Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.07.2018 17:28 Чоп этиш версияси

Бўлинма янги бинода иш бошлади

Бўлинма янги бинода иш бошлади Жиззах шаҳар ички ишлар бўлимининг 3-сон бўлинмаси Алишер Навоий номидаги маҳалла ҳудудида тўлиқ реконструкция қилинган икки қаватли бинода иш бошлади.

Мамлакатимиз ички ишлар тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳолининг тинчлик ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда юксак самара бермоқда.

Жиззах шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини татбиқ этиш бўйича шу йил март ойида 2-сон ички ишлар бўлинмаси янги бино билан таъминланган эди. Орадан уч ойдан кўпроқ вақт ўтиб, Маданият, Кўтарма, Тинчлик, Хайробод, Алишер Навоий, Ҳамид Олимжон маҳаллаларига хизмат кўрсатувчи бўлинма ҳам янги бинога эга бўлди. 

11.JPG

1 миллиард 610 миллион сўмлик реконструкция ишлари бажарилган замонавий иншоотда ҳуқуқ-тартибот посбонлари самарали фаолият юритиши учун барча қулайликлар яратилди. Бўлинманинг навбатчилик қисмида “Хавфсиз шаҳар” бошқарув ситуацион маркази ташкил этилди. Марказ йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати, патруль-пост хизмати ва бошқа тармоқларни геоинформацион тизим орқали бошқаради.

Бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойлари видеокузатув ускуналари, замонавий сигнал узатиш техникаси билан марказга уланган. Бу жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, уларни тез фурсатларда фош этиш имкониятини кенгайтиради.

Бўлинмада тергов, суриштирув, жиноят қидирув, саралаш хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган. Шахсий таркиб учун дам олиш хонаси, маънавият ва маърифат хонаси, ошхона ишлаб турибди. 

15.JPG

Бино очилишига бағишланган маросимда ҳудуддаги маҳаллалар фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан ички ишлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида тизимнинг қуйи бўғинига алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, профилактика инспекторларига хизмат уйи ва енгил автомашиналар бериш тартиби жорий этилиши ҳуқуқбузарликлар камайишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Ички ишлар тизимини ислоҳ қилишда бўлинмалар фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам ўз самарасини бермоқда, – дейди вилоят ички ишлар ходимлари фахрийлар кенгаши раиси Н.Маҳаматов. – Бу йиллар давомида синовдан ўтган усул. Ички ишлар бўлинмаларига яратиб берилаётган қулай шароит жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди. Бу ҳамкорлик ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини ишончли таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
2 782