ЎзА Ўзбек

25.08.2018 11:32 Чоп этиш версияси

Қайси даражадаги овозлар инсон ҳаёти учун хавфли?

Қайси даражадаги овозлар инсон ҳаёти учун хавфли?
Эътибор қилганмисиз, хона ичида овозни ютадиган гилам ёки шу каби бошқа махсус қопламалар бўлмаса товуш бўш деворга ўрилиб акс-садоли бўлиб қайтади. Ёки кимлардир баланд овозда айтган гапингизни эшитмай қолади. Яна биров эса пичирлаб, сўзлашганингизда ўзига тегишли фикрни тинглай олади.

Бунинг сири нимада? Аслида инсон қай даражадаги товушларни тинглай олади ва бундай баландликнинг қайси поғонаси инсон соғлиғи учун зарарли, деган фикрда физикларнинг тадқиқотларини ўргандик.

Олимлар товушни овознинг босим даражаси деб таърифлаб, у децибелда ўлчар экан. Инсон 15 децибелдан юқори бўлган овозни англай олади. Ҳаттоки, уйқуда ҳам атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни айнан товуш орқали қабул қилади.

Келинг, шу ўринда ҳаётда учрайдиган баъзи товушларнинг баландлиги билан танишсак. Ерга тушаётган игна ёки қўл соатининг чиқиллаши баландлиги 10 децибел, инсон пичирлаши 20, паст овозда гаплаши ёки қўшни хонада таралаётган телевизор баландлиги 40 децибелга тенг экан.

Сокин кўчанинг шовқини, ўртача баландликдаги суҳбат, кир ювиш машинасининг овози 50, инсонлар ўртасидаги одатий суҳбат 60 децибил. Инсон саломатлиги учун хавфли даража 80 децибелдан бошланади. 120 инсон танасига оғриқ беради, 150 кўзлар хиралашади ва 180 децибелга тенг шовқин инсон ҳаётига нуқта қўяди.

Тасаввур ҳосил қилиш учун айтиш мумкинки, темирчилик цехидаги шовқин 100, наушниклардаги шовқин эса 110, серина овози 130, рок концертда тебраниш 140, гўдак қорни очса ёки ёлғизлигини билиб қолганда кам эмас, кўп эмас нақд 110 децибел даражада бақириб йиғлай олади.

Агарда ҳайвонлар оламига эътибор қилсак, африка шерининг ҳайқириғи 87, кўк кит 180 децибелда овоз тарқатади. Жониворларнинг айримлари товушдан “кўриш” мақсадида ҳам фойдаланар экан. Худди шу тарзда кўршапалак кечанинг зулмат қоронғисида қийналмай учиб юради. Илонларнинг қулоқлари йўқ шунинг учун улар ҳаво орқали келувчи товушларни эшита олмайди. Лекин улар ерга қулоқ тутиб паст овозларни ҳам эшитишлари мумкин.

ЎзА
4 693