ЎзА Ўзбек

18.08.2020 Чоп этиш версияси

Азага айланган суюнчи: эътиборсиз шифокорга жазо тайинланди

Азага айланган суюнчи: эътиборсиз шифокорга жазо тайинланди

33 ёшни қарши олаётган бу аёлнинг орзулари бир олам бўлиб, дунёга келадиган фарзандини интиқ бўлиб кутарди. Бахтли кунларининг ширин хаёли билан тунлари мижжа қоқмасди. Афсуски, оилага суюнчи ўрнига аза кириб келди. Шифокорнинг эътиборсизлиги оқибатида ҳомиладор аёл бевақт ҳаётдан кўз юмди. Оиласига, яқинларига эса жуда оғир бўлди.

Фарғона вилояти Ёзёвон туманида рўй берган мазкур воқеа кўпчиликни жунбушга келтирди. Ижтимоий тармоқларда тарқаган хабарга Бош прокуратура зудлик билан муносабат билдирди ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, назоратга олинди.

Бугунги кунга келиб мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд муҳокамалари якунланиб, айбдорга нисбатан суднинг ҳукми эълон қилинди.

Суд мажлисида аниқлик киритилишича, Р.Камолова муқаддам Ёзёвон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлимида навбатчи акушер гинеколог вазифасида ишлаган. У касби юзасидан ўз вазифасига совуққонлик билан қараб, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан эътиборсизлик қилган. Гап шундаки, шифокор қасамёдини унутиб, бир инсоннинг умрини зомин бўлишига сабабчи бўлди.

Туғруқ бўлимига жорий йил 17 март соат 00:01 да иккинчи маротаба соғлиғидан шикоят қилиб келган ҳомиладор аёл Н.Ш.ни аҳволини баҳолаш, тиббий ташхис қўйиш, уни туғруқхонага ётқизиб, ўз вақтида малакали оператив тиббий ёрдам кўрсатмасдан бепарво муносабатда бўлади. Оқибатда бемор туғруқ жараёнида вафот этган ва унинг ҳомиласи она қорнида нобуд бўлган. Ваҳоланки, миллий стандартларга кўра, бемор шифохонага ётқизилиб, кузатув ва текшириш ишлари олиб борилиши керак эди.

Суд жиноят иши юзасидан тўпланган далилларни ўрганиб, уларга баҳо бериб, судланувчи, жабрланувчи, гувоҳлар ва иш бўйича мутахассислар фикрларини тинглаб, Р.Камоловани Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий қопланганини инобатга олиб, унга икки йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

6 934
М. Сулаймонов, ЎзА