ЎзА Ўзбек

30.08.2018 11:35 Чоп этиш версияси

Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

Байрамлар дилларимизга қувонч бағишлаши билан бирга умримизни, ўтаётган кунларимизни сарҳисоб қилишга ҳам ундайди...

Қурбон ҳайитининг шукуҳи ҳали қалбларимизни тарк этиб улгурмасдан яна бир байрам – истиқлолимизнинг 27 йиллик байрами эшик қоқмоқда. Байрамлар дилларимизга қувонч бағишлаши билан бирга умримизни, ўтаётган кунларимизни сарҳисоб қилишга ҳам ундайди.

“Мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир”, деб ёзган эди улуғ адибимиз. Келинг, байрам олдидан ҳар соҳада бўлгани каби санъатимиз ривожи йўлида бир йил давомида қилинган ишларни ёдга олайлик. Бундан роппа-роса бир йил муқаддам яъни 2017 йил 3 август куни Президентимиз мамлакатимиз ижод аҳли билан учрашган эдилар. Кунлар, ойлар, оқар сувдек ўтиб бормоқда. Хўш, бир йил ичида айтарли қандай ўзгаришлар бўлди?

Энг аввало, соҳа вакиллари, санъат аҳли мазкур учрашувдан жуда руҳланиб кетди. Қайсики, соҳага эътибор бўлса, у жойда албатта ўсиш, ривожланиш бўлиши табиий эканлиги бугун ўз исботини топмоқда.

Ўша тарихий учрашувда Президентимиз хонанда, созанда, бастакорлар, шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, рассомлар билан дилдан суҳбат қурди. Йиғилиб қолган муаммо ва камчиликларни улар билан биргаликда муҳокама қилди.

Айниқса, “Дўстлик клуби“ни ташкил этилиши санъат аҳлига қанот бўлди, десам муболаға бўлмайди. Йирик корхона, банк ва компаниялар ўз маблағларини маънавият ривожига йўналтириши юрт келажагини ўйлаб қилинган оқилона сиёсат эканини бугун кўпчилик эътироф этмоқда.

“Дўстлик клуби“нинг бир йил давомида амалга оширган ишларини бир санаб ўтайлик. Бунинг учун манбаларга мурожаат қиламан. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ билан ҳамкордир. Банк ҳозирда театр жамоасининг ҳар ишига кўмаклашмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига “Malibu” автомашинасини тақдим этди.

Шунингдек, Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Икки дил достони” балетини саҳналаштириш учун таклиф этилган балетмейстер Азарий Плисецкийга 60 миллион сўм гонорар ҳомий ташкилот томонидан тўлаб берилди. Спектакль учун Москвадан 70 миллион сўмлик балет либослари харид қилинди. Умумий ҳисобда спектакль учун ҳомий томонидан 168 миллион сўм маблағ ажратилди. Театрнинг бадиий ишлаб чиқариш цехлари учун ажратилган “Ипак Шарқ” АКга қарашли корпусни таъмирлаш ва техник воситалар билан жиҳозлаш учун 2,5 миллиард сўм маблағ театр ҳисоб рақамига ўтказилди.

“Дийдор” режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси давлат муассасасига “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки ҳомий ташкилот сифатида жами 400 миллион сўм маблағ ажратди.

“Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти Ўзбекистон давлат академик рус драма театрига, “Алоқабанк” акциядорлик тижорат банки “Томоша” болалар театр-студиясига зарур ҳомийлик ёрдамини кўрсатмоқда.

Бугун бундай хайрли ишларнинг саноғи йўқдек, гўё.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази томонидан ҳам байрам олдидан бир қанча хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай тадбирлардан бири яқинда “Азиз ва ягонасан, жонажон Ўзбекистоним” шоири остида Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси ҳамда Ўзбек Миллий академик драма театри ҳамкорлигида ўтказилди.

“Шукрона”, деб номланган тадбирга нуроний отахонларимиз ва азиз онахонларимиз таклиф этилди.

Концертда санъаткорлар Икромжон Бўронов, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев, Ўзбекистон халқ ҳофизлари Бекназар Дўстмуродов, Набижон Иброҳимов, Сойиб Ниёзов, Эркин Рўзматов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Юнус Тўраев, Илҳом Жўраев ҳамда Санобар Раҳмонова, Аҳмаджон Дадаев, Козим Қаюмов, Бахтиёр Тўлагановлар иштирок этди.

Ушбу концерт улуғ байрамимиз, истиқлолимизнинг 27 йиллиги олдидан юртдошларимизга ажойиб муносиб туҳфа бўлди.

Шунингдек, қалбларимизни ҳаяжонга солиб турган тадбирлардан бири Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжуманидир. Илк бора ўтказилаётган анжуманга дунёнинг кўплаб мамлакатларидан меҳмонлар келиши кўзда тутилган. Бу борада жуда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Янада кўнглимизни кўтариб, чин дилдан меҳнат қилишга иштиёқимизни оширган қарорлардан яна бири Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги “Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида“ги қароридир.

Унга кўра, Ўзбекистон давлат цирки, ҳайвонот боғлари, Маданият вазирлигининг кўзи ожизлар кутубхоналари ҳамда давлат архивлари ходимларининг алоҳида тоифаларига театр-концерт ташкилотларининг артистлари ва бадиий ходимларига узоқ муддат хизмат қилганлиги учун белгиланган миқдорларда ҳар ойда тақдирлаш маблағи тўланиши белгиланди.

Биз йил давомида санъат соҳасида амалга оширилган ишларни бир қисминигина санаб ўтдик. Зеро, бу ишлар давом этаётир. Бугун нафақат санъат аҳли балки бутун халқимиз чин дилда, ўз касбига садоқат билан меҳнат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Сўзимиз аввалида айтиб ўтаганимиздек, маънавиятга алоҳида эътибор берилган жойда ривожланиш бўлиши табиий. 

Шуҳрат Нормуродов,
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги
Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш катта илмий ходими

ЎзА
8 898