ЎзА Ўзбек

26.07.2018 00:15 Чоп этиш версияси

Айрим фуқаролар мурожаатларида амалга ошириб бўлмайдиган талаб ва шартлар ҳам қўйилади

Айрим фуқаролар мурожаатларида амалга ошириб бўлмайдиган талаб ва шартлар ҳам қўйилади
Тошкент шаҳри ишчи гуруҳи раҳбари – Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Учтепа туманида янги реконструкциядан чиққан Эко-боғда ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашди.

Вазирлик ахборот хизмати маълумотида қайд этилишича, учрашув аввалида вазир мактабгача таълим муассасасига бориш арафасидаги болалар церебрал фалажлик касаллигига чалинган Нилуфархонга ногиронлик аравасини топширди. Сўнг вояга етган туман ёшлари тантанали равишда ўз паспортларини қабул қилиб олдилар.

Тошкент шаҳридаги жиноятларнинг 30 фоизини ёшлар содир этишмоқда. Ҳозирда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлиб, ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор улар орасида жиноятчилик кўрсаткичини камайишига хизмат қиляпти. Бу сафарги учрашувнинг эътиборли жиҳати шунда бўлдики, тадбирга келганлар орасида аввал судланган, қамоқ жазосини ўтаган ёшлар ҳам бор эди. Судланган ёшларни қийнаётган муаммолар ишсизлик ва уй-жой масаласи бўлиб, улар бир қатор оғриқли саволлар билан мутасаддиларга юзланишди. Таниш-билишларсиз, пул ва мартабасиз бирор мақсадга эришиб бўлмайди, деган тушунча айрим ёшларимизнинг онгу шуурига ўрнашиб қолганлиги, бу ўз навбатида улардаги ташаббускорлик, эртанги кунга ишончни сўндираётганини тушунган ишчи гуруҳ аъзолари уларнинг муаммоларини ечишга ёрдам беришларини, ҳар қандай тўсиқлардан ўтишда уларга елкадош бўлишларини, муаммоларнинг ҳал этилишини шахсий назоратларига олишларини айтишди. Жумладан, арзон уйлар харид қилиш мақсадида кредит олиш йўл-йўриқларини кўрсатилиб, маслаҳатлар берилди.

Ногирон фарзандларига тиббий ёрдам кўрсатиш, маҳалларга канализация ўтказилиши, мерос масаласи, уй-жой рўйхатига қўйиш каби қатор муаммолар бўйича мурожаатлар тегишли идоралар вакиллари томонидан қайд этилиб, тез кунларда ҳал этилиши кутилмоқда. Бу муаммоларнинг тезкорлик бартараф этилиши ишчи гуруҳи томонидан назорат қилиниши таъкидланди.

Шу билан бир қаторда айрим фуқаролар мурожаатларида амалга ошириб бўлмайдиган талаб ва шартлар қўйилаётгани ҳам эътибордан четда қолмади. Масалан, бир аёл турмуш ўртоғига бир ойда 15 кун меҳнат қилиб, 15 кун эса дам оладиган иш топиб беришларини сўраб, икки йилдан бери мурожаат қилаётганини, аммо бундай ишни мутасаддилар топиб беришмаётганидан шикоят қилди. Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан таклиф қилинаётган ишларга аксарият ёшлар розилик бермаётгани ҳам алоҳида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ҳали тажрибаси йўқ мутахассисга катта маош берилмаслиги, яхши маошга тажриба ва меҳнат орқали эришилиши лозимлиги ёшларга тушунтирилди.

Тадбир якунига етгач, ўз дардини омма олдида айтишга ийманган, хижолат бўлган ёшлар вазирга тўғридан-тўғри мурожаат қилишди. Суҳбат давомида қамоқ жазосини ўтаб келган аёл болалари ва уй-жой билан боғлиқ муаммоларини айтган бўлса, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган йигит мевали боғ яратиш режаси ҳақида ўртоқлашди.


ЎзА
7 641