ЎзА Ўзбек

07.07.2018 12:31 Чоп этиш версияси

Ажримларнинг 95 фоизи маънавиятсизлик оқибатида

Ажримларнинг 95 фоизи маънавиятсизлик оқибатида
Наманган вилояти Норин туманидаги ўнта маҳалланинг кутубхоналарига 4 мингга яқин турли бадиий адабиётлар, рисолалар, қўлланмалар ва бошқа китоблар тақдим этилди.

Наманган вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви, Маънавият ва маърифат маркази томонидан жамланган асарлар маҳалла китобсеварларига етказиб берилди.

Жумладан, туманнинг “Сузоқовул” маҳалласининг ихчам қилиб безатилган кутубхонасига 400 та адабиёт тантанали равишда топширилди. Бу ерда бир пайтлар маҳалла кутубхонаси бўлган, бироқ эгасиз қолгач фонди ҳам, ўзи ҳам тугаб битган гўша яна файзли ва одамлар гавжум масканга айланмоқда.

– Бугун маҳалламизда маънавият катта байрами, десак муболаға қилмаймиз, – дейди “Сузоқовул” маҳалласи хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Шоирахон Зокирова. – Ажримларнинг 95 фоизи маьнавиятсизлик оқибатида, жиноятларнинг аксарияти китоб ўқимасликдан келиб чиқади, Бу йил маҳалламизга ўнта келин тушди. Уларни оилага тайёрлаш, касбга ва фойдали меҳнатга ўргатиш, эр-хотин ва қайнона-келин муносабатлари, бола тарбияси бўйича тарбиялаш бизнинг бирламчи ишимиз. Бу борада бизга, аввало, китоб ёрдамчи. Маҳалламизда ҳозир 13 та алимент тўловчи эркак, 12 та алимент олувчи аёл бор. Эътибор беринг, ажрашган йигитларнинг 10 таси ўйланган, 3 таси ҳамон сўққабош.

Қизларнинг эса бирортаси қайта турмушга чиқмаган. Улар билан суҳбатларимиз чоғида арзимаган сабабларга кўра ҳаётини барбод қилганидан пушаймонлиги сезилади. Аммо қолипдан кўчган ғиштни, синган чиннини тузатиб бўлмайди. Лекин биз ушбу мисоллардан сабоқ чиқаришимиз янги хатоларга йўл қўймаслигимиз зарур. Ҳар бир хонадонга китоб кириб бориш чораларини кўриш ҳаракатидамиз. Бизга фойдали китоблар ниҳоятда зарур. Ушбу мўъжаз кутубхонамизда “Китобхон қайноналар клуби”ни ташкил этиш ғоям бор. Токи қайоналари ва келинлари китоб ўқиган эл бахти боқий бўлади.

Албатта, китоб берилди, шу билан ҳаммаси ҳал бўлди эмас. Маҳалладаги китоб соҳасини яхши тушунадиган ва ишсиз юрган шахс ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш асосида кутубхонага бириктирилди. Шундагина маънавият даргоҳининг ўз эгаси бўлади. Китоблар сони эса муттасил бойитиб борилади.

Лазиз Раҳматов, журналист

ЎзА
13 779