ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Бўлажак олимнинг самарали одимлари

Бўлажак олимнинг самарали одимлари

Бугунги глобаллашув даврида ҳаётимизни ахборот технологияларсиз тасаввур қила олмаймиз. Боиси айнан ушбу соҳанинг такомиллашуви инсоният учун қатор қулайликлар, мислсиз имкониятлар яратилишига имкон бермоқда. Айни пайтда жамиятмиздаги ҳар бир соҳада инновацион ривожланиш олиб борилмоқда. Албатта бу тизимнинг мукаммаллашуви ахборот технологияларининг соҳага жорий этилиши билан боғлиқ.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилдан бошлаб рақамли иқтисодиёт тушунчаси жамиятимизга кириб келди. Демак ахборот технологияларини мукаммал ўрганиш, уни соҳаларга татбиқ қилиш, ушбу йўналишдаги салоҳиятли кадрларни тарбиялаш бугуннинг муҳим талабларидан.

Ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали магистранти Фаррух Қодиров ҳам АКТ соҳасини чуқурроқ ўрганишни мақсад қилган.

2015 йилда мазкур олийгоҳга грант асосида ўқишга кирганида Фаррухнинг ушбу йўналишдаги илк мақсади амалга ошган эди. Намунали хулқи, билимга чанқоқлиги, устозлари томонидан ўтилган дарсларни пухта ўзлаштиргани ҳисобига 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги стипендиясига сазовор бўлди.

2019 йил 17 март куни Россия федерациясида онлайн ўтказилган танловда биринчи ўринни қўлга киритиб, 1-даражали диплом билан тақдирлангани ҳам унинг катта ютуқларидан бири бўлди. Худди шу йили 20 майда Россия федерациясининг Пенза шаҳрида ўтказилган IX Международного научно-исследовательского конкурса "Достижения вузовской науки 2019" танловида “Техническое описание мобильного приложения "Бар-Qr Мастер" И его свойства” номли мақоласи билан қатнашиб биринчи ўринни эгаллади.

– АКТ бўйича Ўзбекистон шиддат билан ривожланётган давлатлардан бири ҳисобланади, – дейди Ф.Қодиров. – АКТ соҳасида ҳозирда қилинмаган, амалга оширилмаган илм-фан ютуқлари жуда ҳам кўп. Шунинг учун АКТ соҳасини танлаганман ва ушбу соҳани ҳозирча чуқур ўрганиб татқиқ этиб келмоқдаман. Бу борада анча мунча илмий мақолалар, тезислар, лойиҳалар қилиб улгурдим. Бинобарин 100 дан ортиқ илмий-техник мақолалар ва тезислар, 30 тадан ортиқ халқаро дастурий лойиҳалартайёрладим. Булардан 10 дан ортиғига муаллифлик гувоҳномаларини олганман. Келажакда Техника фанлари бўйича фан доктори, профессор бўлишни, АКТ бўйича вилоятимиз салоҳиятини ошириш ва ривожлантиришни мақсад қилганман.

Фаррух Қодиров 2019 йил 16-20 сентябрь кунлари филиалда Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ал-Хоразмий издошлари” ёш робототехниклар кўргазмасида ўзининг бир нечта техник ишланмалари билан иштирок этиб сертификат билан тақдирланди. У айни пайтга қадар ТАТУ Қарши филиали хўжалик шартномаси доирасида бажарилаётган корхона ва ташкилотларнинг веб-сайтларини ишлаб чиқиш лойиҳаларида иштирок этмоқда.

4.jpg

У “Open Data Challenge 2019 Hackaton” Республика лойиҳалар танлови учун “InfoPage.gov.uz” Ўзбекистон Республикаси фуқароларни давлат ташкилотларидан қарздорлик ҳолатини текшириш портали лойиҳаси билан қатнашиб сертификат қўлга киритди.

– Фаррух филиалимизнинг энг қобилиятли талабаларидан, – дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Қарши филиали директори О.Турғунов. – Ўзининг тиришқоқлиги ва қобилияти билан барчага ўрнак. Ҳозирги кунда у нафақат малакатимизда, балки бутун дунёда долзарб бўлган Arduino Uno дастуридан фойдаланиш технологияси ва шу дастурдан фойдаланиб “Светафор қуриш технологияси” буйича илмий изланиш олиб бормоқда, унинг илмий мавзуси “Arduino микроконтроллери асосида “Cветафор қуриш” қурулмасини яратишдир. Таълим муассасамизда у ўзининг “Компьютерларга сифатли техник хизмат кўрсатиш” бўйича видео дарслар тўпламини ҳам ишлаб чиқди ва янада такомиллаштирмоқда. Бу йўлда унга омад тилаймиз.

Фаррух 2019 – 2020 йилларда устозлари ҳамда ўзининг дастурчилар жамоасидан иборат бўлган гуруҳи билан биргаликда 30 га яқин техник ҳамда дастурий ишланмалар, лойиҳалар муаллифи ҳисобланади. Ўзининг 10 дан ортиқ дастурий ишланмалари учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг махсус муаллифлик гувоҳномаларини ҳам қўлга киритган.

– Хозирда магистрлик диссертациям мавзуси яъни илмий ишим QR код технологияси асосида электрон кутубхонанинг дастурий ва техник таъминотини яратиш, – дейди у. – Мақсадим илмий ишимнинг мавзусидан кўриниб турибди яъни Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ушбу илмий ишни бошлаганман. 

Ва бу илмий ишни муваффақиятли тугатиб, ҳозирда ТАТУ хўжалик шартнома асосида ушбу QR кодли кутубхона стендларимизни ташкилот, корхона, ОТМ, давлат идораларига етказиб бермоқдамиз. Фойдаланувчилар ушбу янгилик орқали жуда катта имкониятларга эга бўлишди. Онлайн тарзда китобни электрон кўринишида телефонга кўчириб олиб уни исталган вақтда хоҳлаган жойда ўқиш имкони бор. Юкланган китобни бошқа китобсеварларга “Share” қилиш яъни узатиш имкони бор.

Эришилаётган ҳар бир ютуқ унга куч беради. Янада кўпроқ изланишга, интилишга чорлайверади. Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги олдидан Фаррух Қодиров Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида Фаррух Қодиров каби иқтидорли талабалар кўп. Уларнинг қўлга киритаётган ҳар қандай натижалари АКТ соҳасида вилоят салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

1 288
Ў.БАРОТОВ, ЎзА