Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.08.2017 14:45 Чоп этиш версияси

Қайнона оқила, адолатли бўлиши керак

Қайнона оқила, адолатли бўлиши керак Наманганда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Партия вилоят кенгаши, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туманлардан сараланган 12 иштирокчи оила ва маҳаллада топган обрў-эътибори, меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари ва уларнинг омиллари, ижтимоий-сиёсий билими ва маънавий-маърифий дунёқарашини намойиш этди.

Биринчи ўрин ва мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини Чортоқ тумани вакили Ҳамрохон Эминохунова қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларни тўрақўрғонлик Мавлуда Розиқова, Наманган туманидан Башорат Ҳайитбоева эгаллади.

80 ёшни қоралаган Ҳамро буви ҳаётини етти ўғил-қизни тарбиялашга бағишлаган ибратли оила бекаси, беш келин, икки куёвнинг меҳрини, ҳурматини қозонган қайнона.

– Қайнона бир вақтлар ўзи ҳам ёш келин бўлганини, келин эса бир кун келиб қайнона бўлишини унутмаслиги керак, – дейди Ҳамро буви. – Эркак оиланинг устуни, улар бизга фаровон турмуш учун шароит яратади. Аёллар, айниқса, қайноналар хонадондаги маънавий муҳитга, айниқса, ёш оилаларнинг мустаҳкамлиги, аҳиллигига масъулдир. Шунинг учун кўп нарса уларнинг оқилалиги ва ишнинг кўзини билишига, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатли бўлишига боғлиқ. 

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
2 196






Все о погоде - Pogoda.uz