Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 18:32 Чоп этиш версияси

Азалий дўстликнинг узвий давоми

Азалий дўстликнинг узвий давоми Юртимизда меҳмон бўлиб турган Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода бошчилигидаги дўстлик делегацияси 3 август куни Самарқанд шаҳрига келди.

Меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, буюк давлат ва сиёсат арбоби қабрига гуллар қўйилди.

4..jpg

Меҳмонлар мазкур мажмуа Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ва халқининг Ислом Каримов хотирасига бўлган чексиз ҳурмат-эҳтироми рамзи сифатида Самарқанднинг қутлуғ қадамжоларидан бирига айланганини таъкидлади. Бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, зиёратчилар учун яратилган қулай шароит делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.

5..jpg

Шундан сўнг меҳмонлар Самарқанд шаҳрида ўрнатилган Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали пойига гуллар қўйди. Икки буюк мутафаккир ўз ижоди билан ўзбек ва тожик халқлари дўстлигини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшгани, уларнинг ижодий мероси бугун ҳам айни мақсадга хизмат қилаётгани қайд этилди.

3..jpg

Дунёга машҳур Регистон ансамбли ва бу ерда намойиш этилган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси, фольклор жамоалари чиқишларини ҳам меҳмонлар катта ҳаяжон билан кузатди.

– Бизнинг тарихимиз, маданиятимиз ва қадриятларимиз бир-бирига уйғунлигига икки кундан буён ўтказилаётган маданий тадбирлар ва учрашувлар, юртингиздаги тарихий масканларга уюштирилаётган саёҳатлар жараёнида яна бир бор амин бўлаяпмиз, – дейди Тожикистон халқ шоири Асқар Ҳаким. – Регистондаги миллий ҳунармандлик маҳсулотлари биздаги билан деярли бир хил, тарихий бинолар архитектураси, фольклор жамоалар репертуарида ҳам шундай ўхшашликни кўриш мумкин. Бундан жуда завқландик. Асосийси, халқингизнинг очиқ юз ва самимийлиги, меҳмондўстлигидан бошимиз кўкка етди.

Самарқанд вилояти ҳокимлигида депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли шоир ва ёзувчилар, илм-фан, маданият ва санъат намояндаларининг Тожикистон дўстлик делегацияси билан учрашуви ўтказилди.

1..jpg

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, Тожикистон Республикаси маданият вазири Ш.Орумбекзода Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг оқилона сиёсати натижасида халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Мазкур ташриф ҳам ана шу ҳамкорлик самараси сифатида маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Тадбирда ижодкорлар томонидан ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ўқилди, эзгу тилаклар билдирилди.

Тожикистон делегацияси иштирокида яна бир қатор маданий тадбирлар, учрашувлар ўтказилди.



Ғ.Ҳасанов, ЎзА