ЎзА Ўзбек

03.09.2018 17:12 Чоп этиш версияси

Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

ШАҲАРДАН ҚОЛИШМАЙДИГАН ҚИШЛОҚЛАР 

IMG_20180903_190141_822.jpg

Юртимизнинг чекка қишлоқ ва овуллари инфратузилмасини тубдан яхшилашга қаратилаётган эътибор, айниқса, “Обод қишлоқ” дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар жойларда аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун замонавий шароит яратиш билан бирга, уларда эртанги кунга ишонч туйғусини юксалтирмоқда. 

IMG_20180903_191234_453.jpg

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда "Обод қишлоқ" дастури асосида Навоий вилояти Қизилтепа тумани Маликобод ва Хатирчи тумани Хўжақўрғон  қишлоқларидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, оилавий поликлиника ва бошқа ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди.

IMG_20180903_191236_265.jpg

Чиндан ҳам бу йилги энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини Маликобод қишлоғи аҳли ҳар йилгидан ўзгача руҳда кутиб олди. Қишлоқда яратилган шароит ва имкониятлар ҳудудда яшовчи 2 минг 250 дан ортиқ аҳолига бир олам қувонч бағишлаб, қалбларини ғурур-ифтихорга тўлдирди.

Чунончи, “Обод қишлоқ” дастури доирасида 10,5 километр ичимлик суви, 10,6 километр табиий газ, қарийб 11 километр электр узатиш тармоқлари, 10 километр ички йўллар ва шунча масофада пиёдалар йўлаги барпо этилгани қишлоқ қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Янгидан қад ростлаган маҳалла гузари, мактаб, мактабгача таълим  муассасаси, футбол стадиони, болалар майдончаси қишлоқ аҳлининг, айниқса, келажагимиз эгаларининг узоқ йиллик орзуларини рўёбга чиқарди.

Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳалар ишга туширилиши эса 180 га яқин одамнинг  бандлигини таъминлади. 138 нафар фуқарога тадбиркорликни бошлаши учун 1 миллиард 159 миллион сўмлик кредит маблағи ажратилгани ҳудуд аҳли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қўйилган яна бир дадил қадам бўлди.

Қарийб 21 миллиард сўм маблағ йўналтирилган Маликободни обод этишда саховатпеша юртдошларимиз ҳам фаол иштирок этди. Энг муҳими, бу йил маликободликлар истиқлол байрамини ўзлари орзу қилганидек гўзал ва обод қишлоқда нишонлади.

– Икки неварам бундан буён боғчада тарбия олиш имкониятига эга бўлганидан жуда хурсандман, – дейди шу қишлоқда яшовчи Н.Ярашева. – Авваллари бу ушалмас орзу эди. Ҳудудимизни обод қилган ва эзгу ниятларимизни амалга оширишга кўмаклашган барча инсонларга, биринчи навбатда, шундай олижаноб ишнинг бошида турган давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Аҳоли соғлиғи қишлоқ врачлик пунктининг 13 нафар ходими томонидан назорат қилинади. “Маликобод иссиқ нон” МЧЖ эса 10 турдаги нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлайди. Корхонада бир кунда олти минг дона нон ёпилмоқда. Замонавий қиёфа касб этган ва барча шароит яратилган маҳалла гузари, кутубхона, тикув цехи фаолиятидан ҳам одамлар мамнун.

– Тикувчилик билан кўп вақт уйда шуғулландим, – дейди ёш тадбиркор С.Зиётдинова. – Цех ташкил этиш учун “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури асосида 15 миллион сўм банк кредити ажратилгач, бизга берилган бинода жиҳозлар ўрнатиб, 6 нафар тенгдошимни иш билан таъминладим.

Хатирчи туманидаги Хўжақўрғон қишлоғида 2,5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуднинг янгича кўриниш олиб, ободлаштирилгани муносабати билан ташкил этилган тантаналарда иштирок этган ҳар бир инсон шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги тафовут барҳам топганига ўзлари гувоҳ эканини таъкидлайди.

Дастур доирасида қишлоқдаги мактаб реконструкция қилинди, маҳалла гузари, 60 ўринга мўлжалланган МТМ, ҳаммом бунёд этилди.

– Амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида аҳолининг келажакка ишончи юксалиб, ҳаётга муносабати тубдан ўзгарди, – дейди қишлоқ кексаларидан А.Рашидов. – Бугун уларнинг чақноқ кўзларига боқсангиз, шукроналик, дахлдорлик туйғуси акс этганини кўрасиз. Қишлоқ кўчалари бўйлаб сайр қилар экансиз, атрофдаги орасталигу гўзалликдан, равон йўл ва йўлаклар, муҳташам ва кўркам бинолар яшашга иштиёқингизни оширади. Шундай обод манзиллар барпо этиб, одамларни ҳаётдан рози қилиш йўлида елиб-югураётган барча инсонлардан миннатдормиз.

Қишлоқда бандликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб,  200 та иссиқхона ташкил этиш ва 150 та тикув машинаси харид қилишда ташаббускор аҳолига амалий ва моддий ёрдам кўрсатилди. “Yoshlar mehnat guzari” мажмуасида 20 нафар йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Улар бу ерда савдо, тикувчилик, сартарошлик, новвойлик билан банд.

Мустақиллик байрами муносабати билан ҳар икки қишлоқда ўтказилган тантаналарда концерт дастури намойиш этилди, қурилиш ва таъмирлаш ишларида фаол қатнашган ишчи-мутахассисларнинг бир  гуруҳига эсдалик совғалари топширилди.

Тантаналарда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.

Нуриддин РАҲИМОВ, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
12 844