ЎзА Ўзбек

21.07.2018 16:50 Чоп этиш версияси

Ҳазорасп аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди

Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Фарҳод Эрманов Ҳазорасп туманида сайёр қабул ўтказди. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва одамларни бугунги кунидан рози қилишда давлат бошқаруви идораларининг халқ ичига кириб бориши, барча даражадаги мутасаддиларнинг аҳоли дардини эшитиши, уларнинг қувончу ташвишига ҳамнафас бўлиши муҳим саналади.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир. Ҳудудларнинг ўзида бўлиб ўтаётган сайёр қабуллар фуқароларни қийнаётган иқтисодий, ижтимоий муаммоларга барҳам берилишида самарали восита бўлиб хизмат қилаётир.

Хусусан, Ҳазорасп туманида ўтказилган сайёр қабулда ҳудуд ҳамда унга ёндош туманлар аҳолисининг турли соҳаларга оид муаммолари, талаб ва таклифлари ўрганилди.

Ҳудудда ечимини кутаётган йўлларни таъмирлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мурожаатларнинг аксариятини уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш, моддий ёрдам, пенсия таъминоти, болалар нафақаси, меҳнат муносабатлари ва ишга жойлашиш, банк-молия, солиққа тортиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, соғлиқни сақлаш, ободонлаштириш, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлаш каби масалалар ташкил этди.

Овшар қишлоғида истиқомат қилувчи фермер Шоҳсанам Солиева сув танқислиги боис фермер хўжалигида юзага келган муаммо юзасидан мурожаат қилди. Фермернинг ташвишини тинглаган раҳбарлар шу ернинг ўзида бир хулосага келиб, тегишли ташкилотларга масаланинг ечими бўйича топшириқлар берди. Фермер ҳам бундан мамнун.

– Хўжалигимиз ерлари вилоятнинг энг чекка ҳудудида жойлашган, – дейди фермер хўжалик раҳбари Шоҳсанам Солиева. – Бу йил Амударёга сув кам келди. Оқибатда ғўза сувсизликдан азият чекмоқда. Кузда пахта ҳосили яхши бўлиши учун кўпроқ минерал ўғит бериш лозим. Вилоят раҳбари менинг муаммом билан танишди. Муҳими, эртага тонгдан далаларимга минерал ўғит сепадиган бўлдим. Бундан, албатта, хурсандман.

Жойларда ўтказилаётган бу каби мулоқот ва сайёр қабулларда мурожаат этувчиларни тинглаш, оғирини енгил қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга жиддий эътибор қаратилаётгани одамларда давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

А. Шокиров, ЎзА
4 541