ЎзА Ўзбек

10.07.2018 17:08 Чоп этиш версияси

Ажабо, ана сизга ажрашиш учун баҳона!

Ажабо, ана сизга ажрашиш учун баҳона!
Яқинда бир келинчак ота-онасининг уйига аразлаб кетганини эшитдик. Муаммони ўрганиш учун келиннинг ота уйига борганимизда...

Маҳалламизда 4 минг 635 киши яшайди. Уларнинг 1 минг 440 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Жорий йилнинг ўтган даврида иккита никоҳ тўйи ўтказилди. Яқинда бир келинчак оддий сабабларни рўкач қилиб, ота-онасининг уйига аразлаб кетганини эшитдик. Бу оила ўзига тўқ. Куёв ҳам бинойидек йигит. Келин бўлмиш бир фарзанди, куёви, қайнотаси ва қайнотасининг кекса онаси билан бир уйда яшайди. Қайнонаси вафот этган. Хунук бу воқеага ойдинлик киритиш, икки ёшни яраштириш учун дастлаб келин кетиб қолган хонадонда бўлдик.

Гап нимада экан, денг? Ўғлининг уйида яшаётган момодан ҳол-аҳвол сўраш, дуосини олиш учун қизлари, қариндошлари тез-тез келиб турар экан. Яхши биламизки, аёлларнинг ёш бола билан меҳмонга бориши одат. Бу келиннинг аразлаб кетиб қолишига онаси билан келаётган болаларнинг тўполони, ошхонаю совутгични келиндан берухсат “титкилаши” сабаб бўлибди. Куёвга “қариндошларингиз, аммаларингиз момони баҳона қилиб, изма-из келаверса, ўшалар билан яшайверинг, мен бунга чидай олмайман, ажрашаман”, дея келин фарзандини олиб, отасиникига кетиб қолибди. Ана сизга ажрашиш учун баҳона! 

Маҳалла фаоллари билан келиннинг отасиникига бордик. Қизининг арзимаган ҳолатни сабаб қилиб, уйига қайтиб келганидан ота ҳам хафа. “Қизимиз ёшлик қилибди. Бизни уялтириб қўйди. Сал ҳовуридан тушсин, маслаҳат бериб, уйига жўнатиб юборамиз, бу важ билан ажралишига йўл қўймаймиз”, деди ота бечора бошини хам қилиб. Хайрият, ота ҳаётнинг паст-баландини тўғри тушунадиган инсон экан. Акс ҳолда, арзимас баҳона билан ёш оила дарз кетиб, ўртада бегуноҳ бир бола тирик етим қолиши мумкин эди.

Демоқчиманки, узоқ йиллар маҳалла тизимида ишлаб, бундай ҳолатларга кўп дуч келганман. Айрим ёш келинларимиз қайнонасининг “келинжон, идиш-товоқни нега ювиб қўймадингиз?” ёки “неварамга яхши қарамабсиз, оч қолибди”, деган бир оғиз сўзи учун ҳам ажралиб кетишга қарор қилишади. Уларнинг кўпчилиги вақт ўтиши билан нотўғри иш қилиб қўйгани, ноўрин ажрашиб кетганидан пушаймон ҳам бўлади, албатта. Лекин, афсуски, унда кеч бўлади.

Хуллас, сўнгги йилларда қайноналарнинг бироз инжиқлигию қизлар, келинларнинг гап кўтаролмайдиган бўлиб қолгани тўғрисида кўп гапирилмоқда. Бизнинг давримизда бундай гаплар йўқ эди. Қайнонанинг гапини икки қилмаганмиз. Онам ўрнида сирдош, деб билганмиз.

Бу муаммонинг яна бир жиҳати шундаки, оналар қизларини мустақил ҳаётга тайёрламай, эрта турмушга бериб юбораётир. Тўғри, беш бармоқ баробар эмас. Инжиқ қайноналар ҳам бор. Лекин келин ҳаётга тайёр бўлса, ҳар қандай қайнонанинг кўнглига йўл топади. Муросага келиб яшайди. Бир оғиз қаттиқ сўз ёки дашном учун бир умрлик ёстиқдошидан воз кечиб кетмайди.

Гап ёш оилалар мустаҳкамлиги ҳақида кетаётган экан, анчадан буён ўзимни ўйлантириб юрган яна бир фикрни айтишни лозим топдим. Ёш оилаларнинг ажрашиб кетишига туртки бўлаётган салбий омилларни аниқлаб, унинг сабабчисига нисбатан чора кўриш ўз самарасини беришига ишонаман. Айни пайтда қонунларимизда мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган қизларни эрта турмушга узатганлик учун қатъий чоралар белгилаш масаласини ҳам ўйлаб кўриш вақти етганга ўхшайди. Иккинчидан, жойларда хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази фаолияти йўлга қўйилган. Афсуски бу ташкилотларда оилавий масалаларда етарли тажриба ва кўникмага эга бўлмаган ёшлар ҳам меҳнат қилаётгани сир эмас. Баъзиларининг ўзи ҳали турмуш қурмаган бўлса, қандай қилиб оилавий ажримларнинг олдини олади? Шунинг учун маҳаллалардаги нотинч ёш оилалар билан ишлашга ҳудудда катта обрў-эътибор қозонган, етарли ҳаётий тажрибага эга отахон ва онахонларни жалб этсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Дилфуза Тошбоева,
Термиз шаҳридаги “Ўзбекистон” 
маҳалла фуқаролар йиғини раиси

Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
14 526