Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.08.2018 13:15 Чоп этиш версияси

“Бўлди ажиб ҳангомалар“ ёхуд фермернинг айби нима?

“Бўлди ажиб ҳангомалар“ ёхуд фермернинг айби нима?

Машҳур сўз устаси Ҳожибой Тожибоев бир аскиясида фермернинг хориждан наслли мол келтириб, маҳаллий шароитга мослаштирганию, чет эллик ҳамкорнинг ўзи сотган моллари ачинарли аҳволга тушиб қолганини кўриб, жонига қасд қилганини жуда маромига етказиб айтган ва ҳаммамизни кулдирган эди.

photo5427155237283670237.jpg

Бу шунчаки тингловчиларни кулдириш учун кўпиртириб айтилган гаплар эди. Раҳматли қизиқчи буни “осмондан“ олмаган, ҳаётимизда учрайдиган гап экан. Қандай қилиб, дейсизми? Унда эшитинг, йўғ-э, ўқинг!

photo5427155237283670238.jpg

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманилик “Асқар Исмоилов боғи” фермер хўжалиги раҳбари Бозор Исмоиловнинг аҳволи аскиядагидан-да аянчли эканидан на кулишингизни, на куйишингизни биласиз. Хориждан келтирилган наслли молларни бугун парваришлаб катта қилган эгаси ҳам танимайди.

photo5427155237283670243.jpg

Бозор Исмоилов тумандаги илғор фермерлардан. Ҳар ҳолда, ўзига тўқ, шароити яхши, имкониятлари кенг. Фермер хўжалиги тасарруфида 25 гектар суғориладиган ер майдони мавжуд. Кам бўлса-да, 10-15 бош қорамоли ҳам бор эди. Яхшигина фаолият юритиб келаётган фермерга туман ҳокимлиги мутасаддилари сиз чорвани яхши тушунасиз, деб хориждан наслли мол олиб келиш таклифини беришди. Ўз навбатида, фермер бунинг учун катта маблағ ва ер зарурлигини айтди. Мутасаддилар “Сиз ўйламанг, олаверинг, маблағ ҳам, ер ҳам ҳал бўлади“, дейишди. Хуллас, фермернинг “ташаббуси” дастурга киритилди.

photo5427155237283670244.jpg

Аввалига ҳаммаси силлиқ кўчди. Банкдан кредит масаласи тез ҳал бўлди. Халқ банкининг Чироқчи тумани филиалидан олинган 58 минг 750 АҚШ доллари (480 миллион 692 минг 500 сўм) миқдоридаги кредит эвазига 2018 йил 21 март куни Украинадан “Сементал“ зотли 25 бош наслли мол келтирилди. Омаднинг келганини қаранг, наслли моллар келган куниёқ кўпая бошлади. Ишлари бароридан келаётган фермернинг кўнгли чоғ. Қисқа фурсатда зотли ғунажинларнинг ҳар биридан биттадан соғлом бузоқ олинди.

photo5427155237283670246.jpg

Энди наслли молларнинг ем-хашак масаласини ҳал қилиш керак. Акс ҳолда, эришилган шунча натижа барбод бўлади. Шу сабабли ўзига қарашли фермер хўжалиги низомини чорвачиликка ихтисослаштирмоқчи бўлди. Ҳамма машмаша ана шундан кейин бошланди.

– Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуни 31-моддасига биноан “Асқар Исмоилов боғи” фермер хўжалигини кўп тармоқли “Чироқчи туман наслчилик хизмати” чорвачилик фермер хўжалигига ўзгартиришга рухсат сўраб мурожаат қилмаган жойим қолмади, – дейди Б.Исмоилов. – Бундан ташқари, мен тақдим қилган лойиҳада 0,5 гектар майдонда замонавий молхона барпо этиш ҳам кўзда тутилган. Ваъда қилинган ер эса ҳамон йўқ. Четдан келтирилган молларнинг ҳар бири 30 литргача сут бераётган эди. Ҳозир, ишонмайсиз, 3 литр ҳам бермайди. Нега? Чунки ёз бўйи қуруқ сомон еди. Ўт йўқ. Тўғрироғи, уни етиштиришга ер йўқ. Ер ажратишга ваъда қилганларнинг бирортасини топиб гаплашишнинг сира имкони бўлмаяпти. Молларга қараб ачиниб кетасан киши. Ҳар куни эрта тонгдан туман ҳокимлигига бораман, лекин ҳеч ким дардимни тингламайди. Бу орада моллардан биттасини ўлдириб ҳам қўйдик. Мана уч ойдирки, аҳвол шу. Оз эмас, кўп эмас, сал кам ярим миллиард сўм кредит олганмиз ахир. Иш шу тарзда давом этса, қарзни қандай тўлаймиз? Бу туришда хонавайрон бўламиз-ку?!

Дарҳақиқат, биз ҳам бошида ишонмадик, лекин фермернинг уйига бориб кўргач, аҳвол чиндан-да ачинарли эканига гувоҳ бўлдик. Хўш, энди нима қилиш керак? Тадбиркорликка, ташаббускорликка интилишнинг бадали шуми? Нақд 30 литр сут қаёқдаю, 3 литр қаёқда? Жуда катта фарқни англаш учун ҳатто “қўшув-кўпайтирув“ амалини билиш ҳам шарт эмас.

Мазкур масала юзасидан туман ҳокимлигининг бирорта мутасаддисидан тайинли жавоб ололмадик. Ким билан боғланмайлик, “ер масаласини биз ҳал қила олмаймиз, буни “катталар” ҳал қилишади”, қабилидаги бир хил жавобни тўтиқушдай қайтаришади. Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ғулом Тўрақуловнинг жавоби эса ҳаммасидан ошиб тушди.

– Бундай одамни танимас эканман, бу масала билан бир шуғулланиб кўришим керак экан, – деди Ғ.Тўрақулов. – Тўғри, энди мол олиб келган бўлса, бордир. Бизга мурожаат қилсин, шуғулланамиз. Шартли моли бўлса, белгиланган тартибда ерини олаверади. Ҳал қилиб берамиз. Муаммо йўқ...

Антиқа ҳолат. Фермер икки ойдан буён ҳамманинг эшигини қоқиб чиққан бўлса-ю, туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бундан бехабар. Ахир бу наслли моллар республика даражасида тасдиқланган тегишли дастур асосида келтирилган-ку!?

Хуллас, масала ҳамон очиқлигича қолмоқда. Вақт эса кутиб турмайди. Ҳа демай, қиш ҳам ҳеч кимдан сўрамай кириб келади. Етарлича ем-хашак йиғилмаса, сақлаш учун молхона қурилмаса, оқибати бугунгидан ҳам ачинарли ва аянчли бўлиши мумкин.

Ўйлаймизки, мутасаддилар бу масалага жиддий эътибор қаратади. Фермернинг муаммоси ҳал этилади. Йўқса, кўп йиллар илгари айтилган юқоридаги аския ҳаётда реал воқеага айланиши мумкин.

Мавзуга яна қайтамиз.

Ў.Баротов, ЎзА