Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 10:42 Чоп этиш версияси

"Қайнонам ўргатган бола парвариши боламдан айирди"

"Қайнонам ўргатган бола парвариши боламдан айирди"

Бекат. Анчадан буён автобус кутяпман. Ўзимни чалғитиб, атрофни кузата бошладим. Бекатда мен ва либоси одми бўлса-да, ўзига жуда ярашган аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ. 

У шу қадар хаёлга чўмганки, бошидан қуёш тушаётганини ҳам сезмаётгандай эди, назаримда. Эси жойидамасмикан ёки... Йўқса, ақли-ҳуши бор одам сал наридаги сояни кўриб, ўша ёққа ўтган бўларди. Қуёш нурларининг тиғида бундай алпозда ўтирмасди, назаримда. Ёки соғлиғи ёмонлашиб қолдимикан? Секин яқинлашиб, ёрдам беришимни айтдим. У жим. Саволимни баландроқ овозда такрорладим. Аёл уйқудан уйғонгандай, сесканиб, ҳайрон бўлиб қаради.

Танишиб, суҳбатлашдик. Эрталаб қайнонаси сабаб уйда жанжал бўлиб, эри жавобини бермоқчи бўлгани, агар шундай бўлса, қуда-андалари, фарзандлари, дўст-душманлари олдида бош кўтариб юролмаслигини айтди. У қайнонасини айбламади. Фақат ҳаётида юз берган, аммо ҳануз жавобини тополмаган баъзи воқеалар ҳақида сўзлади.

Бундан 33 йил аввал 17 ёшимда турмушга чиқдим. Отам қаттиққўл эди. Розилик ҳам сўрагани йўқ. Совчи қўйиб юрган қариндошимизга узатиб юборди. Талаба бўлганим учун бир ой турар-турмас, Тошкентга келдик. Ҳомиладорлик давримда шифокор кўригига боришим, кўнглим истаган нарсаларни ейишим кераклиги ҳақида ҳеч ким айтмаган. Ота-онам узоқда. Курсдошларим билан энди танишяпмиз. Маслаҳат берувчи йўқ. 

Ўзимнинг ҳам ақлим етмаган экан. Ёш бўлганман-да. Биринчи босқични битириб, уйга қайтаётганимда, ҳомила саккиз ойлик бўлганди. Келин қайнонанинг кўнглидан чиқиши керак, ҳамма ишни эплаш керак, деб онам уқдиргани учун ўзимни аямасдан ҳамма ишни қилишга ҳаракат қилардим. Қайнотам қорамолчилик билан шуғулланарди. 15 та қорамолни кунига уч маҳал суғориш учун уйимиз ёнидаги ариқдан катта челакда сув ташийман. Эрталаб, кечқурун шу челакларда ҳовлига сув сепиб, супураман. Қайнонам мақтайди. Мен хурсанд.

Тўғриси, бу ишлар қишлоқ қизларининг доимий қиладиган юмушлари. Лекин шаҳарда яшаб, заифлашган, ҳомиладор, бунинг устига, камқон аёлнинг иши эмаслигини бир ҳафтадан кейин билиб олдим.

Ўғлим муддатидан олдин туғилди. Шифокорлар оғир кўтариш туфайли шундай бўлганини айтишди. Барвақтроқ туғилган бўлса-да бола тетик, зийрак эди. Бир ҳафтада уйга рухсат беришди.

Қайнонам менга бола парваришини ўргата бошлади. Энг аввало, уни чиниқтириш керак экан. Бунинг учун кечқурун ва тонг саҳарда эшик, деразаларни очиб, болани яланғоч қилиб қўямиз. Ёзнинг тонгида тоғли қишлоқларда этни жунжиктирадиган шабада эсади. Боланинг териси нафас олишига шу керак эмиш...

Шу усулда тарбияланаётган бола 20 кунлар ўтиб, йўталиб, иситма чиқарди. Онам шифокорга олиб борайлик, деганда қайнонам “вой, бу нима деганингиз, бутун қишлоқнинг боласини ўзим катта қилганман-а, ҳеч нарса қилмайди, бола шундай қилиб катта бўлади”, деб жаҳл қилди. Ҳа, қайнонам ҳамшира эди. Онам қудасининг юзидан ўтолмади.

Шу тариқа уч кун ўтиб, боламни тупроққа қўйдик. Ҳеч нарсани тушунмай, довдираганча қолавердим.

Қайнонам ҳукм чиқарди: "Битта болани эплаб туғиб, қарай олмаган келиннинг пешонасида ойи бўлса ҳам керак эмас. Ажрашади!"

Бу вақтда Тошкентда ишлайдиган турмуш ўртоғим қишлоққа келишга вақт тополмаётган эди. 

“Отасининг уйига жўнатиб юбор!”

Бир ой ўтиб, турмуш ўртоғим ўқишимни давом эттиришим учун Тошкентга олиб келди.

Вақт ўтиб, яна ҳомиладор бўлдим. Турмуш ўртоғим, бу сафар қишлоққа бормаслигимни айтиб, таниш шифокор қидира бошлади. Эгизак қизлар бағримизни тўлдирди.
Талабаман? Болалар билан қийналиб қолдим. Ўқишдан таътил олсам-да иккита болани эплай олмаётгандим. Қарашиш учун жиянимни чақирдик. Буни эшитган қайнонамнинг жаҳли чиқиб, ота-онамга роса жанжал қилибди.

Қайнонам келди. Вазифам баттар мушкуллашди. Келин, она, рафиқа эдим. Болалар қолиб, қайнонамнинг кўнглини топиш билан овора бўлиб қолдим. Овқат сал кечикса ҳам, болалар йиғлаб қолса ҳам мен айбдор.

Бир куни Фотиманинг иссиғи чиқди. Икки ойлик чақалоқлар тинмай чинқиради. Тили йўқ айтгани, сабабини тополмайман. “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилмоқчи бўлсам, қайнонам: “кераги йўқ, ўзим қарайман”, деб жаҳл қилди. Боланинг тинимсиз йиғисини эшитиб, безовта бўлган ён қўшнимиз келиб қолди. У шифокор чақирди. Боланинг қорни тўймаяпти, деб қайнонам берган думба ёғи гўдакнинг ошқозонига зўрлик қилган экан. Дорилар ёзиб беришди. Турмуш ўртоғим ишдан келиши билан қайнонам: “Хотининг мени ҳурмат қилмайди, мен қолиб, қўшнининг гапига кириб, доктор чақирди. Бир ўзинг ишласанг, шунча дорига пул қани? Бундай келин билан бир кун ҳам яшатмайман, ҳозироқ отасини уйига жўнатиб юбор”, дея йиғи-сиғини бошлаб юборди.

У вақтлар бир хонали ижара уйда яшаймиз. Мен ошхонада, уларнинг овозини эшитиб турардим. Қайнонам икки кун қовоғини очмади. Шу араз билан қишлоққа кетди.

“Қорамолларни сотиб, болаларга уй олайлик”

Турмуш ўртоғимнинг маоши тўрт кишини боқишга зўрға етарди. Шунинг учун шароити яхши бўлмаса-да, арзонроқ ижара уй топишга ҳаракат қилардик. Кузнинг бошида Чорсу тарафдаги маҳалладан арзон нархда уй топдик. Кун совий бошлаган, бу уйларда иситиш тизими йўқ экан. Болалар шамоллаб қолмасин, деб эҳтиётлаб, ўраб-чирмайман. Бошқа уй топишнинг ўзи бўлмайди, буни ҳам зўрға топганмиз.

Шундай кунларда отам иш юзасидан шаҳарга йўли тушиб, бизни кўришга келдилар. Бир соат ҳам ўтирмай, чиқиб кетдилар. Кейин келиб, танишларидан бирининг кўп қаватли уйи борлигини, ҳозироқ у ерга кўчиб ўтишимизни айтиб, қўлимизга калит тутқазганларида кўзимга ёш келди.

Иссиқ, икки хонали уй биз учун жаннатнинг бир бўлаги эди. Баҳорга чиқиб, отам ва қайнотам ўртасида жанжал чиққани ҳақида хабар келди. “Қорамолларнинг бир қисмини сотсангиз, мен ҳам пул қўшаман, фарзандларимизга шаҳардан уй олиб берайлик, улар ижарада юриб қийналиб кетди”, деган сўзлари бунга баҳона бўлган экан.

Отам Тошкентга тез-тез келардилар. Ҳар сафар машина юкхонаси озиқ-овқатга тўла бўларди. Болалар бир ёшдан ошганда отам бор йиққан-терганини йиғиб, бизга икки хонали уй олиб берди.

“Пичоқни ким ўғирлади?”

Орадан йиллар ўтди. Анча ўзимизни тиклаб олдик. Эгизаклар катта бўлди. Ўғилли ҳам бўлдик. Ўқишимни битириб, ишга жойлашдим. Уйимиз бор. Қишлоқда ўғлимизни суннат тўйини ўтказдик. Қайнотам ва икки ўғли тўйга сарфланадиган гўшт яъни битта қорамол ва қўйни беришди.

Бу вақтда турмуш ўртоғим шаҳардаги нуфузли идоралардан бирида ишлар, қишлоқда ҳам ўзига яраша обру-эътиборга эга эди. У вақтларда туман ҳокимлари ҳаммага ҳам кўринавермаганидан, уларнинг тўйдаги иштироки анча шов-шув бўлди. Бизнинг тўйимизга ҳоким келди.

Тўй ўтгач, икки кундан кейин шаҳарга қайтадиган бўлдик. Қайнонам тўйда яхшигина тўёна тушганини мақтаниб, “сизлар ҳар бир кишининг тўйига кела олмайсизлар, биз шу ердамиз, рўйхатдаги одамлар тўй қилганда, ўзимиз ҳадя берамиз”, деб бизга бир сўм ҳам бермаслигини айтди. Энг қизиғи, тўйда бир нечта идиш-товоқ ва пичоқ йўқолган экан. Қайнонам уларни мен отамга олиб бориб берганимни айтиб, ўғрига чиқарди. Бундай туҳматдан довдираб қолдим. Турмуш ўртоғинг ва қайнота-қайнонанинг кўнглини топай, деб бундай сўзларни эшитсанг... ҳеч нарсага тегмаганимни, айтгандим, ўғирлик қилгани етмагандай, менга гап қайтаришни ҳам ўрганибдими, жавобини бериб юбор, кўча тўла хотин, деб ўғлига дўқ қилди.

Турмуш ўртоғим диёнатли инсон. Бу гаплардан қаттиқ хафа бўлиб, мени ҳимоя қилди. Шу тариқа тўйда барча пулимизни сарфлаб, ҳақорат эшитиб, поездга билет олиш учун отамдан пул сўрадим. Тошкентга қайтдик.

“Ўғлимнинг уйига ҳеч ким келмасин!”

Аслида арзимасдек кўринадиган, бироқ юракка тошдек қадаладиган бундай воқеалар жуда кўп бўлди. Барига чидадим. Энг муҳими, турмуш ўртоғим меҳрибон бўлса, ҳар замонада қайнонанинг бир-икки сўзига хўп десам, ҳеч нарса қилмайди, деган фикрда яшаб юрдим.

Қишлоққа ҳар борганимда, энг яхши нарсаларни қайнонамга атаб олиб бораман. Пул ҳам бераман, бирор заруратга ишлатасиз, деб. Шу тариқа ёшимизга ёш қўшилиб, қайнонам 85га кирди. Мен ҳам қизларни узатдим. Энди келин олиш арафасидаман. Шаҳарда шароит анча қулай, деб қайнонамни қишда олиб келган эдик. Қарийб етти ойдан буён бирга яшаймиз. Кексалиги ҳурмати кайфиятига қарайман, кўнгли тусаган нарсаларни олиб келаман. Эрталаб ишга кетгунча айтган таомини тайёрлаб кетаман. Хуллас, ҳаммаси яхшидай, бахтли оила бўлиб яшаётгандик.

Май ойида отамнинг тоби қочгани учун шифокорга кўриниш учун келиб, уйимизда бир ҳафта турдилар. Кейин опам баъзи ишларини ҳал қилиш учун Тошкентга келди. Ҳа-я, отам олиб берган уй бизда қолган. Кейинчалик уни сотиб, ўзимиз пул қўшиб, катта ҳовли олганмиз.

Синглимнинг боласи бетоб бўлиб, кўрикка борса, номи қўрқинчлироқ, оғир касалликлардан бирининг ташхисини қўйиб, Тошкентда яна бир текширтириб, аниқ қарорга келиш учун йўлланма беришган экан. Икки кун аввал у боласини олиб келди. Кеча ишдан келсам, йиғлаб ўтирибди. Қайнонам: “биринг келиб, биринг кетиб тинмас экансанлар. Ҳадеганда Тошкентда нима бор? Ўзи бу уйда ким уйланган, ўғлимми ёки сени опангми? Ўғлим омон бўлсин, шундай келавериб, тинчлик бермасанглар, ажраштираман, каби сўзларни айтиб, болани ҳам турткилаётган экан.

Яширмайман, жаҳлим чиқди. Тўғриси, мен энди ўттиз йил олдинги, содда, довдир, йиғлоқи келин эмасман. Гапиришни, ўз фикримни айтишни биламан. Энди ёш ҳам эмасман, элликка кирдим. Набираларим бор. Шундай бўлса-да "тонг кечқурундан ақллироқ" деган хаёлда индамадим.

Синглим тонг ёришмасдан, бир пиёла чой ҳам ичмай, боланинг қон таҳлилини текширтириб, қишлоққа кетишини айтиб, уйдан чиқиб кетди. Жуда алам қилди. Нонушта маҳал қайнонамга: “бирор нарсадан норози бўлсангиз, ўзимга айтинг, нега синглимга гапириб юрибсиз? Ўзининг дарди ўзига етарли, бу ерга ҳавасга, ўйнаб-кулишга келгани йўқ-ку?” деганим катта жанжалга сабаб бўлди. Йиллар давомида асабларим анча бўшашиб қолган эканми, билмайман бу сафар мен ҳам битта гапдан қолмадим.

Турмуш ўртоғим онасига ҳам менга ҳам танбеҳ берди. Лекин унинг “кекса онамга нега гап қайтардинг, индамай турсанг, ўлармидинг, эшак?! Она талоғини берайми?” деган сўзлари жуда оғир ботди. Сабр косам чил-чил бўлди... Йиғлаб, юрагимдаги бор аламларимни айтдим. Уйда ўтира олмадим. Нафасим қисди. Гаплашсангиз, енгил тортадиган дугонангиз йўқми, дерсиз, атрофимда яқинларим, дугоналарим жуда кўп. Лекин шунча йиллар ҳеч кимга дард-ҳасрат қилмадим. Оиладаги гапни кўчага олиб чиқишга ор қилдим. Юрагим йиғласа-да, ҳамиша ўзгаларга табассум билан боқдим. Энди дугоналаримга қайнонамдан, эримдан шикоят қилиш мен учун ўлим билан баробар...

Қайнонам нега доим ажралиш ҳақида гапиради? Шуни тушунмайман, билганим, қайнонам ўзининг қайнонаси билан чиқишмай, эрини қўшни туманга кўчишга мажбур қилган. Яқинларидан айирган. Шу-шу қайнотамнинг ҳеч бир қариндоши меҳмонга келмаган. Турмуш ўртоғим “фақат шу қизга уйланаман”, деб туриб олгани учун мени келин қилган, уйдагилар ўтмишдаги гаплар ўтмишда қолсин, қариндошлар узилишиб, бегона бўлиб кетмайлик, деган мақсадда беришган. Мен қайнотамнинг узоқроқ қариндошининг қизиман, балки, шу учун...

Онам сабрли аёл. Ҳар сафар уйга борганимда “ҳар замонада бир келасан, биламан, шаҳарда эркин яшашга ўрганиб қолгансан, шундай бўлса-да, қишлоққа келганингда қайнонангнинг кўнглига қара, “қайнонали келин – қарқара келин”, қайнонанг танбеҳ берса, демак камчилигинг бор, тезда тузатишга ҳаракат қил. Оилада тинч яшай десанг, сабрли бўл", деб айтган насиҳатлари туфайли бўлса керак, жанжал бўлганда ҳар сафар тилимни тишлаб, йиғлаб ўтираверганман.

Бутун ҳаёт йўлимни, ўтмишдаги ана шундай воқеаларни ўйлаб, пиёда қанча юрганимни билмайман. Ўзимга келсам, уйимиздан анча олислаб кетганимдан, оёқларим зирқираб оғриётган экан. Ўриндиқни кўриб, бироз дам олиш учун ўтиргандим... яна хаёлим ўтмишга кетибди-да қизим!

Гап-сўзидан, ўзини тутишидан феъли юмшоқлиги сезилиб турган, истарали бу аёлга қараб, таскин беришга сўз тополмадим. Қайнона-келин ўртасида ажрим чиқаришга ҳам ҳақли эмасман. Бу масаланинг моҳиятини қанча-қанча донишмандлар ечолмаганда, мен нима ҳам дердим? Фақат англаганим, халқ орасида “қайнона қайнамаса, келин айнимайди” деган нақл бежизга пайдо бўлмаганини англадим. Ким нима деса, десин...

Сайёра Шоева, ЎзА