ЎзА Ўзбек

12.10.2018 20:30 Чоп этиш версияси

Айтсам тилим, айтмасам дилим...

Бундан 29 йил муқаддам ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган ва бу Ўзбекистонимизнинг ўз мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олишдаги илк қадамлардан бўлган эди.

Тил – миллат руҳи. Миллатнинг маданияти, маънавияти ва тарихи инъикоси. Ўзлигини белгилаб берадиган, унинг яшаб қолишини белгилайдиган муҳим мезонлардан бири. 

ЎзА мухбири она тилимизга берилаётган эътибор, бу борада эришилган ютуқлар ва йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида мутахассислар билан суҳбатлашди. 

Маълумки, кейинги пайтларда бир қатор хорижий давлатларда ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ортмоқда. Бу эса, ўзбек тилининг ватани бўлмиш Ўзбекистон билан халқаро алоқалар янада ривожланишига хизмат қилади. Бу қувонарли ҳол. Аммо, хорижликлар ўрганиши учун биз ўзбек тили, деб қайси тилни тақдим этамиз? 

Ҳамидулла Болтабоев, филология фанлари доктори, профессор: 

– Ўзбек тили ўз мақомини йўқотиб қўяётгандек эмас, у анча аввал расмий давлат тили сифатидаги мақомини ҳам, миллий тил сифатида ёки адабий тил сифатидаги даражасини ҳам йўқотиб қўйган. Соғлиқни касал бўлмай туриб асраш керак бўлганидек, ўзбек тили ҳам ўз имкониятларини бой бермасдан олдин ҳаракат бошлаганимизда анча осон кечарди. Шукрки, ХХ асрнинг 80-йиллари охирида Ўзбекистонда ўзбек тили Давлат тили деб эълон қилинди. Бироқ, бу кўзланган энг юқори мақомга эришилди, дегани эмас. Бу расмий ҳаракатнинг бошланиши эди. Уни жорий қилиш миллатнинг ҳар бир вакили зиммасидаги масъулият. Оғриқли бўлса ҳам айтаман. Зиёлилар бу йўлда етакчилик қила олмади. Бу ҳолдан бир-икки тадбир билан ёки бир “силкиниш” билан қутулиб бўлмайди. Тил сиёсатига қатъий равишда изчил ва давомли амал қилинмас экан, бу ҳол давом этаверади ва давом этгани сайин ундан қутулиш оғирлашиб бораверади. 

Бугунги кунда турмушнинг ҳамма соҳасида янгиланишлар кетаётган бир пайтда матбуот тили, китобларнинг аҳволи мақтанарли эмас. Бунинг боисини биргина мутахассислар етишмаслиги билан боғлаш ҳам тўғри эмас. Мутахассислар керагидан ортиқ, бироқ бу миқдорий жиҳатдан. Сифат масаласи эса ҳар доимгидек орқада. Буни “авлодлар саводсизлиги”дан деб билмаслик керак. Бунинг сабаби миллий руҳни тобора йўқотиб бораётганимизда! Тарбиянинг ҳар бир турини таснифлаб, уларни ривожлантириш пайида бўламиз, бироқ “миллий тарбия” масаласида ўзимизни эҳтиёт қиламиз. Бу “эҳтиёткорлик”, кўпинча, айрим амалдор шахсларга тегишли, улар эҳтиётсизлик орқасида миллат таназзулидан эмас, ўзлари эгаллаб турган лавозимни йўқотишдан қўрқади. Миллий тарбия ҳар бир зиёлининг кундалик юмушига айланмас экан, бу ҳол давом этаверади. 

Чунончи, расмий идораларда ҳужжат тили ҳали-ҳамон тўлиқ давлат тилига ўтгани йўқ. Боиси, яна ўша шўрочиликнинг излари. Ҳамон илмий ва давлат аҳамиятига молик ҳисоботларимизни рус тилида ёзаяпмиз ёки ўзбекча ёзганимизда уни таржима қилиб беришларини сўрашмоқда. Нафақат тилда, балки ҳужжатлар тилининг услубида ҳам ўша русча бирикмалар, рус тилидан сўзма-сўз таржима қилинган тайёр қолиплар билан иш кўриш давом этмоқда. Ҳар бир ўзбек зиёлиси қалбида миллат туйғуси шаклланмас экан, нафақат тилда (тил дилнинг ойнаси бўлгани учун унда равшанроқ кўринмоқда), балки ҳаётнинг бошқа жабҳаларида ҳам ортга чекиниш кузатилиши мумкин. 

Тил таълими миллий таълимнинг давоми, аниқроғи, етакчи бўғини ҳисобланади. Бу таълим жараёнида мактабгача тарбия муассасаларидан бошлаб, олий таълимдан кейинги таълим жараёнига қадар узлуксизлик таъминланиши шарт. 

Ёзувни ўзгартирганимизга ҳам анча бўлди. Жорий (лотин) ёзув, асосан, мактаб, лицей ва қисман олий таълимдагина қўлланилмоқда. Шунда ҳам бу жараённи қониқарли, деб бўлмайди. Мавжуд ўқув режа ва дастурларига ўзгартириш киритиш шунчалар қийинки, фақат уни юқоридан белгилаб беришларига ўрганиб қолганмиз. Ёки “юқори”ни кўрсатувчи ўрта бўғин, яъни вазирликлар ижодий ёндашувдан кўра қолиплар асосида иш кўришни афзал билади ва жуда кўп ҳал этилиши лозим бўлган масалалар қолиб кетади. Бир хиллаштиришга шунчалар кўникиб кетганмизки, ҳатто бакалавриат таълим йўналишлари она тилимиз учун ҳам, хорижий тиллар учун ҳам бир хил қилиб белгиланган. 

Хорижий тил ўрганувчи мутахассислар миллий тилдан узилиб қолишига сабаб, олий таълим тизимида ўзбек тили рус тилида олиб бориладиган таълим йўналишларидагина ўқитилади. Ҳолбуки, ҳар қандай хорижий тил она тили воситасида сингдирилади, миллий тилнинг кўзгуси бўлган адабиёт эса ҳатто гуманитар факультетларда ўқитилмайди. Ҳатто хорижий филология факультетларида миллий адабиёт у ёқда турсин, “Жаҳон адабиёти” деган фан ўқитилмайди. Фақат тили ўрганилаётган мамлакат адабиёти жуда чекланган ҳолда ўша хорижий тилдагина ўқитилади. Кўп йиллар давомида лицей ва коллежлар она тилида оғзаки ва ёзма нутқни ўстиришга эмас, балки тест топшириқларини ёдлашга киришиб кетгани учун, улар тил амалиётидан анча узоқлашиб қолган. 

Ҳужжатларнинг давлат тилида олиб борилмаётгани, табиийки, келажакда ўзининг катта таъсирини кўрсатади. Бу ҳол нафақат расмий ҳужжатлар билан иш кўриш жараёнига, балки миллат тарбиясига ҳам кескин салбий таъсир кўрсатади. Ёзма ҳужжат тилини билмаслик, адабий тил меъёрларига амал қилмаслик оқибатида саводсизлик кучаяди, саводи етарли даражада шаклланмаган кишининг илм соҳаларини чуқур эгаллаши гумон. 

Биз бугун жуда кўп масалаларнинг ечимида кеч қолганимизни кўриб, кузатиб, уни бартараф этиш йўлига кирдик. Худди шу каби миллий ва адабий тилнинг бузилиб бораётганини кўрсатувчи ойна – интернет пайдо бўлди. Мана шу ойнага жиддийроқ разм солсак, миллат тарбияси, миллий тил масаласи қай даражада эканини осон англаймиз (баъзилар англамаслиги ҳам мумкин). Бу жараён тезлашиб бораётгани миллий тил меъёрларидан ҳам шундай тезликда йироқлашиб кетаётганимизни кўрсатмоқда. Бироқ, ҳали ўзбек тили компьютер тилига айланганича йўқ, компьютер таржимони ёрдамида ўқилаётган матнлар шунчалар ночорки, уларни ҳатто оддий жумлалар, деб ҳам бўлмайди. Бу ҳолат аввал сезилмаган бўлса, энди интернет ёрдамида бутун дунёга "реклама" қилинмоқда. Билмаслигимизни бунчалар "реклама" қилиш, табиийки, ўзбек миллатининг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатади. 

Тилшунослик соҳасидаги тадқиқотлар, асосан, диссертация шаклида юзага чиқмоқда. Диссертациялар эса Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан шундай қатъий талаблар доирасида сақланиб турибдики, уларда ижодий ёндашувни чеклайдиган, ҳар қандай тадқиқотни бир хиллаштиришга қаратилган моддалар кўп. Бу, эҳтимол назоратни осонлаштириш учун, қатъий меъёрларни кучайтириш учун хизмат қилиши мумкиндир. Бироқ, илмий тадқиқотлар мавзусини мутахассислар эмас, ОАКдаги бошқа соҳа вакиллари белгилаб бермоқда. Ҳатто филологик тадқиқотлар авторефератларини бу соҳа вакиллари эмас, ушбу соҳадан йироқ айрим “масъул шахс”лар таҳрирдан ўтказаётганига нима дейсиз? Барча соҳалар каби айниқса, тил соҳасида мутахассис бўлиб етишиш учун ўзи танлаган, кўнгли чопган мавзуларда иш олиб бориш лозим экани кўпчиликка кундай аён. Бироқ, олдиндан белгилаб қўйилган мавзулар доирасидагина илмий тадқиқотлар яратишга таклиф ва тавсиялар бериш ҳам муайян маънода чекланишга олиб келади. Аввал илмий раҳбар, сўнгра илмий кенгаш, ундан кейин ОАК назоратидан ўтаётган мавзулар изланувчи-тадқиқотчи ихтиёрини чеклаб қўймайдими? 

Кейинги 4-5 йилда ислоҳотлар сабаб ҳимоя жараёнлари тўхтаб қолгани туфайли энди рақамда ўша бўшлиқни тўлдириш учун шунчалар тез “ҳимоя қилдириш”га берилиб кетдикки, кўп ҳолларда сифат илмий тадқиқотнинг асосий мезони бўлмай қолаяпти. Формал талабларни уддалаган, асл илмдан йироқ тадқиқотчилар ҳам осонгина, тезгина ҳимоя жараёнига кириб кетаяпти. Натижада тез ҳимояни уддалаганлар олган дипломидаги ёзувлар ҳали қуримай туриб илмий раҳбарликка, янги вазифаю амалларга даъво қилмоқда. Уларнинг шогирдлари ҳам кўпинча мана шу “самарали йўл”ни маъқул кўриб, тезроқ даража ва унвон кетидан қуваётир. Илмнинг асл моҳиятидан узоқлашиш, илм билан шуғулланишни кўнгил иши ёки миллат юмуши, деб эмас, балки илмий даража ва унвон йўлидаги уриниш, деб қабул қилиш оммалашиб кетмоқда. Қаердаки, рақам кетидан қувилар экан, у ўз-ўзидан сифатга жиддий салбий таъсир этади. 

Зоҳида Муқимова, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти таянч докторанти: 

– Она тил ҳар бир инсон учун муқаддас тушунча. Буни бошқа соҳа вакилларидан кўра, тилшунослар яхши билади. 

Инсоннинг ички дунёси, оламни идрок қилиши, тафаккур тарзи ва камолотини белгилайдиган восита бу – тил. Зеро, у дунёни билиш, англаш воситасидир. Кейинги вақтларда тилга шунчаки "алоқа воситаси" деб қараш кучайиб, у кўча қоидаларидан фарқ қилмай қолди. Бугунги кун тилшунос олимлари, аввало, ўзи бир-бири билан келишиб олиши керакдек, назаримда. Тил қоидалари масаласида хато қилаётган фарзандларимизда айб йўқ. Бу мутахассисларнинг хатти-ҳаракати, тил борасидаги хатолари эвазига келаётган жараён. Нега, дейсизми? 

Луғатшунос олим Владимир Далнинг отаси шотланд, онаси олмон бўлган. У: "Одамнинг қайси миллатга мансублигини белгилашда унинг насл-насаби, қони, қаерда яшагани, қариндош-уруғи ҳеч қандай роль ўйнамайди. Буни фақат қайси тилда тафаккур қилиши, қайси тилда ўйлаши белгилаб беради. Мен русча тафаккур қиламан, демак мен русман", – дейди. Аслида, унинг рус миллатига ҳеч қандай алоқаси йўқ. 

Биз ўзбек тилида ўйлаймиз, фикрлаймиз, сўзлаймиз, лекин унга ҳар хил ўзгартириш киритавериб, хатоларга кўмиб ташладик. Янги ўзбек ёзувига (лотин алифбоси) ўтганимизга қанча бўлди? Ҳали-ҳануз ҳарфларнинг қўлланилиши, сўзлар шаклида бир тўхтамга кела олганимиз йўқ. 

Ўзбек тили ва ўзбек халқининг ягона ватани бўлмиш Ўзбекистонда расмий ишлар узоқ йиллар ўзбек тилида эмас, ажнабий тилда олиб борилди. Такрор айтаман, ҳозиргача шундай. Агар ҳужжатлар ўша давлат тилида юритилмас экан, қилча қувватга эга эмас. Бу йиллар давомида йиғилган муаммолар. Бунинг ўз вақтида бартараф этилмагани, бир босқич авлодларимизни саводсиз қилиб бўлди. Бу жараён тартибга солинмас экан, тилимизни йўқотиш баробарида миллатнинг бутун авлоди саводсизлигига сабабчи бўлиш мумкин. 

Ўзбек тилининг тараққиёти учун саъй-ҳаракатлар бошланди. Охирги улкан ва тарихий тадбирлардан бири Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил қилинишидир. Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Бу ерда ўқийдиган талабалар умумтаълим мактабларида тил қоидаларини ўрганиб келаётган ёшлар. Демак, уларда ҳам биз айтаётган камчиликлар бисёр. 

Ўзбек филологияси факультетида ўзбек тили ва адабиётини илмий тарафдан ўрганадиган кадрлар етиштириш мақсад қилиб қўйилган. Ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш факультетида эса олий ва ўрта махсус таълим тизимида ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таълим берадиган педагоглар етиштириш асосий вазифалардан бири сифатида тилга олинган. Эътибор беринг, мақсадлар улкан. Фарзандларимиз она тилимизни тадқиқ қилиши ҳақида гап кетаяпти. Аммо эътиборли жиҳати, улар “sentabr” ва “sentyabr”, “sivilizasiya” ёки “sivilizatsiya” сўзларининг ёзилишини аниқ билмай таълим олган ёшлар. Манбаларда икки ёки ундан кўп шаклда қўлланилган бу каби сўзларни ўрганаётганида иккиланиб улғайган авлод. Уларнинг зиммасида жуда катта масъулият турибди. Улар, аввало, ўзи тўғри йўлни топиб олиши, сўнг она тилимизни юксалтириш учун тадқиқотлар олиб бориши мумкин. Ўзбек-инглиз таржима факультетида ўзбек адабиёти намуналарини ўзбек тилидан инглиз тилига, инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қиладиган таржимонлар тайёрлаш кўзда тутилган. Тартибга солинмаган бу жараёнда ҳам шу гап. 

Умидимиз, мазкур университет ҳузурида ташкил этилган Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институтидан. Зора, тил борасидаги тушунмовчиликлар барҳам топса-ю, ўз она тилимизни мукаммал билган авлод улғайса! Шунда тилга эътиборсизлик масаласи барҳам топган бўларди. Айни вақтда икки хил ёзилиб келаётган сўзлар юзасидан тавсиялар кўриб чиқилмоқда. Аммо бу қанча вақт олади? Аллақачон ечим топиши керак бўлган масала ҳалигача муҳокамада. 

Муқаддас Абдураҳмонова, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси кафедраси мудири: 

– Афсуски, ўз она тилимизни “Ўзбек тилига давлат тили” мақоми берилган кундагина эслаймиз, холос. Байрам арафасида бонг урамиз. Бу борада хато қилаётганимизни айтамиз. Бошқа пайтда ҳаммамиз бунга бефарқ бўламиз. Ўзбекистондаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлган ЎзМУда “Ўзбек филологияси” кафедраси йўқ эди. Мана шу ўқув йилида ташкил этилди. Бу жуда кўп саъй-ҳаракат талаб этганини айтишим жоиз. Ўйлайманки, ўз она тилимизга қайси йўналишдаги олий таълим муассасаси бўлса ҳам эътибор қаратмас экан, бу борада камчиликлар чиқаверади. 

Хорижий тилни ўрганиш бугунги давр зарурати. Лекин ўзбек тилининг “ўлиши” ҳисобига эмас. Зеро, Гёте айтганидек, “Ўз тилингни билмагунча, ўзга тилни ўргана олмайсан.” 

Аёлга эътиборсизлик уни қаритади, деймиз. Жуда тўғри. Мен шу ўринда беихтиёр она тилни ҳам аёлга ўхшатгим келди. Унга бефарқлик, ҳурматсизлик уни ўлдиради. 

Она тилимиз қонун ҳимоясида. Аммо уни бузгани учун ҳеч кимга ҳеч қандай чора кўрилмайди. Кўплаб ташкилотларда тил қоидаларига амал қилинмайди. Бошқа тилларда номланаётган ресторан ва кафеларни кўриб, ҳатто маъносини ҳам билмаймиз. Бунга аҳамият бермаймиз. Энг ёмони, бефарқмиз. Тилимизга, илмий, бадиий меросимизга, тарихимизга эътиборсизлик ошиб кетмоқда. Афишалар, рекламалар бошқа тилда ёзилган. Ёлғон бўлмасин, ўзбек тилида ёзилганлари ҳам бор. Аммо ғиж-ғиж хато. Эътироз билдирилса, компьютерда ёзилган, шунинг учун хатоликлар бор, дейишади. Ахир, техникани ҳам инсон бошқаради-ку! 

Тил – миллатни бирлаштирувчи руҳ, деймиз. Қани, бунинг исботи? Кейинги вақтларда сўзни ўз ўрнида ишлатмаслик авж олиб кетди. Айниқса, интернет тармоқларида. Барака топгур, озгина эътиборли бўлсанг-чи, ҳозирги ёшлар асосан шу матоҳдан фойдаланади, демак, уларнинг маълум маънода саводсиз бўлишида сенинг ҳам ҳиссанг бор, деб ҳайқиргинг келади. Тил – миллий ғурур. Ўз ғуруримизни масъулиятсизликка алмаштириб қўймайлик. Шахсий жавобгарлик деган тушунчани ҳар биримиз ўзимизда ҳис қилишимиз шарт. 

Шу ўринда бир мулоҳаза. Юртимизда вазирликлар, ташкилотлар идораларда иш юритишда тилга беписанд муносабатда бўлишга кўникиб қолганмиз. Сўзларнинг хато ёзилиши, жумлаларнинг нотўғри тузилиши оддий ҳолдек. Баъзи ҳужжатларда шундай жумлалар учрайдики, охирини ўқигунча, боши эсдан чиқиб кетади. Суд ишига оид ҳужжатларни, ҳукмга оид қарорларни ўқиганмисиз? Агар ўқиган бўлсангиз, нимадир тушунганмисиз? Қарорнинг кўп қисми нуқтасиз, гап якунланмасдан ёзилиб кетаверади. Такрор ўқимасангиз, тушунмайсиз. Гап тузилиши ва имло хатолар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. 

Пойтахтимизда бугун улкан қурилиш-бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари қизғин бормоқда. Бу зўр! Аммо ана шундай жойларнинг бирида Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан тайёрланган огоҳлантириш ёзувида қуйидагича ёзилган: (қандай бўлса шундайлигича) “Shahrimizda obodonlashtirish ishlari olib borilmoqda. Noqulayliklar uchun uzur so'raymiz!”. Ҳозирча "узр" сўзининг ёзилишини ҳеч ким ўзгартиргани йўқ-ку!? Ё ҳокимиятдагиларга мумкинмикан? Наҳотки тўғри ёзиш шунчалар қийин бўлса?! 

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг мадҳиясидаги “Holislik” сўзи эътиборимизни тортди. Келгусида журналистика соҳасининг етук мутахассислари тайёрланиши режалаштирилаётган олий ўқув юрти масъулларининг илк қадамдаёқ бундай хатога йўл қўйиши қай даражада тўғри? 

Дўконлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, ошхоналар пештоқидаги "ранг-баранг", турли тиллардаги дидсизлик, саводсизлик намуналари, корхоналар, фирмалар, ташкилотларнинг мантиқсиз номлар билан аталиши, ОАВда (айниқса, телевидение), киноларда шевага хос сўзлар такрор-такрор қўлланавериши каби дилни сиёҳ қиладиган масалалар ҳам бор. 

Бир куни қўшним чиқиб, сизга айтадиган муҳим гапим бор, деди ҳовлиқиб. Унинг айтганларини сўзма-сўз келтираман: 

“Қизим мактабга бормайман, дейди. Сабабини сўрасам, устозим хато ёзаяпсан, деб паст баҳо қўяди. Мен кўрганимни ёздим, деса “сен айтганимни қил, кўрганингни эмас”, дер экан. Аммо бола-да, унга буни тушунтириб бўлармиди. Бозорда, кўча-кўйда, афишаларда “харид” сўзини “ҳарид”, “маҳсулот”, “махсулот”, “хуш келибсиз”, “ҳуш келибсиз”, “шохобча” “шаҳобча” тарзида ёзилганини у кўрган, ўқиган-да. Янги ўзбек алифбосида бўладими, кирилл ёзувида бўладими, бу сўзлар хато ёзилаяпти. Ҳатто дарсликларда ҳам бу хатолар бор. Бу боламга салбий таъсир қилаяпти. Нега сиз, журналистлар бу ҳақда ёзмайсизлар?”. 

Бу ҳақда ёзмаган журналист қолмади, шекилли. Билган ҳам, билмаган ҳам ёзаяпти. Лекин, натижа йўқ. 

Бундан икки йил олдин шифохонада “ёнғин учун маъсул....” деган ёзув илиб қўйилган хонада даволангандим. “Масъул” сўзи “маъсул” шаклида ёзилган экан. Шу ёзув хато эканини шифокору ҳамширага айтавериб, чарчадим. Бемор ҳолимда қайта-қайта шу сўзларни ўқиганимда руҳиятим толиқди. Уни олиб ташлашларини илтимос қилдим. Ўзгартиринглар, дедим. Эътибор ҳам қилишмади. Ахири ўша ёзувни ўзим олиб ташладиму, қутулдим. 

Аслида, онгимиз кўз орқали кўрган нарсасига кўпроқ эътибор қаратади, эслаб қолади. Бугун саводсизликда айблаётган ёшларимизни ўзбек тилига эътибор қаратаяпмиз, деб чала ишланган лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш натижасида шу кўйга солмадикми? Бу тилшунос олимларнинг ўзи қай тартиб, шаклда ёзилишини келиша олмаётган сўзларни ўргатишдан бошланмадими? 

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганига 29 йил, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига эса 25 йил бўлди. Аммо ҳануз ўзбек адабий тили имло қоидаларига амал қилиш эътибордан четда қолиб келмоқда. 

Давлат рамзлари қаторида турувчи она тилимиз ўз ўрнини топиши, қадр-қиммати юксалиши учун ҳар биримиз масъулмиз. Шундай экан, тил ҳақидаги қонунга риоя этайлик, унга муносабатимизни ўзгартирайлик. Дунё сиёсий харитасида "ЎЗБЕКИСТОН" деган давлат битта бўлгани каби, ўзбек тилининг ВАТАНИ ҳам битта! Бинобарин, уни асраш, бойитиш, келгуси авлодларга безавол етказиш сизу бизнинг зиммамизда. 



Барно Мелиқулова, ЎзА
10 630