Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.07.2018 16:58 Чоп этиш версияси

Бўлажак талабалар ижодий имтиҳонларда сараланмоқда

Бўлажак талабалар ижодий имтиҳонларда сараланмоқда Термиз давлат университетида абитуриентлар учун ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.

Сурхондарё вилоятидаги йирик олий таълим муассасасида бу йил тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, жисмоний маданият, мусиқа таълим йўналишларига ҳужжат топширган абитуриентлар илк марта тест синовларисиз, ижодий имтиҳон асосида талабаликка қабул қилинади. Тожик тили, архитектура йўналишлари бўйича абитуриентлар ижодий имтиҳон билан бирга, тегишли фанлардан тест синовлари ҳам топширади.

Замонавий олий таълим даргоҳида ижодий имтиҳонларни белгиланган низом талаблари асосида ўтказиш учун зарур қулайлик яратилган. Абитуриентлар учун кенг ва ёруғ аудиториялар тайёрланган. Улар яратилган шароит ва ижодий имтиҳонлар очиқ-ошкора ўтаётганидан мамнун.

7.jpg

– Шеробод маиший хизмат касб-ҳунар коллежини тугатганимга уч йил бўлди, – дейди тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишига ҳужжат топширган Икром Сафаров. – Ёшлигимдан тасвирий санъатга жуда қизиқаман. Икки йилдан буён тест синовларида етарли балл тўплай олмаётган эдим. Жорий йилда бу соҳага абитуриентлар тест синовларисиз, ижодий имтиҳон асосида ўқишга қабул қилиниши биз учун янгилик бўлди. Рангтасвир, қаламтасвир ва чизмачилик бўйича ижодий имтиҳонларни топширдим. Энди талабалар сафидан ўрин олишимга умид қилиб турибман.

Тубдан янгиланган университетда 2018/2019 ўқув йили учун 33 бакалавриат йўналишига кундузги, 7 йўналиш бўйича махсус сиртқи таълим шаклида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинди. 7 йўналиш бўйича сиртқи таълим шаклида ҳужжат қабул қилиш давом этмоқда. Янги ўқув йили учун тест синовларида энг юқори балл тўплаган 2 минг 952 нафар ўғил-қиз бакалавриат йўналишида кундузги бўлимларда ўқиш бахтига муяссар бўлади. Уларнинг 515 нафари давлат гранти асосида таълим олади. Ушбу ўринлар учун 27 минг 647 абитуриент ҳужжат топширган. Жумладан, жорий йилда тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишига ҳужжат топширган 511 йигит-қиздан 50 нафари, жисмоний маданият таълим йўналишида 1 минг 870 абитуриентдан 60 ва мусиқа таълими йўналишида 506 абитуриентдан 60 нафари ижодий имтиҳон натижалари асосида талабаликка қабул қилинади.

6 (1).jpg

Ижодий имтиҳонларни янада шаффоф ва ошкора ўтказиш учун таълим муассасасида давлат идоралари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва журналистлардан иборат кузатувчилар жалб этилган.

– Жамоатчилик асосида амалга оширилаётган бу ишлар зиммамизга катта масъулият юклайди, – дейди халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Эшқобил Поёнов. – Эрта тонгдан абитуриентларни аудиторияларга киритишдан бошлаб, ижодий имтиҳонлар ниҳоясига етгунча бўлган жараённи кузатиб, имтиҳонни очиқ ва ошкора ўтказишга кўмаклашмоқдамиз. Президентимизнинг муайян истеъдод ва маҳорат талаб этадиган касбга қизиққан ёшларни ўз йўналиши бўйича фақат ижодий имтиҳон орқали талабаликка қабул қилиш тўғрисидаги қарори истеъдодларни юзага чиқаришга қаратилаётган алоҳида эътибор ифодасидир.

Аудиторияларга ўрнатилган видеокузатув мосламалари орқали ижодий имтиҳонларни ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари кузатиб бориши мумкин.

– Ёшим 72 да, – дейди Қумқўрғон туманидаги Гултепа маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси С.Хўжақулов. – Неварам Шоҳрух Соатов тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишига ҳужжат топширган. Шу соҳага меҳр қўйган абитуриентлар жорий йилдан бошлаб ижодий имтиҳон орқали талаба бўлиши ва уларнинг имтиҳон топшириш жараёнини замонавий мосламалар орқали кузатиб туриш имконияти яратилганини эшитиб мен ҳам университетга келдим. Мана бугун неварам сўнгги имтиҳонни топширмоқда. Биз эса салқин бинода неварамнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб ўтирибмиз. Мен ҳам бир замонлар шу таълим муассасасида таълим олганман. У давр билан ҳозирги шароитлар ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Фарзандларимиз келажаги учун шундай имконият, шароит яратиб бераётган давлатимиздан миннатдормиз.

Абитуриентлар учун ижодий имтиҳонлар жорий йил 10 августга қадар давом этади.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
4 241