ЎзА Ўзбек

03.08.2018 00:19 Чоп этиш версияси

Азиз Абдуҳакимов: "Абитуриентлар кузатув камераларига яқин жойлаштирилди"

Азиз Абдуҳакимов: "Абитуриентлар кузатув камераларига яқин жойлаштирилди" Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг иккинчи куни ҳақида ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида маълумот берган Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эътирозлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Ижтимоий тармоқларда айрим биноларда абитуриентлар кузатув камераларидан узоқда жойлашган, камерага яқин жойлар бўш турибди, деган хабар тарқалди. Давлат тест маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари мутахассислари билан бирга ҳолат ўрганилди ҳамда абитуриентлар кузатув камераларига яқин жойлаштирилди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2 август куни ўтказилган тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18:30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Фарғона водийсидан кечаси 2:30да етиб келади.

Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланади.

Давлат тест марказининг ходимлари ташқарига чиқмасдан, телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланмаган ҳамда тест материалларининг махфийлигини таъминлаган ҳолда уларини қайта ишлайди.

2 август тест натижалари 3 август – куннинг иккинчи ярмида Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади.

Республикада тест синовлари 1-15 август кунларига режалаштирилган. Ташкил қилинган тизим бўйича ишлар давом эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилдан бошлаб ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида илк бор тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритиб борилмоқда.

12 392