцияси доирасида ўтказилаётган турли тадбирларда 112 минг 458 нафар ўқувчи-ёшлар қатнашмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси етакчи мутахассиси Зулфия Неъматова. – 15 июлдан бошланган тадбирлар 15 августга қадар давом этади. Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад – ўқувчиларнинг ёзги таътили ва бўш вақтини мароқли ўтказиш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни турли диний оқимлар таъсиридан асрашдир.

Умумтаълим мактабларида спортнинг футбол, баскетбол, волейбол, гандбол, енгил атлетика, шахмат-шашка, стол тенниси, кураш каби турлари, шунингдек, “Ўртага тушар”, “Беш тош”, “Елкада кураш”, “Минди”, “Жамбил”, арқон тортиш каби халқ ўйинлари бўйича ўтказилаётган баҳсларда 13-16 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этмоқда. Мусобақалар ҳар куни эрталаб соат 8.00 дан 10.00 гача, кечқурун 18.00 дан 20.00 гача белгиланган жадвал асосида ўтаётир.

“Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказларида тасвирий санъат, мунчоқли безак, бичиш-тикиш, тўқиш, пазандалик, ёғоч ўймакорлиги, ашула ва рақс бўйича ҳам ўқувчилар ўз санъатларини намойиш этмоқда.

Вилоят ахборот-ресурс марказида “Компьютер саводхонлиги синовлари”, “Интернетдан фойдаланишни биласизми?”, “Электрон кутубхона – маълумотлар макони” каби викториналар ташкил этилмоқда.

Вилоят марказидаги Алишер Навоий номли Билимдонлар масканида эса “Ёш китобхон”, “Китоб бизни бирлаштирди”, “Менинг адабий қаҳрамоним”, “Китобим – офтобим” каби танловлар ўқувчи-ёшлар орасидан истеъдодлиларни кашф этмоқда. Жойларда олимлар, ижодкорлар, спортчилар билан ижодий учрашув ва давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда.

Тадбирларда фаол иштирок этган ўқувчилар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланаётир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 572