ЎзА Ўзбек

20.07.2018 17:06 Чоп этиш версияси

Ажрашиш арафасидаги 60 дан зиёд оила яраштирилди

Ажрашиш арафасидаги 60 дан зиёд оила яраштирилди
Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан тизимга дахлдор масалалар юзасидан келиб тушаётган аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишга қаратилган очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров, Олий суд судьялари ҳамда вилоят суди раиси иштирокида Наманган шаҳри, Уйчи, Чуст, Косонсой ва Норин туманларида шундай учрашувлар бўлиб ўтди. Уларда Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.

Ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олиш ҳамда алимент, мерос ҳуқуқига оид муносабатларни тартибга солишда судлар маҳалла, ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозимлиги таъкидланди.

Мулоқотлардан сўнг ташкил этилган сайёр қабулларда суд қарорлари ва ажримлардан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб мурожаат қилган 200 дан ортиқ фуқаронинг мурожаати тингланди. Тадбир давомидаги тушунтириш ишлари туфайли 60 дан зиёд ажрашиш арафасида турган оила ярашди.

Ҳар бир мурожаат ва унинг ечимини қонун талаблари доирасида ижобий ҳал қилиш назоратга олинди. 

А.Сатторов, ЎзА
4 563